Жаҳон | 09:13 / 12.11.2022
5838
3 дақиқада ўқилади

БМТ Россиядан ўғитларни олиб чиқиб кетишдаги тўсиқларни олиб ташлашга чақирди

Россиядан ўғитлар етказиб бериш билан боғлиқ муаммолар глобал озиқ-овқат танқислигига олиб келмаслиги керак, дея маълум қилди БМТ. Женевада Россия ташқи ишлар вазири ўринбосари билан музокаралар бўлиб ўтди.

Фото: Bloomberg

БМТ жаҳон ҳамжамиятини Россиядан ўғит экспорти йўлидаги тўсиқларни олиб ташлашга чақирди. Бу ҳақда 11 ноябрь, жума куни кечқурун Женевада Россия ва БМТ вакиллари ўртасидаги «ғалла битими» бўйича мулоқотнинг навбатдаги раундида Россия делегациясига бошчилик қилаётган Россия ташқи ишлар вазири ўринбосари Сергей Вершинин билан музокаралардан сўнг жаҳон ташкилоти маълум қилди.

«Дунё ўғитлар етказиб бериш бўйича глобал муаммолар глобал озиқ-овқат танқислигига олиб келишига йўл қўйиши керак эмас», - дея билдирди ташкилот.

Музокараларда БМТ томонидан ЮНКТАД бош котиби (БМТ Савдо ва тараққиёт конференцияси) Ребека Гринспан ва БМТнинг Гуманитар масалаларни мувофиқлаштириш бошқармаси раҳбари Мартин Гриффитс иштирок этди.

Ноябрь ойи бошида Россия Украина қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини Қора денгиздаги гуманитар йўлаклар орқали хавфсиз экспорт қилиш бўйича «ғалла битими»ни амалга оширишни қайта бошлаганини маълум қилди. Бу ҳақда Россия Мудофаа вазирлиги баёнот берди. Вазирликнинг қайд этишича, Россия БМТ ва Туркия ёрдами билан Украинадан гуманитар коридор ва Украина портларидан Россияга қарши ҳарбий амалиётлар ўтказиш учун фойдаланилмаслиги ҳақида зарур ёзма кафолатлар олган.

Айни пайтда, Россиянинг БМТдаги доимий вакили Василий Небензя Россия озиқ-овқат ва ўғитларини экспорт қилиш бўйича озиқ-овқат келишувининг бир қисми ишламаётгани ҳақида гапирди.

Dpa агентлиги таъкидлашича, санкциялар тўғридан тўғри ушбу экспортга қарши қаратилмаган, бироқ улар Россия транспортчиларининг Европа портларига киришини, тўловларни амалга оширишни ва кемалар учун суғурта олишни қийинлаштиряпти. Шу сабабдан Москва келишувни узайтирмаслик билан таҳдид қилган. Битим муддати 19 ноябрда тугайди.

Агар келишув узайтирилмаса, оқибатлари жиддий бўлиши кутилмоқда, дея огоҳлантирди Бирлашган миллатлар ташкилоти Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО)нинг бозорлар ва савдо бўйича директори Бубакер Бен-Белхассен.

БМТ маълумотларига кўра, ўғитлар бўлган юк кемаси кейинги ҳафтада жануби-шарқий Африкадаги Малавига жўнаб кетиши керак.

Истанбулдаги Қўшма мувофиқлаштириш маркази маълумотларига кўра, 11 ноябрь ҳолатига кўра, 489 та кема Украина портларидан буғдой, маккажўхори, кунгабоқар ёғи ва соя билан чиқиб кетган. Биргина 1 ноябрдан буён 20 дан ортиқ кема Ливан, Марокаш, Ливия, Испания, Руминия ва Хитойга йўл олди.

Қора денгиз дон ташаббуси доирасида кемалар ҳаракати 3 ноябрь куни қайта тикланди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид