Ўзбекистон | 09:26 / 12.11.2022
4598
1 дақиқада ўқилади

Тошкент вилояти ҳудудларидаги биттадан маданият марказида ўқувчиларни текин овқатлантириш йўлга қўйилади

2023-2026 йилларда маданият марказлари фаолиятини янада ривожлантириш ва такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар дастури лойиҳаси эълон қилинди.

Тошкент вилояти тажрибаси асосида ҳар бир туман ва шаҳардаги биттадан маданият марказларида ўқувчи-ёшлар учун бир марталик текин тамадди (овқатлантириш) қилиш хизматларини ташкил этиш мўлжалланмоқда.

Бунда, ҳар бир туман ва шаҳардан биттадан маданият марказини аниқлаш, овқатланиш ташкил этиладиган ҳудудни махсус жиҳозлаш, аутсорсинг хизматларидан фойдаланиш, овқатланишни ташкил этиш, ижобий натижалар бўйича таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритиш режалаштирилган.

Маданият марказларидаги фаолият юритаётган тўгараклар, студиялар ва курслардан ташқари “STEAM – таълим” (Science – табиий фанлар, Technology – технологиялар, Art – санъат, Mathematics – математика) дастури жорий этилади ва янги тўгараклар фаолияти йўлга қўйилади.

Янги тўгаракларни ташкил этиш бўйича ташаббускорлар билан шартномалар имзолаш ва замонавий таълим дастурларини жорий қилиш кўзда тутиляпти.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид