Фарғоналик ўсмир ўлими бўйича икки нафар ИИБ ходими қамоққа олинган — Бош прокуратура
Ходимлар зиммасидаги вазифасига совуққонлик билан қараб, мажбуриятларига лоқайдлик ва виждонсизларча муносабатда бўлгани туфайли 15 яшар ўсмирнинг ўлимига сабабчи бўлишда гумонланмоқда.
16 октябрь куни ўғрилик устида ушланиб, Қўқон шаҳрида жойлашган, Фарғона вилоят ички ишлар бошқармаси тасарруфидаги Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига олиб келинган 15 яшар ўсмир 17 октябрь куни шу муассасада вафот этган, аммо бундан жамоатчилик ноябр бошига келибгина хабар топганди.
Аввалроқ ўлим юз берган кунда навбатчилик қилган 2 нафар ички ишлар органи ходими тарбияланувчиларни назоратсиз қолдириб, жанжалнинг олдини олмагани учун вазифасидан четлатилгани ҳамда уларга нисбатан тўпланган ҳужжатлар қонуний чора кўриш учун вилоят прокуратурасига тақдим қилинганди.
Ўзбекистон бош прокурорининг матбуот котиби Ҳаёт Шамсуддиновнинг Kun.uz’га маълум қилишича, бугунги кунда мазкур жиноят иши доирасида 4 киши қамоққа олинган. Шундан икки нафари яқинда ишдан бўшатилган ички ишлар ходимларидир. Мазкур ходимлар зиммасидаги вазифасига совуққонлик билан қараб, мажбуриятларига лоқайдлик ва виждонсизларча муносабатда бўлгани туфайли 15 яшар ўсмирнинг ўлимига сабабчи бўлишда гумонланмоқда.
Фарғоналик блогер Олимжон Ҳайдаровга кўра, бола вафот этган тунда навбатчилик қилган ходимлардан бири Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш маркази бошлиғининг қайноғаси, шу боис масъуллар ишларни “босди-босди” қилиш пайида бўлишган.
Ҳаёт Шамсуддинов Kun.uz мухбирининг саволига жавобан ИИБ тизимида ким кимга қариндошлиги бўйича маълумотга эга эмаслиги ва бу нарсанинг ишга алоқаси йўқлигини билдирди.
Машъум ҳодиса шов-шув бўлиши ортидан марказ ходимларига нисбатан хизмат текшируви тайинланган эди.
Маълум бўлишича, Ички ишлар вазирлиги томонидан ўтказилган хизмат текшируви якуни бўйича Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш маркази бошлиғи эгаллаб турган лавозимидан озод этилган.
Шунингдек, хизмат фаолиятида йўл қўйган камчиликлари учун 3 нафар ходимга “ҳайфсан” берилган. 4 нафар ходимнинг эса лавозимига лойиқ ёки нолойиқлигини аниқлаш мақсадида навбатдан ташқари аттестациядан ўтказилиши белгиланган.
Эслатиб ўтамиз, савдо марказида 17 минг сўмлик маҳсулот олиб пулини тўламай чиқиб кетаётганда ушланиб, участкавойларга топширилган 15 яшар ўсмир Бувайда тумани ички ишлар бўлими бошлиғининг 16 октябрдаги қарори билан Қўқон шаҳридаги Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига жойлаштирилган.
Вилоят прокуратурасига кўра, марказга жойлаштирилган куннинг эртасига, яъни 17 октябрда йигитнинг соғлиғи ёмонлашиб, ҳушидан кетган. Шундан сўнг тез ёрдам ходимлари унга тиббий ёрдам кўрсатиб, шифохонага олиб кетилаётган вақтида вафот этган.
Суд-тиббий экспертизасининг дастлабки хулосасида марҳумнинг ўлимига «бош мия калла ёпиқ шикасти, мия қаттиқ парда остига қон қуйилиши, бош мия моддасининг лат ейиши» сабаб бўлгани айтилади.
Расмийлар марҳум марказдаги саккиз нафар бола билан содир бўлган муштлашув оқибатида ўлганини айтишмоқда. Бироқ боланинг яқинлари бунга ишонишмаяпти. Kun.uz суриштируви давомида йигитчанинг ўлими анча вақт унинг яқинларидан сир тутилгани маълум бўлганди.
Мавзуга оид
11:20 / 22.11.2024
“Қани депутатлар, нега қарамаяпти?” — пропан нархидан ҳайдовчилар хавотирда
19:02 / 21.11.2024
Фарғона аэропортида ҳаво кемаларини қабул қилишга вақтинчалик чекловлар жорий этилди
11:28 / 21.11.2024
Фарғонада содир бўлган ЙТҲда вояга етмаган қиз ҳалок бўлди
10:16 / 12.11.2024