Жаҳон | 21:47 / 02.11.2022
29290
9 дақиқада ўқилади

«Халқ айбдорми? Албатта» — Олег Тинков уруш, рус бизнесменлари ва Ғарбнинг хатти-ҳаракатлари ҳақида

Фото: Русские норм! Телеграм-канали

Россиянинг Украинага қарши урушига очиқчасига қарши чиққан, оқибатда Россия фуқаролигидан ҳам воз кечган россиялик бизнесмен Олег Тинков журналист Елизавета Осетинскаяга интервю берди. У РФ президенти администрацияси «Тинкофф» банкини сотишга қандай мажбурлагани, уруш ҳақида рус амалдорлари қандай фикрда экани, Россияда хусусий бизнеснинг яқин истиқболи ҳақида гапирди.

Бизнесмен банкидан қандай ажраб қолди, «Тинкофф» брендига энди нима бўлади?

Станислав Близнюкнинг менга айтиб беришича, унга РФ президенти администрациясидан қўнғироқ қилиб, банк номини ўзгартириш ва акцияларнинг назорат пакетини сотишни талаб қилишган — мен урушга қарши ҳақида гапирганим учун. Агар мен банкни сотмайдиган бўлсам улар вақтинчалик бошқарув жорий этиш билан таҳдид қилишган. Агар омонатчиларга хавф туғилса Марказий банк шундай ваколатга эга. Масалан, мен [урушга қарши] баёнот билан чиқиш қилдим, одамлар мени ёқтирмай қолишди, карталарни қайчилай бошлашди, шундай воқеалар ҳам бўлди-да, бўлаётган ишлар оқибатида депозитларнинг чиқиши рўй бермоқда дея, улар бошқарувни жорий қилишарди.

Мени ўз менежментим ҳам қўрқита бошлади, зудлик билан сотиш керак, акс ҳолда Марказий банк фактлар бўйича банкни санацияга олиб қўйишади, деб. Улар мени лақиллатишди, бу ерда ҳеч ким сени кўрмоқчи эмас, дея эртаклар сўйлашган. Лекин банкни сотганимдан сўнг қарасам, ҳеч ким номни ўзгартиришни хоҳламаяпти. Нега ўзгартирмаяпсизлар? Президент администрациясининг ўзи талаб қилди девдиларинг-ку?

Энди ўз номимни чақириб олмоқчиман. Номим Россияда бўлишини истамайман. Мен у ердан кетдим ва бу мамлакат билан боғлаб турувчи бирор нарса бўлишини хоҳламайман. Жумладан, ўз номимдан фойдаланишга ҳам йўл қўйиб бермайман. Бренд «молия» синфи бўйича аллақачон банкка тегишли эди. Мен банкни сотдим. Лекин қолган барча тоифалар менга тегишли. Ҳозир биз бу нарсани юридик томондан қандай синдиришни қараб чиқяпмиз, чунки бу барибир бошқа тоифалар бўйича менинг брендим, менинг исмим.

Ҳюз ва Близнюк вазиятдан фойдаланиб, банкка эгалик қилиш учун мени чув туширишди, деган фикрлар ҳам бор. Лекин банкни мен уларга сотмадим, Потанинга сотдим. Улар нимадандир хафа бўла бошлашди. Кепак пулига бермайман-ку? Худди анқовларга нимадир сотаётгандек? Уларда бунақа пул йўқ. Набиуллина ҳам қарши бўлган, бунақа битимни тасдиқлаш қийин бўлади, деб. Чунки банкнинг эгаси ким бўлиши у ерда жуда муҳим.

Урушда рус халқи айбдорми ва нега ғоя учун ўлишга тайёр?

Уруш учун масъулият тўлиқ Путиннинг зиммасида. Путинни эса одамлар сайлашган. Мен унга овоз бермаганим аниқ. Мен унга қарши ҳам бўлганман, 2012 йилда Пушкин майдонига намойишга чиққанман. Халқ айбдорми? Албатта, айбдор. Барчамизда империячилик ҳам, фашистчилик ҳам бўлган. Биргина гастербайтерларга Москвадаги муносабатни олинг. Бу вазиятда рус бўлиш уятли бўлмаслиги мумкин эмас. Менинг офисимда мигрантларга худди улар иккинчи навли одамлардек муомала қилинарди. Ҳа, халқ ҳам жавобгар, лекин ҳамма эмас. Менга «куни келиб биз кўприкларни барибир қайта қурамиз, шу сабабли уларнинг барчасини ёқиб юбориш керак эмас», дейдиган Арестовичнинг позицияси кўпроқ ёқади. Барибир бир куни қандайдир соғлом кучлар топилади, уларнинг асосида кўприкларни қайта қурамиз, дўстлашишга ҳаракат қиламиз. Биз дўстлашмасдан тура олмаймиз, ахир биз қўшнимиз-ку. Ҳудуд шунақа. Тилимиз ҳам битта бўлмаса ҳам, яқин.

Америкалик адиб Ричард Пайпснинг «Эски режимдаги Россия» китобида рус ғояси ҳақида яхши гаплар ёзилган, гўё бизда шароит шунақа, рус одамларга доимо пошшо керак. Россия учун ўлишга тайёрмиз, ҳеч ким ўзи учун ўлишни истамайди. Нимадир буюк нарса учун ўлсанг арзийди, оиланг эса ахлат ичра яшайверсин. Хотининг ёш боланг билан алиментсиз ўтириши — нормал ҳолат. Россия учун у ўлиб бермоқчи, лекин ўз фарзанди учун ўлишни истамайди. Қулдорлик 150 йил аввал бекор қилинган бўлса-да, ҳамон пода тафаккури, демократиядан халослик. Икки юз марта такрорланган нарсаларни яна қайтармоқчи эмасман. Буюк аёл Алла Борисовна Пугачёва айтганидек, халқ қарол эди, қулга айлантирилди.

Мулозимлар уруш ҳақида қандай фикрда, бизнесменлар нега жим?

Набиуллина — шубҳасиз, яхши инсон. Греф, Кудрин ва Силуанов сингари. Собянин билан учрашмаганман, кўринишидан у ҳам ОК. Улар ҳозир нима қилаётганини қабул қилиш оғир. Путин ҳаммасини чангалига олган, қўйиб юбормаяпти. Уларга раҳмим келади. Менимча, улар ҳам ичидан портлагудек яшашмоқда. Энди кеч, қочиб қаёққа ҳам боришарди?

Яна, ўйлашимча, Ғарб уларнинг барисини санкция остига қамаб ўта самарасиз ишга қўл урди. Уларнинг барчаси Путинни кўрарга кўзи йўқ, бунга 100 фоиз аминман. Уларнинг барчаси урушни хоҳлашмайди, лекин уларга танлов қолдирилмади-ку? Уларни жаҳоннинг жамики санкцияси остига қамаб, шу стулга янада маҳкамроқ ўрнашишга мажбур қилишди. Айрим инсонларни санкция остидан чиқаришни бошлаш Ғарб томонидан босилган доно ва ақлли қадам бўларди. Бу инсонларга нисбатан қандайдир чиқиш эшиги кўрсатилиши керак. Ҳозир эса, аксинча, улар санкциялар билан бадтар қамал қилинмоқда. Гарчи у ерда 80 фоиз одам Путинни севмайди, табиийки, урушни истамайди. Лекин уларга бошқача йўл қолдирилганми?

Мендан бошқа тадбиркорлардан бирортаси ҳеч нарса демагани мени ҳайрон қолдирди. Бир неча киши «Ҳа, уруш бу ёмон», деди, ундан ортиғини ҳеч ким айтолмади, ҳамма бир вақтнинг ўзида икки стулда ўтираман деб иштонини ҳўллаб қўйди. Улар нақадар қўрқоқ эканлигидан шокдаман. Ҳаммада ўзига яраша сабаб бор. Галицкийнинг қанақадир футбол клуби, ўзига ажратилган томорқаси бор, у ерда нималардир қилади. Мен унга айтдим: «Сергей, футбол клубинг-у, Краснодардаги паркингни кетингга тиқиб қўй. Биз руслармиз, бизнинг одамларимиз юзлаб тинч аҳолини ўлдирмоқда, болалар бомба остида қолиб ўлмоқда, сен нима, аҳмоқмисан?» У эса бунга жавобан: «Сен санкция рўйхатини кўрдингми, у ерга сени ва мени киритишмабди, бу жуда зўр-ку?» дейди.

Мана, Галицкийларинг! Менинг унга бўлган ҳурматим тугаб бўлди. Мен аввал доим ўзим, Галицкий ва Волож учта устунмиз деб ўйлардим. Икковиям бурилиб қочди. Бир ўзим қолиб кетдим.

Урушнинг яқин истиқболлари ҳақида

Йил охиригача чегараларни тўлиқ ёпишса керак. Бу тобора аниқ бўлиб бормоқда. Украинада чегаралар ёпилган, булар қандай қилиб урушсин? Украина ҳозир миллионлик армия билан урушмоқда, Россия эса 200 минг аскарни олдинга ташлаган. Хўп, ҳозир улар кўчадан яна 300 минг йиғиб чиқди, дейлик. 500 минг бўлади. Агар сенинг одамларинг мамлакатдан қочиб кетаётган бўлса, чегараларни ёпиб, урушга яраша одам тўплашинг керак. Улар чегарани ёпмасликдан бошқа иложи йўқ. Ҳарбий ҳолат ҳам эълон қилиб қолишса керак. Бунга ҳам оз-моз тушунса бўлади. Путиннинг стили — гайкаларни секин-аста қотира боради, ҳеч нарсани кескин қилмайди. Худди 22 йил давомида бизни лақиллатгандек. У жуда айёр КГБчи, ҳамма нарсани шошилмай, босқичма-босқич қилишга кўниккан. Афтидан, у 100 йил яшашни мўлжалламоқда.

Россиялик ишбилармонлар нима қилсин?

Россияда қолган ишбилармонлар — бу сўзнинг ўзи кулгили. Булар демак ё ёмон ишбилармонлар, ё улар Россияда бўлмасликлари керак. Улар суришлари керак. Россияда ҳеч қанақа ишбилармонлик бўлмайди. Ҳарбий сафарбарликка йўғрилган иқтисодиёт бўлади. Янги совет иттифоқи бўлади. Шунинг учун у ердан чиқиб кетиш, оиласини ҳам олиб чиқиш ва қаердадир бизнес қилиш керак. Гарчи мен бутун умр Россиянинг ўзида бизнес қилиш керак, деб келган бўлсам-да. Ҳозир бутунлай тескарисини айтаман.

Ишбилармонларга уч маслаҳат. Биринчидан, Россия ўрнида денгизни тасаввур қилинг. Бу менинг ташбеҳим эмас, Каха Бендукидзеники. Россия йўқ, фақат Шимолий муз океани бор. Иккинчи маслаҳат — тил ўрганинг ва ментал интеграциялашинг. Учинчиси — ўзингизга ишонинг, ҳаммаси яхши бўлади. Чунки Россияда барибир таълим сифати яхшироқ, бу сизга Европа ва жаҳонда рақобат устунлигини беради. Фақат, биз рус айтичилари — энг ақллимиз, деб айтмаслик керак. Бу ёлғон, иккинчидан фашизм. Мана шундай гаплардан сўнг урушлар бошланади.

Мавзуга оид