Жамият | 10:50 / 10.11.2022
47327
7 дақиқада ўқилади

“Бу ерда қурилиш бўлмайди” – Жаҳонгир Ортиқхўжаев Чилонзордаги низоли ҳудуд бўйича якуний қарорни айтди

Чилонзор туманининг Кўтарма маҳалласида “дом”лар орасида ўраб олинган низоли ҳудуд бўйича якуний қарорга келинди. Масалага Тошкент шаҳар ҳокими аралашиб, тадбиркорга унинг ваъдасини эслатгач, бу ерда кўп қаватли турар жой қуриш тўхтатиладиган бўлди. 

Тошкентнинг Чилонзор тумани Кўтарма маҳалласи 1-, 3-, 9- ва 39- уйлар оралиғидаги ҳудудда тадбиркор кўп қаватли турар жой қурмоқчилиги, аммо фуқаролар бундан норози эканлиги ҳақида хабар берилганди. Ушбу 15 сотих ер майдони Тошкент шаҳар ҳокимининг 2020 йил 9 декабрдаги 1147-сонли қарори асосида фуқаро Мирҳамид Мирходжаевга компенсация тариқасида доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан кўп қаватли турар жой қуриш учун ажратилган.

Ҳолат бўйича Чилонзор туман ҳокимлигида ишчи гуруҳ тузилиб, мазкур ҳудудда ўрганиш ишлари олиб борилди. 8 ноябр куни туман ҳокими, мутасаддилар, Қонунчилик палатаси депутати, фуқаролар ва тадбиркор иштирокида учрашув ўтказилди. Унда тадбиркор қўлида керакли ҳужжатлари борлигини, лекин мутасаддилар томонидан қурилишга рухсат берилмаётганига тушунмаётганини билдирди.

“Ўрганишлар натижасида шуни билдикки, 2008 йилда мазкур ҳудудда кўп қаватли турар жой биноси қурилиши режалаштирилган экан. Ўша йилги архив ҳужжатлари буни тасдиқлаб турибди. Тегишли ташкилотлар мутасаддилари билан келишиб, рухсатлар олиниб, қурилиш ишларини бошлагани келдик. Майдонда феврал ойида дарахтлар экилган. Биз уларни кўчириш учун келганимиздан кейин фуқароларда норозилик келиб чиқди. Шаҳарсозлик норматив ҳужжатларига асосан биномиз ён атрофдаги “дом”лардан 40-45 метр узоқликда жойлашади. Турар жойимиз 8 қават ва унинг мансардаси ҳам бор. Вакилимиз томонидан атрофда яшовчиларга тушунтириш ишлари олиб борилиб, уларнинг розилик хатлари олинган”, — дейди тадбиркор.

Саъдулла Сайфуллаев, тадбиркор Фото: Kun.uz

Учрашувда таъкидланганидек, 1-, 3- ва 9-уйларда яшовчи фуқаролар ушбу ҳудудда болалар ва спорт майдончаси, қариялар дам олиши учун шийпон, автотураргоҳ қуриш шарти билан қурилиш олиб борилишига розилик билдиришган. Бу ҳақда маҳалла фуқаролар йиғинининг баённомаси ҳам расмийлаштирилган. Фуқаролар эса “Max Building Project” МЧЖ бу ерда бино қурмоқчи эканидан умуман хабари йўқлиги, розилик имзоси ҳақиқий эмаслигини айтишмоқда.

“Имзолар қалбакилаштирилган. Ҳатто меники ҳам. Ҳозир тадбиркорнинг қўлида турган баённомада кўплаб маҳалладошларимизнинг исм-фамилияси ёзилган жойда бошқа имзолар турганини кўриб турибмиз. Ўзлари қўл қўйган тақдирда ҳам уларни алдашган, яъни нима учун имзо қўйишганини билишмайди”, —  дейди фуқаролардан бири.

Маҳаллий аҳоли вакили Фото: Kun.uz

Эътиборлиси, ҳукуматнинг 2018 йил 18 майдаги 370-сонли қарорига асосан Тошкент шаҳар қурилиш бош бошқармаси томонидан 2021 йил 19 июлда архитектура-режалаштириш топшириғи ишлаб чиқилган ҳамда лойиҳа-смета ҳужжатларини келишиш бўйича Архитектура ва шаҳарсозлик кенгаши ишчи органининг 2022 йил 30 июндаги хулосаси олинган. Учрашувда ҳолат юзасидан қурилиш бошқармаси Чилонзор туман бўлими бошлиғи тадбиркор томонидан керакли ҳужжатлар тақдим этилганини маълум қилди.

“Аслида қурилиш бошланмасдан аввал ушбу майдон олдидаги “дом”ларда яшовчилардан рухсат олинади. Агар тўпланган овозлар 60 фоиздан ошса, қурилишга рухсат берилади. Бизга лойиҳа билан бирга маҳалла ва тадбиркор томонидан мулкдорларнинг 100 нафардан ортиғи розилик билдириб, баённома тақдим этилган. Биз розилик имзоси ҳаққоний ёки ундай эмаслиги ҳақида хулоса бера олмаймиз”, — дейди Тошкент шаҳар қурилиш бошқармаси Чилонзор туман бўлими бошлиғи Исмоил Абдураҳмонов.

Исмоил Абдураҳмонов,Тошкент шаҳар қурилиш бошқармаси Чилонзор туман бўлими бошлиғи Фото: Kun.uz

Аниқланишича, тўртта кўп қаватли уй ўртасидаги майдонда ҳозир 155 та дарахт бор. Уларнинг 9 таси ёши катта дарахтлар, қолгани ёш ниҳоллар ҳисобланади.

Йиғилишда туман экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўлими вакили ҳам иштирок этди. Унинг таъкидлашича, тадбиркор томонидан жорий йил бошидан буён бир неча марта қурилишга рухсат сўраб ариза берилган. Шу билан бирга ўша пайтнинг ўзида фуқаролар томонидан майдонга кўчатлар экилган. Экология бўлими тадбиркорга дарахтларни сақлаб қолиш шарти билан хулоса берган. 

“Экология бўлими томонидан тадбиркорга дарахтларни сақлаб қолиш шарти билан, деган хулоса берилган. Яъни жамоатчилик билан келишиб, мутахассисларни жалб қилган ҳолда кўчириш жойи танланиши керак бўлади. Бу бўйича бошқа қатор ташкилотлардан рухсат олиб, бизга мурожаат қилганларидан сўнг рухсат берамиз. Лекин ҳалигача бизга мурожаат қилишмаган”, — дейди туман экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўлими вакили.

Йиғилишда қатнашган туман прокуратураси вакили ҳолат назоратга олинганини, фуқароларнинг розилик хатидаги имзолар ҳаққоний ёки қалбакилаштирилгани юзасидан текшириш ишлари бошланганини маълум қилди.

Чилонзор туман ҳокими Саидқаҳҳор Холхўжаев эса аввало аҳоли фикри инобатга олинишини, ҳозирда қурилиш ишлари тўхтатилганини билдирди:

“Биз вазиятга ойдинлик киритмагунимизча ҳеч ким ҳеч қандай ҳаракат қилмайди, тадбиркор ҳам қурилиш ишларини амалга оширмайди. Фуқароларнинг фикрига асосан ишларимизни амалга оширамиз. Маҳалла раисидан илтимос қиламиз, ҳоким ёрдамчиси билан бирга хонадонма-хонадон юриб, фуқаролардан рози ёки норози эканлигини ёзма равишда сўраб чиқишади”.

Саидқаҳҳор Холхўжаев, Чилонзор туман ҳокими Фото: Kun.uz

Йиғилиш якунида Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ҳам етиб келди. У низоли ҳудуд масаласида ўз муносабатини билдириб, тадбиркор билан келишув қандай бўлганини таъкидлаб ўтди:

“Тадбиркор билан суҳбатлашганимизда юзга яқин одам бор эди. Тадбиркор менга шу жойни кўрсатганида можароли жой эканлиги, бино қуриб бўлмаслигини айтдим. Лекин тадбиркор фуқароларни рози қилиб, биронта дарахтга тегмайман, деганди. Агар бирор киши норози бўлса, бу ерни шундоқ ташлаб чиқиб кетаман, деб айтганди. Ҳозир фуқаролар норозими? Демак, масала ҳал, бу ерда қурилиш бўлмайди. Қарорларимда  қурилишлар фақат фуқаролар розилиги билан қилинади, деб ёзиб қўйилган”. 

Жаҳонгир Ортиқхўжаев, Тошкент шаҳар ҳокими Фото: Kun.uz

Жаҳонгир Ортиқхўжаев ўзаро суҳбатда берилган ваъдани эслатганидан сўнг, тадбиркор қуриш режасини тўхтатишини маълум қилди.  Шу тариқа низоли ҳудуд масаласи якунланиб, бу ерда кўп қаватли турар жой қурилмайдиган бўлди. 

Мавзуга оид