Ўзбекистон | 12:25 / 05.11.2022
15047
2 дақиқада ўқилади

Тошкент вилоятининг бир мутасаддиси ишдан кетди, яна биттасига ҳайфсан берилди

Зангиота тумани ҳокимининг ўринбосари ўз хоҳиши билан ишдан бўшади, Оҳангарон шаҳри ҳокимининг ўринбосарига эса хизмат вазифасини лозим даражада бажармагани учун ҳайфсан берилди.

Оҳангарон шаҳри ҳокимининг 5 ноябрдаги қарори билан молия иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари Анвар Турдибоевга ҳайфсан интизомий жазоси берилди. Қайд этилишича, у Вазирлар Маҳкамасининг 587 сонли қарори билан зиммасига юклатилган вазифалар ижросини лозим даражада бажармаган.

 E-qaror электрон тизимидан олинган скриншот
E-qaror электрон тизимидан олинган скриншот

Ҳужжатга кўра, Турдибоев асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлар нархлари барқарорлигини таъминлаши ва захирасини яратишда ҳар бир ҳудудларда ички талабдан келиб чиқиб, чора-тадбирлар белгилаши ҳамда унинг ижросини таъминлаши керак бўлган.

Шу билан бирга, Тошкент вилоятининг яна бир мутасаддиси учун ҳоким қарори эълон қилингани маълум бўлди. Унга кўра, Зангиота тумани ҳокимининг қурилиш, коммуникациялар, коммунал хўжалик, экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича ўринбосари Хайрулла Хўжамқулов ўз хоҳиши билан ишдан кетган.

Туман ҳокимининг 3 ноябрдаги қарорига асосан Хўжамқулов билан тузилган меҳнат шартномаси Меҳнат кодексининг 99 моддаси билан бекор қилинган. Унинг худди шу куни ёзиб берган аризаси эса ҳужжатга асос сифатида олинган.

E-qaror электрон тизимидан олинган скриншот

Эслатиб ўтамиз, Хайрулла Хўжамқулов бу лавозимга Зангиота туман ҳокимининг шу йил 10 октябрдаги қарорига мувофиқ 3 ойлик синов муддати тугатилиши муносабати билан тайинланган эди.

E-qaror электрон тизимидан олинган скриншот
E-qaror электрон тизимидан олинган скриншот

Кейинроқ Назарбекдаги кўприк қурилиши ҳанузгача битмаётгани юзасидан вилоят ҳокими Зоир Мирзаевнинг ташрифи чоғида ишдан бўшашини маълум қилганди. Ўшанда ҳудуддаги 3 та хонадон вакилларига кўчадан ўтиб-қайтиши учун йўллар вақтида очиб берилмагани ва бунга бевосита масъул бўлган Хўжамқулов шу муаммони вақтида ҳал қилмагани кўтарилганди.

Бундан ташқари, Зоир Мирзаев ташрифи давомида бунинг учун Зангиота тумани ҳокимига чора кўрилишини айтганди.

Дилшода Шомирзаева
Тайёрлаган Дилшода Шомирзаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид