Ўзбекистон | 10:50 / 04.11.2022
3670
2 дақиқада ўқилади

115 млн долларга 17 та талабалар ётоқхонаси қурилади

Самарқандда ўтаётган Халқаро иқтисодий форум доирасида 18 минг ўринли талабалар турар жойларини қуриш бўйича маслаҳат хизмати битими имзоланди.

Қайд этилишича, битим Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Европа тикланиш ва тараққиёт банки ўртасида келишилган бўлиб, лойиҳа қиймати 115 млн долларга тенг.

Ҳужжатни имзолашда Олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари Сарвархон Бузрукхонов, Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги директори Зокир Бозоров ҳамда Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг Барқарор инфратузилма сиёсати ва лойиҳаларни ишлаб чиқиш бўйича директори Месю Жортан-Танк иштирок этган.

Ҳозирча лойиҳани амалга ошириш муддатлари ва ётоқхоналар қаерларда барпо этилиши ҳақидаги маълумотлар эълон қилинганича йўқ.

Эслатиб ўтамиз, шу йил сентябрь ойида АОКАда ўтган матбуот анжуманида олий таълим вазири Абдуқодир Тошқулов Ўзбекистонда ўқиётган 211 минг нафар талабанинг турар жойга эҳтиёжи борлигини, аммо ётоқхоналардаги жами ўринлар сони 91 мингта эканини айтганди.

Шунингдек, вазир 2-3 йилда талабалар турар жойи масаласи билан бошқа масъуллар шуғулланишини, вазирлик эса фақат таълим сифати, дарслик, жаҳон тажрибаси ҳақида қайғуришини маълум қилганди.

Бундан ташқари, вазир ўринбосари Сарвар Бузрукхонов Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан шу йил сўнгига қадар топширилиши керак бўлган 4 минг 400 ўринли 11 та ётоқхона қуриб битказилмаганини, бу тадбиркорлар учун жозибадор бўлмаганини айтганди. Шунинг учун у бу йилда бироз кечикиш бўлишини ҳамда келгуси икки йилда бу ишлар ортиғи билан бажарилишини таъкидлаганди.

Дилшода Шомирзаева
Тайёрлаган Дилшода Шомирзаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид