Қўқонда 15 ёшли ўсмир ИИБ муассасасида ўлди: Воқеа тафсилотлари нега яширилмоқда?
Савдо мажмуасидан жами 17 минг сўмлик қурут ва ичимлик олиб пулини тўламай чиқиб кетгани учун ИИБнинг Қўқон шаҳридаги Вояга етмаганлар марказига олиб кетилган 15 ёшли Равшанбек Абдусатторов “ҳибс” этилган муассасада сирли тарзда ўлим топди. Шубҳали томони машъум ҳодиса анча вақт марҳумнинг яқинларидан сир тутилган.
16 октябр куни Равшанбек Абдусатторов Фарғона вилояти Учкўприк туманида жойлашган «Ансор» савдо мажмуасидан 17 минг сўмлик қурут ва энергетик ичимликни олиб, пулини тўламасдан чиқмоқчи бўлган. Буни кузатиб турган назоратчилар ИИБга хабар берган. Шундан сўнг ўсмирни савдо мажмуасидан ИИБ ходимлари олиб кетишган. Равшанбек Абдусатторов аввалига Бувайда туман ИИБга, кейин эса Қўқон шаҳридаги Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига олиб борилган.
18 октябр куни боланинг мурдаси яқинларига берилган. Kun.uz мухбири сирли ўлим билан боғлиқ ҳолат юзасидан журналистик суриштирув олиб борди.
Марҳумнинг тоғаси Пўлатжон Қўчқоровнинг таъкидлашича, жияни калтак зарбидан моматалоқ бўлиб кетган.
«Яккаю ёлғиз синглим бор. У Олтиариқ туманига турмушга чиқиб ажраб келган. Равшанжон синглимнинг биттаю битта ўғли эди. Бу жиянимни онам билан опичлаб катта қилган эдик.
«Участкавой»лар жиянимни Вояга етмаганлар марказига олиб бориб, уни туни билан ухлатишмаган. Болани уриб ўлдириб қўйишган. Онаси марказга борганида болангиз ухлаб қолди, эртаси куни ўзимиз олиб бориб берамиз, дейишган.
Асосий гумоним ички ишлар ходимларидан. Улар Равшанбекни уриб ўлдириб, марказда тарбияланаётган болаларни бўйнига илиб қўйишмоқда. Жиянимни уриб ўлдиришда айбланаётган болаларни кўрсатишларини сўраганимда негадир улар ўзларини олиб қочишяпти. Равшанбекни қийнаб ўлдирганларга қонуний чора кўришларини сўрайман.
Жиянимнинг ўлик ҳолатини кўриш ғоят қўрқинчли. Уни калтаклайвериб мажақлаб ташлашган. Орқа томони шилинган, юз қисмлари ёрилиб кетган. Битта товуғингиз ўлса қанчалик қайғурасиз. Биз бу болани отасиз 15 йил катта қилган эдик.
Онаси 45 ёшга кирди. Энди бунинг онасини ким боқади?» – дейди у.
«Ўғлимни ўлдириб қўйишиб, буни мендан яширишди»
«2007 йилда оилам бузилиб, ўғлим Равшанбек чақалоқлигида ота уйимга қайтиб келганман. Боламни ёлғиз бошим билан отасиз катта қилдим. Фарзанд катта қилиш осон бўлмади. Болам ўгай ота қўлида қолмасин деб бошқа рўзғор қилмадим. 9-синфда ўқиётган ўғлимни мактабдан кейин ҳунар ўргансин деб мебел устасига шогирдликка бердим.
16 октябр якшанба куни пахта теримига чиқиб кетгандим. Ўғлим шу куни мебел цехига ишга кириб чиққач велосипедига миниб, «Ансор» дўконига борган. Равшанбек ишхонасида буюртма кўпайиб кетганида кўпинча ўша ерда қолиб эртаси куни уйга келарди. У 16 октябр куни уйга келмади. Ҳар доимгидек ишхонасида қолган бўлса керак, деб ўйладим.
Эртасига — 17 октябр куни устасига қўнғироқ қилганимда ўғлим ишхонада қолмаганини айтди. Шундан кейин уни қидиришга тушдик. Кечки пайт соат 21:30 ларда участкавой қўнғироқ қилиб, ўғлим вояга етмаганларни назорат қилиш марказида экани, улар телефон рақамимни сўрашаётганини айтди. Марказдан қўнғироқ бўлиб ўғлимнинг соғлигида муаммо бор-йўқлиги ҳақида сўрашди. Бир оздан кейин айнан ўша марказдан бир аёл ва эркак уйга келди. Улар билан бирга марказга бордим. Ходим мени ташқарида қолдириб, ўзи ичкарига кириб кетди ва орадан 2 соат ўтиб қайтиб чиқди. Ўша пайтда ўғлим омонатини топшириб бўлган экан. Буни мендан яширишган.
Илтимосимга қарамай боламни кўрсатишмади. Марказ бошлиғи тунда 01:00 ларда кириб келди. Болангиз ухлаяпти, эртаси куни эрталаб соат 8:00 ларда ўзимиз уйингизга машина жўнатамиз, болангизни ўшанда келиб олиб кетасиз, деб алдаб жўнатишди.
Эртаси куни ваъда қилинган машина келмади. Сабрим чидамай марказ томон йўлга чиқдим. Шаҳарга етган пайтимда акамларга қўнғироқ бўлиб бола моргда экани мурдани ёришдан аввал келиб кўришлари айтишибди.
Тунлари уйқум йўқ. Ўғлим қандай қилиб ўзгалар қўлида жон берганини ўйласам, ўзимни қўярга жой топа олмаяпман. Пули йўқ, ёлғиз оналар фарзанди ўлдириладиган давлатда яшаётганимдан афсусдаман. Ёлғиз ўғлим ўлимида айбдорлар топилиб, жазоланишини талаб қиламан», – дейди марҳумнинг онаси.
Марҳумнинг бобоси Турсунали Қўчқоров изсиз ғойиб бўлган набирасини қидириб бормаган жойи қолмаган
«Набирам йўқолиб қолгач ИИБга бордим. У ерда йўқлигини айтишди. Эртаси куни яна ИИБга бордим. Равшанбек ном-нишонсиз кетган эди. Орадан бир кун ўтиб моргдан унинг ўлигини олиб чиқишди. Ювошга кун йўқ, деб бекорга айтишмаган экан. Набирам отасиз улғайгани учунми одамови, жуда ювош ва содда бола эди», — дейди у.
Мебел цехи раҳбари Анваржон Мухторов марҳум Равшанбек 2 йилдан бери қўл остида ишлаётгани, мебел ясаш қўлидан келиб қолгани, шогирди ювош, камсуқум бола эканини таъкидлади.
Унинг қўшимча қилишича, бола отасиз ўсаётгани учун онасига ёрдам бериш мақсадида ҳунар ўрганаётган бўлган. 17 октябр куни шогирди соат 10:00 ларда устахонани тозалаб қўйиб, уйига кетган.
Қўқон шаҳар Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига мудҳиш ҳодиса тафсилотларини сўроқлаб борганимизда Kun.uzдан келганимизни билган ходим ичкаридан туриб эшикни очмай марказ раҳбарига бу ҳақда хабар беришини айтди.
Орадан анча вақт ўтган бўлса-да, эшик очилмади. Эшик қўнғироғи такрор ва такрор босилганида эшик туйнугидан ходимлардан бири чиқиб, марказ раҳбари иш жойида эмаслигини айтди. Ичкаридан эшикни очишга ҳаракат бўлмади.
Фарзанд доғида адо-ю тамом бўлган марҳумнинг онаси ва тоғаси ичкарига кириш учун марказ дарвозасини ташқари томондан итара бошлади. Дарвоза қулфи ичкаридан синиб дарвоза очилди ва ичкарига кирдик. Ходимлардан бири Kun.uz мухбирини дарвозани бузиб киришда бош айбдор санади.
Энг қизиғи, ичкаридан бизни камерадан кузатиб турган ходимлар марказда ҳеч ким йўқлиги, раҳбар билан бир қаторда барча ходимлар алмашганлигига ишонтирмоқчи бўлишди. Ҳолат бўйича изоҳ олиш ҳар доимгидек бесамар кетди.
Шундан сўнг марҳум маҳсулот олиб пулини тўламай чиқиб кетган «Ансор» савдо марказига бордик. Ўзини марказ иш бошқарувчиси ёрдамчиси деб таништирган Ҳусанжон Ғофуров ўғирлик билан боғлиқ воқеани қуйидагича изоҳлади:
«16 октябр куни савдо марказимизга мижоз бўлиб кирган ўсмир бир дона энергетика ичимлиги ва бир дона қурут олиб пулини тўламай ташқарига чиқиб кетаётган пайтда назоратчилар томонидан тўхтатилиб, ҳолат бўйича туман ИИБ га хабар бердик.
Камерадан ҳолатга ойдинлик киритганимиздан кейин марказга тегишли ИИБ инспекторларини чақирдик. Болани олиб кетишди», – дейди у.
Марҳум қандай ҳолатда ИИБга олиб кетилди? У Қўқон шаҳар Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига олиб борилганида боланинг ҳолати қандай бўлгани ҳақида маълумот олиш учун Бувайда туман ИИБга бордик.
Ўзини ИИБ бошлиғи ўринбосари деб таништирган ходим кутилганидек ҳолат бўйича изоҳ бера олмаслиги, барча маълумотлар фақатгина вилоят ИИБ ахборот хизмати орқали олиниши ҳақида айтди. Ҳаттоки ички ишлар биносини суратга олиш мумкин эмаслигини алоҳида таъкидлади.
Фарғона вилояти ички ишлар идоралари биносида фуқароларнинг ўлик ҳолатда чиқиши кейинги пайтларда жамоатчилик эътирозларига сабаб бўлмоқда. Аввалига Қувасой шаҳрида 60 ёшли фуқаро шубҳали тарзда ИИБ ходимларининг қўлида жон берди. 8 ноябрь куни эса Қўқон шаҳар ИИБ Жамоат хавфсизлиги хизмати Вақтинча сақлаш ҳибсхонасида сақланаётган маҳкум юрак касаллиги оқибатида вафот этди.
Равшанбек Абдусатторовнинг сирли ўлими юзасидан Қўқон шаҳар прокуратураси томонидан жиноят иши қўзғатилиб, икки нафар шахсга нисбатан «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланган. Вилоят ИИБ ходимларига нисбатан хизмат текшируви тайинланган.
Ҳолат Бола ҳуқуқлари бўйича вакил (Болалар Омбудсмани) назоратига олиниб, Бош прокуратура ва Ички ишлар вазирлигига мурожаат қилинган. Муассасадаги мавжуд ҳолат ўрганилаётгани ва бу ҳақда жамоатчилик хабардор қилиниши маълум қилинди.
Сарвар Зияев, Kun.uz мухбири
Монтаж устаси: Жаҳонгир Алибоев
Мавзуга оид
10:23 / 07.11.2024
ДХХ: Қўқонда халқаро террористик ташкилот тарафдорлари озодликдан маҳрум этилди
21:27 / 25.09.2024
Тошкентдан олиб қочилган машина Қамчиқ довонида ушланди
23:02 / 13.09.2024
Қўқонда газ тўлдириш шохобчасида турган автобусда ёнғин содир бўлди
18:00 / 12.09.2024