Спорт | 13:19 / 13.11.2022
25157
16 дақиқада ўқилади

«Сити» ютқазди, «Арсенал» танаффусга яққол етакчи сифатида йўл олди. Кун ўйинлари

Шанба оқшомида Европа футболида рўй берган асосий воқеалар, голлар ва турнир жадвалларидаги ҳолат.

Фото: Getty Images

Англия: «Тоттенҳэм»нинг ақл бовар қилмас ғалабаси

Манчестер Сити – Брентфорд 1:2
Голлар: 0:1 – 16 Тоуни, 1:1 – 45 Фоден, 1:2 – 90+8 Тоуни.
Манчестер Сити – Эдерсон, Стоунз, Лапорт, Аканджи, Жоау Канселу (Альварес, 87), Гундўған, де Брюйне, Родри, Бернарду Силва, Фоден, Ҳоланд.
Брентфорд – Райя, Роэрслев, Йоргенсен, Ми, Пиннок, Генри, Йенсен, Янельт (Нергор, 62), Оньека (Дасилва, 87), Тоуни, Мбемо (Висса, 74).
Огоҳлантиришлар: Ҳоланд (37), Мбемо (72), Жоау Канселу (84), Йенсен (90).

Октябр ойи ўрталаридан буён ғалаба қозонмаган «Брентфорд» «Манчестер Сити»ни қийнаб қўйди ва биринчи бўлимни ғолиб сифатида якунлаши ҳам мумкин эди, фақат бўлимга қўшиб берилган дақиқаларда бурчакдан узатиб берилган тўпни Фоден бир тегинишда дарвоза бурчагига жойлади. Шу билан бирга, «шаҳарликлар»га ҳужумларни якунлашда аниқлик етишмади, ўйин давомида зарба бериш бўйича уч баробар устунликка ҳам эга бўлинди, лекин дарвоза соҳасига берилган аниқ зарбалар бўйича «асаларилар» устунлик қилди (29:10, 6:8).

Иккинчи бўлимда «Брентфорд» жарима майдонига қамалиб олди, шу билан бирга хавфли қарши ҳужумлар уюштирди, бундай вазиятлардан бирида амалдаги чемпионни Ляпортнинг дарвозабон ҳудудидаги фидокорлик билан тўпга ташланиши қутқарди. «Сити»нинг навбатдаги давомли ҳужумлари вақтида Жоау Канселу пеналти ишлаш учун йиқилгани учун огоҳлантирилди, жавоб ҳужумида эса Эдерсон Тонининг бир неча метрдан туриб берган зарбасини оёқлари билан қайтарди.

Якунда арбитр томонидан қўшиб берилган 10 дақиқа Хосеп Гвардиола жамоасига ёрдам эмас, балки жазо бўлиб чиқди. Мезбонлар бурчак зарбаси ижро этганида қарши ҳужумга учради ва қанотдан тўп узатилганда Гундўған марказда турган Тонининг йўлини тўса олмади. АПЛдаги учинчи тўпурар бўлиб турган бу футболчи ҳет-трикка эришиши ҳам мумкин эди, аммо унинг яна бир зарбасини Де Брюйне дарвоза чизиғида тўхтатиб қолди. Нима бўлганда ҳам бу мавсумда Тони бир ўйинда икки ёки ундан кўп гол уриш бўйича фақат Ҳоланддан ортда (5 га қарши 3), бу сафар норвегиялик футболчи майдонни голсиз тарк этди, «Брентфорд» эса «Арсенал»га совға тайёрлади.

Ливерпул – Саутҳемптон 3:1
Голлар: 1:0 – 6 Фирмино, 1:1 – 9 Адамс, 2:1 – 21 Нуньес, 3:1 – 42 Нуньес.
Ливерпул – Алиссон, Александер-Арнолд, ван Дейк, Гомес, Робертсон, Цимикас, Филлипс, Карвалью, Тиаго Алькантара, Фабиньо, Эллиотт (Милнер, 68), Фирмино (Окслейд-Чемберлен, 75), Салоҳ, Нуньес.
Саутҳемптон – Базуну, Белла-Кочап, Чалета-Цар, Салису, Перро, Войнович, Уолкотт, Мэйтленд-Найлз, Арибо, Эдози, Армстронг, Эльюнусси, Уорд-Проуз, Лавиа, Армстронг, Адамс.

Натан Жонс бошқарувидаги илк ўйинини ўтказган «Саутҳемптон» Роберту Фирминонинг тезкор голига стандарт вазиятдан унумли фойдаланиб, тезкор гол билан жавоб қайтарди ва бу ўйинда сенсация бўлиши мумкинлигига ишора қилди. Аммо бу шунчаки Уорд-Проузнинг навбатдаги жарима зарбасини маҳорат билан ижро этиши ва Адамснинг аниқ зарбасига Алиссоннинг хато ташланиши бўлиб чиқди.

«Ливерпул» вазиятга хотиржамлик билан ёндашди ва танаффусга Нуньеснинг голлари эвазига икки гол устунлиги билан йўл олди. Иккинчи бўлимда эса жаҳон чемпионати арафасида имижини ўзгартирган Алиссон учта сэйв амалга оширди ва амалда жамоаси ғалабасини таъминлади.

Ўйиндаги учинчи голда пас берган Робертсон эса «Эвертон»нинг собиқ футболчиси Бейнснинг натижасини такрорлади. Энди бу икки футболчи 53 балл билан АПЛдаги ҳимоячилар орасидаги энг яхши ассистентлар бўлиб турибди, «Ливерпул» кучли олтиликка қайтди.

Тоттенҳэм – Лидс 4:3
Голлар: 0:1 – 10 Саммервилл, 1:1 – 25 Кейн, 1:2 – 43 Родриго, 2:2 – 51 Дэвис, 2:3 – 76 Родриго, 3:3 – 81 Бентанкур, 4:3 – 83 Бентанкур.
Тоттенҳэм – Льорис, Эмерсон (Доэрти, 57), Дайер, Дэвис, Лангле, Санчес, Перишич, Лукас Моура, Хейбьерг, Бентанкур, Кулусевски, Кейн, Ришарлисон (Биссума, 69).
Лидс – Мелье, Кристенсен, Купер, Кох, Стрейк, Эйлинг, Рока, Адамс, Ааронсон, Гелхардт, Гринвуд, Фернандес, Родриго, Саммервилл, Ньонто.
Четлатиш: Адамс (87).

Куннинг энг ақл бовар қилмас ўйини шу куни уч бор ҳисобда ортда борган «Тоттенҳэм»нинг ғалабаси билан якунланди, якунда «шпорлар» нафақат ўйинни қутқариб қолишди, балки қимматли уч очкога эга чиқишди. «Лидс» таркибида сўнгги уч ўйинда гол урган 20 ёшли Саммервил бу ўйинда ҳисобни очиб, голли сериясини давом эттирди, аммо унинг голига тезда Кейн жавоб қайтарди. Родриго эса меҳмонларни танаффусга ғолиб ҳолда олиб чиқувчи голни урди. Иккинчи бўлим бошида Дэвис мувозанатни тиклади. 

Иккинчи бўлим охирларида Родриго дублни расмийлаштирди ва лондонликлар бу ўйинда ҳам очко йўқотиши муқаррардек кўриниб қолди. Аммо барчаси шундан кейин бошланди. Икки ҳафта олдин «Борнмут»га қарши ўйинда 0:2 ҳисобини 3:2 ҳисобидаги ғалабага айлантира олган, ЕЧЛда эса «Марсел»га қарши муҳим ўйинда қўшиб берилган бешинчи дақиқада ғалаба голини урган Конте шогирдлари бу сафар ҳам шундай драматизм ва ҳиссиётлар тақдим этишди.

Бу сафар ҳам кеча қаҳрамони Бентанкур бўлди. Ушбу уругвайлик ўзини нафақат ҳақиқий курашчи сифатида, балки муҳим голлар уриш маҳоратини ҳам намойиш этмоқда. Шанба куни у дастлаб рақибдан қайтган тўпни дарвозага жойлади, кейин эса Кулушевскининг жарима майдонига ёриб кириб берган узатмасини марказий форвард амплуасида ҳаракат қилиб, голга айлантирди. Ўтган ҳафтада «Борнмут»га қарши ўйинда икки гол фарқини йўққа чиқариб, ғалабага эришган «Лидс» эса бу сафарги голлар ёмғири кузатилган учрашувда очкосиз қолди.

Ньюкасл — Челси 1:0
Гол: Уиллок (67).
Ньюкасл – Поуп, Триппьер, Шер, Ботман (Таргетт, 87), Берн, Бруно Гимараэс, Лонгстафф, Уиллок (Мерфи, 85), Альмирон, Вуд (Уилсон, 76), Жоэлинтон. 
Челси – Менди, Аспиликуэта (Пулишич, 46), Кулибали, Чалоба, Лофтус-Чик (Тиаго Силва, 7), Ҳолл (Кукурелья, 73), Ковачич, Жоржиньо, Маунт (Зиёш, 73), Галлаҳер, Броя (Ҳавертц, 73).
Огоҳлантиришлар: Жоржиньо (30), Триппьер (56), Кулибали (89), Поп (90+5), Лонгстафф (90+8).

Турнинг марказий учрашуви кутилганидек кескин ўтди. Бундай ўйинлар тақдирини одатда бир гол ҳал этади. «Челси» эса бу голни ура олмади, Поуп Галлаҳернинг зарбасидан кейин бурчакка кириб кетаётган тўпни олиб чиқиб, жамоасини муқаррар голдан қутқарди, бир неча дақиқа ўтиб эса «Ньюкасл» ҳал қилувчи бўлиб чиққан ҳужумни уюштирди. Бу голни амалда тўпни рақиб жарима майдонига олиб борган Альмирон яратди, у тўпни қанотда қабул қилиб олиб, боши билан икки марта ўзига бўйсундириб олиб, марказ томон юрди, унинг тўпга учинчи тегиниши югуриб келаётган Уиллок учун пасга айланди - «Арсенал» собиқ футболчисининг зарбаси снаряд каби учиб дарвоза тўридан жой олди.

«Қарғалар» барча турнирлар доирасида қаторасига олтинчи ўйинда ғалаба қозонди (АПЛда қаторасига беш ғалаба), жамоа сўнгги бор август ойи охирида, «Ливерпул»га қўшимча дақиқалардаги гол туфайли мағлуб бўлган. Натижада жамоа таътилга учинчи ўринда мустаҳкам жойлашган ҳолда йўл олмоқда. «Челси» эса қулашда давом этмоқда, жамоанинг ғалабасиз серияси беш ўйинга етди (шундан қаторасига уч ўйинда мағлубият) ва саккизинчи ўринга тушиб кетди.

Вулверҳэмптон — Арсенал 0:2
Голлар: Эдегор (55, 75).
Вулверҳэмптон – Са, Семеду (Лембикиса, 68), Коллинз, Килмен, Гомеш (Нунеш, 80), Буэно, Моутиньо (Поденсе, 68), Рубен Невеш, Траоре, Траоре, Гедеш. 
Арсенал – Рэмсдейл, Уайт, Габриэл, Салиба, Зинченко (Соареш, 90+1), Жака (Виейра 16, Эль-Ненни 90+1), Парти, Эдегор, Сака (Нельсон, 90+1), Жезус, Мартинелли.
Огоҳлантиришлар: Гомеш (37), Траоре (45), Парти (52), Габриэл (60), Буэно (90+2).

«Сити» ўз майдонида мағлуб бўлиши «Арсенал» бу турда қандай натижа қайд этмасин, танаффусга биринчи ўринда чиқишини таъминлади. Аммо Микел Артета ўйиннинг 15-дақиқасидаёқ муаммога учради, Чака ўзини ёмон ҳис қилди ва алмаштирилди. Ушбу ҳавбекнинг бу мавсумдаги ўйинларга таъсири жуда улкан, масалан, швейцариялик футболчининг зарбаси «Вулверҳэмптон»нинг метин ҳимоясини ёриб ўтиши мумкин эди.

Шу куни жамоанинг бошқа футболчилари ҳам ўзига ўхшамади, аввалига Мартинелли рақиб жарима майдони яқинида тўпни қабул қилишда қўпол хатога йўл қўйди ва рақиб қарши ҳужумини бошлаб берди, бу ҳужум Гедешнинг зарбаси бироз хато кетиши билан якунланди. Кейин эса Салиба тўпни дарвозабонга қайтармоқчи бўлиб, уни рақибга совға қилди, бу сафар Гедешнинг зарбаси йўлига Габриел ташланиб, хавфни бартараф этди.

Иккинчи бўлим бошланганида эса «канонирлар»нинг ўзига хос ҳужуми натижа келтирди. Габриэл Жезус (унинг биринчи бўлимдаги голи офсайд туфайли инобатга олинмаган, яна бир зарбаси дарвоза тўсинига текканди) чап қанотдан марказга юриб, олдинга ташланган Фабиу Виейрани тўп билан таъминлади, португалиялик яримҳимоячи эса марказга узатма берди, у ерда Эдегор Сакадан илдамроқ ҳаракат қилиб, тўпни дарвозага жойлади. «Бўрилар» бошқарувига келган Хулен Лопетеги трибунада ўйинни ғамгин кўринишда кузатишга мажбур бўлди: у сўнгги ўриндаги жамоани кўтариши талаб этилади. Меҳмонларнинг норвегиялик сардори эса дубл расмийлаштирди.

Иккинчи голли ҳужумда иштирок этган Зинченко ҳам ўйин охирида қўпол хатога йўл қўйди, у майдон марказида тўпни рақибга топширди, Адама Траоре Поденсени тўп билан таъминлади, аммо унинг зарбасини Рамсдейл бартараф этди. 

«Арсенал» ғалабали ҳисобни сақлаб қолди ва танаффусга асосий таъқибчиси «Ман Сити»дан беш очкога ўзиб кетган ҳолда йўл олди.

Италия: «Наполи» бўшашди ва ғалабани бой беришига бир бахя қолди

Наполи – Удинезе 3:2
Голлар: 1:0 – 15 Осимҳен, 2:0 – 31 Зелиньски, 3:0 – 58 Элмаз, 3:1 – 79 Несторовски, 3:2 – 82 Самарджич.
Наполи – Мерет, Ди Лоренцо, Жезус, Ким Мин Жэ, Оливера, Мариу Руй, Эстигор, Политано, Ндомбеле, Лоботка, Зелиньски, Замбо-Ангисса, Элмас, Лосано, Осимҳен.
Удинезе – Сильвестри, Эхизибуэ, Эбосс, Бийол, Перес, Яяло, Перейра, Самарджич, Арслан, Уолас, Ловрич, Несторовски, Деулофеу (Саксесс, 26), Бету.
Огоҳлантиришлар: Жезус (25), Уолас (27), Перейра (37), Мариу Руй (78), Эбосс (84).

Белидаги оғриқ туфайли икки ўйинни ўтказиб юборган Кварацхелия ЖЧ-2022 арафасидаги сўнгги турда ўйнашни жуда истаганди, аммо еврокубоклар зонасида ёнма-ён турган «Удинезе»га қарши ўйинни Лучано Спаллетти грузиялик юлдузсиз ўтказишга қарор қилди. «Наполи»нинг таркиби бу мавсумда кенг ва Осимҳен Хвича масъул бўлган чап қанотдан Элмас ижросида берилган узатмадан кейин ҳисобни очди.

Бу нигериялик ушбу ҳужумчи боши билан урган саккизинчи гол бўлди ва у бу борада топ-5 лигаларда фақат Ҳарри Кейндан ортда қолмоқда. Осимҳен ортидан Зелиньски тўпни айлантириб дарвозага йўллаб ҳисобдаги фарқни оширди. Иккинчи бўлим бошида эса Элмас ўз қанотидан юриш қилиб, ўзи гол урди ва Кварацхелиянинг голларини ёдга солиб юборди.

Жанубликлар таътилга турнир жадвалидаги таъқибчилардан катта фарқ билан (11 очко) олдинда бораётган ҳолда йўл олди, лекин Спаллеттида бу ўйиндан кейин футболчиларига саволлар туғилгани табиий - жамоа иккита гол ўтказиб юборди ва ўйиннинг охирги дақиқалари жуда асабий кечди.

Германия: Мусиаланинг ёрқин юбилейи

Вердер – РБ Лейпциг 1:2
Голлар: 0:1 – 13 Андре Силва, 1:1 – 56 Гросс, 1:2 – 71 Шлагер.
Вердер – Павленка, Вайзер, Штарк, Фридль, Пипер (Шмидт, 80), Юнг (Динкчи, 86), Гросс (Рапп, 72), Битенкур (Стаге, 72), Шмид (Берк, 86), Фюллькруг, Дукш.
РБ Лейпциг – Бласвих, Хенрихс, Орбан, Гвардиол, Раум, Собослаи (Ҳалстенберг, 83), Форсберг (Ольмо, 72), Шлагер, Айдара (Кампл, 76), Андре Силва (Поульсен, 83), Нкунку.

Ўтган мавсумда «Лейпциг»нинг қайта тирилиши Жесси Марш истеъфога чиқиши ва бош мураббийликка Доменико Тедеско келиши билан бошланганди. Энди эса жамоа мавсумни ўта ёмон бошлаганида бош мураббий яна истеъфога чиқарилди ва унинг ўрнини эгаллаган Марко Розе ўн ўйинда 23 очко жамғара олди. Бундай даврда бундеслигада ундан яхшироқ натижани бошқа ҳеч ким қайд этмаган ва якшанба кунги ўйинлар якунларига қадар «Лейпциг» иккинчи ўринни эгаллаб туради. Розе билан шартномани унинг биргина мавсумдан кейин бекор қилиб юборган Дортмунднинг «Боруссия» клуби эса унинг ҳозирги жамоасини таъқиб этишга мажбур.

«Лейпциг»да мураббийдан барча рози ва унинг натижалари ҳеч кимни ҳайрон қолдирмаяпти ҳам, чунки Розе — «РБ» тизимидан чиққан. У «Зальцбург»нинг ёшлар ва катталар жамоаларида муваффақиятли ишлаган. Қолаверса, у Лейпцигда туғилган, маҳаллий клуб сафида ўйнаган ва мураббийлик фаолиятини «Локомотив»да бошлаб, жамоани ҳудудий лигада сақлаб қолган. Бу камтар даража эди, энди эса Розе Андре Силва каби юлдуз футболчиларга мураббийлик қилмоқда, португалиялик футболчи Бремендаги ўйинда ўзи ҳам гол урди, ғалаба келтирувчи голга ҳаммуаллифлик қилди.

Шальке — Бавария 0:2
Голлар: Гнабри (38), Шупо-Мотинг (52).
Шальке – Шволов, Брюннер (Айдин, 75), Йошида, Матричани, Мор (Колодзейчак, 66), Дрекслер (Латца, 75), Крал, Краус, Теродде, Караман (Ларссон, 59), Бюльтер (Сане, 66). 
Бавария – Нойер, Упамекано, Павар, Эрнандес (Станишич, 72), Горетцка (Забитцер, 72), Киммих, Шупо-Мотинг, Гнабри, Коман (Гравенберх, 80), Сане (де Лигт, 60), Мусиала (Ваннер, 79).

Ўтган турда «Шальке» 10 сентябрдан буён илк ғалабасига эришганди, аммо жамоанинг «Бавария»га кучи очиқчасига етмади. Барибир сўнгги ўриндаги жамоанинг биринчи ўриндаги жамоага қарши чиқиши — натижаси олдиндан маълум бўлган ўйин эди. 17 ёш 259 кунлигида Мюнхен клубида 100 бор расмий ўйинда майдонга тушган вундеркинд Мусиалани эса кучли рақиблар ҳам тўхтата олмайди. Ушбу яримҳимоячи юбилейини иккита голли узатма билан нишонлади — улардан бири Гнабрига товон билан узатилди — буни футбол эстетлари жуда қадрлашади. У яна бир узатмаси билан Шупо-Мотинг навбатдаги голли сериясини бошлашига ёрдам берди. Мусиаланинг ўзи урган гол эса кичик офсайд туфайли бекор қилинди.

Кун статистикаси

  • «Брентфорд» 3-бор бир мавсум доирасида ҳам «Манчестер Сити»ни, ҳам «МЮ»ни мағлуб этди. Бундан аввал «асаларилар» буни 1936/37 ва 1937/38 йиллар мавсумида уддалашганди.
  • Бэрри, Лэмпард ва Гиггздан кейин АПЛда 600-ўйинини ўтказган 4-футболчи «Ливерпул» яримҳимоячиси Милнер бўлди.
  • «Брентфорд» АПЛ ўйинларида 16 бор ҳисобни биринчи бўлиб очган ва бирор марта мағлуб бўлмаган (+13=3).
  • «Истанбул ББ» бошқарувидаги Эмере Белезўғли ўз фаолиятидаги энг йирик мағлубиятни (0:7) қабул қилиб олди, бу «Галатасарой» устози Окан Бурук учун эса — фаолиятидаги энг йирик ғалаба.

Мавзуга оид