Ўзбекистон | 11:33 / 08.11.2022
6417
2 дақиқада ўқилади

Уммон Ўзбекистонда сим-карталар ишлаб чиқаришни бошлаши мумкин

Ўзбекистон элчихонасида Уммоннинг Al Mawakab National Trading & Construction LLC (MNT) компанияси бош менежери Сью Юханг билан учрашув ўтказилди, деб хабар бермоқда “Дунё”.

Фото: Dunyo

MNT 2007 йилда ташкил этилган бўлиб, йирик иншоотлар, транспорт-логистика марказлари, сув ва электр станцияларни ишга тушириш каби турли лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда. Компания биноларда замонавий мониторинг тизимларини яратиш, дастурий ахборот-коммуникациялар ишлаб чиқишда илғор тажрибага эга.

Суҳбат давомида Фарғона вилояти инвестицион салоҳияти, хорижий сармоядорлар учун яратилган имкониятлар ҳақида фикр алмашилди. Сью Юханг Фарғона вилоятини республикада аҳоли сони бўйича етакчи ҳудудлардан бири эканини инобатга олган ҳолда, мазкур ҳудудда ахборот технологияларини ривожлантириш учун қулай шароит мавжудлигини таъкидлади. Вилоятдаги ўрта таълим муассасаларида замонавий ўқитиш тизимини жорий этиш ва рақамли технологиялар марказларини яратиш бўйича қиймати 3 миллион АҚШ доллари бўлган лойиҳа тақдимоти билан таништирди.

Компания менежери мазкур лойиҳа муваффақиятли амалга оширилган ҳолда келгусида кенг имкониятларга эга сим-карталар ишлаб чиқарувчи корхонани ишга тушириш, савдо-иқтисодий соҳани мувофиқлаштирувчи электрон дастурни йўлга қўйиш, Қўқон эркин иқтисодий зонасида логистика марказини барпо этиш каби истиқболли лойиҳаларни ишлаб чиқишга тайёрлигини билдирди.

Мавзуга оид