Шавкат Мирзиёев Тошкентда Олимпия шаҳарчаси қурилишини бошлаб берди
9 ноябрь куни Тошкент шаҳрида Олимпия шаҳарчаси қурилишига тамал тоши қўйилди. Шу муносабат билан ўтказилган маросимда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этди.
Давлат раҳбари сўзи аввалида барчани ушбу воқеа билан табриклаб, лойиҳа аҳамияти ҳақида гапирди.
- Бизнинг ўз йўлимиз, ниятларимиз, режаларимиз бор. Бугун қилаётган тарихий ишларимиз ўзининг катта натижасини беришига ишонамиз. Ана шу ишонч бизга куч-қудрат беради, - деди Шавкат Мирзиёев.
Кутилаётган анжуманлардан энг нуфузлиси Ёшлар ўртасидаги Осиё ва Параосиё ўйинларидир. Бу мусобақалар 2025 йилда Тошкентда ўтказилади. Унда қитъамиздаги 45 мамлакат ёшлари 20 га яқин спорт тури бўйича беллашади. Бундай нуфузли халқаро мусобақа Ўзбекистон тарихида биринчи марта ташкил этилади. Уни юқори савияда ўтказиш мақсадида замонавий Олимпия шаҳарчасини қуриш лойиҳаси ишлаб чиқилди. Давлат раҳбари бу лойиҳа билан бир неча бор танишиб, кўрсатмалар берган. Бу тавсиялар бош лойиҳачи – Хитойнинг CAMC Engineering компанияси билан такомилга етказилди.
– Олимпия шаҳарчаси халқимизнинг юксак бунёдкорлик салоҳияти ва ўзбек спортининг оламшумул ютуқлари рамзига айланишига ишонаман. Бу маскан меъморий жиҳатдан мукаммал, энергия тежамкор ва энг илғор инновацион ечимларни мужассам қилган замонавий мажмуа бўлади, – деди Шавкат Мирзиёев.
Ушбу лойиҳанинг қиймати 289 миллион доллардан зиёд. Шаҳарча майдони 100 гектар. Бу ерда 10 минг ўринли енгил атлетика ва футбол стадиони, 6 та ёпиқ ва 7 та очиқ спорт иншоотлари, сув спорти саройи, велотрек, яккакураш, жамоавий спорт мажмуалари барпо этилади.
– Агар шонли тарихимизга назар солсак, ота-боболаримиз келгуси авлодлар учун улуғвор иморатлар барпо этганига гувоҳ бўламиз. Биз ҳам аждодларимизнинг мана шундай эзгу анъаналарини муносиб давом эттириб, мамлакатимизда улкан бунёдкорлик ишларини амалга оширмоқдамиз. Албатта, бундай йирик лойиҳалар кўпчиликнинг биргаликдаги саъй-ҳаракати, меҳнаткаш халқимизнинг фаол иштироки билан юзага чиқади, – дея таъкидлади президент.
Мажмуа мусобақалардан сўнг бўшаб қолмайди. Кейинчалик бу ерда Спортни ривожлантириш вазирлиги, спорт федерациялари ва Ўзбекистон давлат спорт академияси фаолият кўрсата бошлайди. Мажмуаларда фуқаролар ҳам спорт билан шуғулланиши мумкин бўлади.
Президент Шавкат Мирзиёев Олимпия шаҳарчаси қурилишига тамал тоши қўйди.
- Мамлакатимизда ҳамма соҳаларда лойиҳалар, иморатлар кўпайяпти. Буларнинг замирида буюк халқимизнинг буюк меҳнати ётибди, буюк халқимизнинг нияти, эртанги кунга ишончи ётибди. Худо хоҳласа, бундай лойиҳалар яна кўп бўлади, - деди давлат раҳбари.
Мавзуга оид
18:52 / 23.11.2024
Президент Тошкентда «Хушнуд» маҳалласи аҳолиси билан учрашди
16:37 / 23.11.2024
Шавкат Мирзиёев: Тадбиркор — иқтисодиёт пойдевори, давлат таянчи
15:15 / 23.11.2024
Шавкат Мирзиёев Янгиҳаётда барпо этилаётган “Янги авлод” махсус саноат зонасида бўлди
13:42 / 23.11.2024