Ўзбекистон | 15:14 / 15.11.2022
7862
2 дақиқада ўқилади

Журналистга қўполлик қилган ҳокимлик матбуот котибига огоҳлантириш берилди

Журналист Азиза Қурбонова ва Тошкент шаҳар Учтепа тумани матбуот котиби ўртасидаги тортишувга туман ҳокимлиги томонидан муносабат билдирилди.

Фото: Facebook / To‘rayev To‘ra

Учтепа туман ҳокимлиги билдирган муносабатда айтилишича, журналист Азиза Қурбонованинг Учтепа туманида газ босими пастлиги ҳақидаги постида ҳокимлик расмий саҳифасидан жавоб изоҳ ёзган туман ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Тўрабек Тўраев бўлган.

Маълум қилинишича, туман ҳокимлигининг Ташкилий кадрлар гуруҳи томонидан ўрганиш ўтказилиб, ҳокимлик расмий саҳифаси орқали Тўрабек Тўраевнинг ҳис-ҳаяжонга берилиб ёзган фикрлари танқид қилинган.

“Туман ҳокимлиги матбуот котибининг соҳага қўшган ҳиссаси ва тумандаги бўлаётган ижтимоий-иқтисодий ўзгаришларни тезкорлик билан ёритиши, шунингдек бир неча республика ва ҳалқаро танловларда эътироф этилганлиги, қолаверса бундай эътирозли ҳолатларга муқаддам йўл қўйилмаганлиги ҳамда кўп йиллик тажрибаси инобатга олиниб, туман ҳокими томонидан унга огоҳлантириш берилганлигини маълум қиламиз. Матбуот котибининг бундан кейинги фаолиятида туман ҳокимлиги номидан билдираётган фикрларида журналистика этикасига риоя этиши тушунтирилди”, – дейилади ҳокимлик расмий муносабатида.

Эслатиб ўтамиз, журналист Азиза Қурбонова Facebookʼдаги саҳифасида ўзи яшайдиган маҳаллада газ босими жуда пасайиб кетгани ҳақида пост қўйиб, унга жамоатчилик эътиборини қаратганди. Учтепа тумани ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Тўрабек Тўраевнинг постга қўполлик билан изоҳ ёзгани фаоллар танқидига сабаб бўлганди.

Мавзуга оид