Жаҳон | 21:08 / 09.11.2022
27067
4 дақиқада ўқилади

Херсон областининг Россия томонидан тайинланган раҳбарларидан бири ҳалок бўлди

Херсон областининг Россия томонидан тайинланган маъмурияти россиялик ҳарбий блогерлар ва ОАВнинг Кирилл Стремоусовнинг ўлими ҳақидаги хабарини тасдиқлади.

Фото: Getty Images

Стремоусовнинг ҳалокати ҳақидаги хабарни дастлаб россияпараст блогерлар, кейин давлат нашрлари тарқатди. Бу хабарларда у йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида ҳалок бўлгани айтилди.

Кейин эса Херсон областининг аннексия қилинган қисмига Россия томонидан тайинланган раҳбар Владимир Сальдо ҳам унинг ўлимини тасдиқлади: «У Херсон области ҳудудида, автомобилида ҳаракатланаётиб, ЙТҲга учраши оқибатида вафот этди».

Кун аввалида ҳарбий блогерлар Херсондаги маъмурий бинолардан Россия байроқлари олиб қўйилаётганига эътибор қаратишганди. Жорий ҳафтада Херсон областининг истило остидаги ҳукумати тинч аҳоли вакиллари Днепр соҳилига эвакуация қилиниши (украин расмийлари буни мажбурий депортация деб баҳолаган) якунлангани ҳақида хабар берганди. Россия томонидан тайинланган мулозимлар ҳам украинлар қарши ҳужуми бошланиши арафасида Днепрнинг чап соҳилига кўчиб ўтганди.

Стремоусов ким эди?

Россиянинг Украинага босқинига қадар Стремоусов таниқли фаоллардан бўлган, депутатлик ва Херсон мэрлиги учун номзодини қўйган, шунингдек, пандемия даврида вакцинацияга қаршилик ҳаракати етакчиларидан бўлган. 2019 йилда уни Херсондаги газеталардан бирининг таҳририятига кўздан ёш сиздирувчи газ ва травматик қурол билан уюштирилган ҳужумда иштирок этишда гумон қилишганди.

Херсон урушнинг илк кунларидаёқ россиялик ҳарбийлар томонидан босиб олинди.

2022 йилнинг 16 мартида, Херсон области Россия назоратига ўтганидан бир неча ҳафта ўтиб, интернетда Херсон области кенгашидаги йиғилиш видеоси пайдо бўлди, унда бир неча киши «тинчлик ва тартиб учун нажот қўмитаси» тузилганини эълон қилади.

Бу қўмита бошқарувини эгаллаган Стремоусов «регион Россия билан савдо-иқтисодий ҳамда ижтимоий-маданий алоқаларни йўлга қўйишни исташи»ни маълум қилади.

27 апрел куни РИА Новости Херсон областида янги маъмурият шакллантирилгани, шу жумладан Херсон шаҳрининг ҳам янги маъмурияти тузилганини хабар қилди. Област маъмурияти раҳбарлигини 65 ёшли Сальдо эгаллади, у 2002-2012 йилларда Херсон шаҳри мэри бўлган ва «Регионлар партияси»дан Украина Олий радаси халқ депутати этиб сайланган. Сальдонинг ўринбосари этиб Стремоусов тайинланади - амалда айнан у ҳудуднинг асосий раҳбари бўлади.

Стремоусов Херсон областида мустақиллик эълон қилмасдан ва «референдум» ўтказмасданоқ Россия таркибига қўшишни (Кремль кейинроқ бошқачароқ йўл тутди) ҳамда бошқа шов-шувли баёнотларни берганди.

Чоршанба куни «Верстка» нашри давлат нашрларига бир неча россиялик сиёсатчилар, жумладан Стремоусовдан иқтибос келтиришни камайтириш тавсия этилгани ҳақида хабар берди (гўёки Кремль ахборот майдонида назоратни янада қатъийлаштирмоқчи бўлган).

Украинанинг қарши ҳужуми

Сўнгги кунларда у доимий равишда фронтдаги вазият ҳақида ҳисобот бериб турганди ва Россия кучлари Украина армиясининг ҳужумларини қайтараётганини айтаётганди.

Чоршанба куни тонгда Стремоусов Украина қуролли кучлари Херсондан шимолда бир вақтнинг ўзида уч йўналишда, жумладан Херсондан тахминан 50 километр масофадаги Снигиревка шаҳри ҳудудида ҳужумга ўтганини маълум қилди.

«Рақиб икки йўналишда йўқотишларга учраб, чекинган бўлса, фронтнинг Снигиревка участкасида тонгда оғир жанглар бошланди. Ушбу аҳоли яшаш пункти ҳозирда ҳарбий ҳаракатлар ҳудудида қолмоқда, рақибга авиация, артиллерия ва техника билан зарба берилмоқда», деганди у телеграм-каналида.

Мавзуга оид