Жаҳон | 08:08 / 10.11.2022
7750
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Давлат департаменти Литвага HIMARS реактив тизими сотилишини маъқуллади

Вашингтон Литвага HIMARS ялпи ўт очиш реактив тизимларини сотишни маъқуллади. Битим 495 миллион долларга баҳоланган. Бош пудратчи - Lockheed Martin корпорацияси.

Фото: Lockheed Martin

АҚШ Давлат департаменти Литвага M142 HIMARS ялпи ўт очиш реактив тизимлари ва тегишли ускуналарни сотишни маъқуллади. Бу ҳақда 9 ноябрь, чоршанба куни Пентагонда маълум қилинди.

Келишув суммаси, АҚШ Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, 495 миллион долларга баҳоланмоқда. Бош пудратчи - Lockheed Martin корпорацияси.

Сентябрь ойи охирида, Россиянинг Украинага қарши тажовузкорлиги фонида Литва 2022 йилда мудофаа бюджетини тахминан 144,5 миллион долларга оширишга қарор қилгани маълум бўлди. Жумладан, бу пулга АҚШдан HIMARS тизимларини харид қилиш режалаштирилган.

Июнь ойидан бери Қўшма Штатлар Украинага HIMARS қурилмаларини етказиб бермоқда. Қуролли кучлар улар Украина ҳарбийларига Россия ҳарбий объектларига, жумладан, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ва ўқ-дорилар омборларига ўнлаб зарбалар бериш имконини берувчи қимматли воситага айланганини таъкидламоқда. Россия қуролли кучлари Украинадаги бир нечта HIMARS қурилмасини йўқ қилишга муваффақ бўлганини маълум қилди, аммо ноябрь ойи бошида на Украина Қуролли кучлари, на Америка томони буни тасдиқламади.

Ҳарбий экспертларнинг фикрича, Ғарб томонидан узоқ масофага учувчи ва юқори аниқликдаги ракеталар етказиб берилиши Украинага Херсон вилоятида артиллерияда устунликка эришиш имконини берди. 9 ноябрь куни Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу «ҳарбий хизматчилар ҳаётини ва умуман, қўшинлар гуруҳининг жанговар қобилиятини сақлаб қолиш» зарурлигини айтиб, Херсондан чекинишни буюрди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид