Жамият | 18:36 / 14.11.2022
24987
3 дақиқада ўқилади

Қашқадарёча «рокировка»: ўз машинасини Чироқчи тумани ҳокимлигига берган вилоят ҳокимлиги 450 млн сўмга Equinox сотиб олди

Қашқадарё вилояти ҳокимлиги 450 миллион сўмга Equinox автомобилини харид қилиш учун UzAuto Motors дилери билан шартнома имзолади. Шартнома Давлат харидлари порталига жойлаштирилган. Президент йил охиригача ҳокимларга бу каби харидларни тақиқлаганди.

Фото: Chevrolet

Қашқадарё вилояти ҳокимининг 2022 йил 18 октябрдаги 834-4-0-Қ/22-сонли қарори билан 450 миллион сўмга Equinox автомобилини харид қилиш учун UzAuto Motors дилери билан шартнома имзолаган.

Жорий йил март ойида Президент вазир ва ҳокимларга йил охиригача автомобил ҳамда бошқа айрим харидларни тақиқлаганди. Давлат раҳбари йил якунига қадар барча ҳокимлик, вазирлик ва идораларга:

  • молиявий манбаси аниқ бўлмаган қурилишларни бошлаш;
  • бино таъмирлаш, автомобил, мебел, офис анжомлари харид қилиш каби қўшимча харажатларни амалга оширишни қатъиян тақиқлаган.

Шунингдек, ҳукумат қарори билан туман ҳокимлари хизмат машиналари нархлари базавий ҳисоблашнинг 1 000 бараваридан ошмаслиги белгилаб қўйилган. Фақат тоғли туманларда БҲМнинг 1 000 бараваридан кўпроқ пулга машина харид қилиш мумкин.

Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати Equinox автомобили юзасидан муносабат билдирди. Унда ёзилишича, Equinox қонун доирасида захира маблағлари ҳисобидан харид қилинмоқда. Ушбу автомашинани харид қилиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигидан ҳам рухсат олинган.

«Ушбу харидни амалга оширишда Вазирлар Маҳкамасининг «Давлат бошқаруви ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларида хизмат автотранспортларидан фойдаланиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида вилоят ҳокими ўринбосарларига хизмат автотранспортининг энг юқори нархи – БҲМнинг 1500 баравари этиб белгилангани ҳисобга олинган», дейилади муносабатда.

Жорий йилда Қашқадарёда ўзига хос «рокировка» ўтказилди. Аввал вилоят ҳокимининг ўринбосари миниб юрган Captiva хизмат машинаси Чироқчи тумани ҳокимлигига «беғараз» берилди.

Ўз навбатида Чироқчи тумани ҳокимлиги балансида бўлган хизмат машинаси Кўкдала тумани ҳокимлигига «беғараз» берилди. Охирида эса вилоят ҳокимлиги Equinox оляпти.

Эслатиб ўтамиз, жорий йил апрел ойида Чироқчи тумани ҳокими Хуррам Жўраев янги ташкил этилган Кўкдала туманига ҳоким этиб тайинланди. Унинг ўрнига вилоят ҳокимининг молия-иқтисод масалалари бўйича биринчи ўринбосари Нодир Эркаев Чироқчи тумани ҳокими бўлди.

Мавзуга оид