Ўзбекистон | 13:06 / 16.11.2022
3838
5 дақиқада ўқилади

2026 йилда муқобил манбалардан олинадиган энергиянинг улушини 25 фоизга етказамиз – президент

Шавкат Мирзиёев хорижий инвесторлар билан учрашувда электромобилларни ишлаб чиқариш тармоғига асос солиш режалари ҳақида гапирди. Шунингдек, президент таъкидлашича, энди Инвесторнинг бирор бир муаммоси ечилмасдан қолса, тегишли раҳбар ишдан кетади.

Фото: Президент матбуот хизмати

“Ўзбекистоннинг бой табиий ресурсларини ўзлаштиришда катта имкониятлар мавжуд. Хабарингиз бор, мамлакатимиз олтин захиралари бўйича дунёда 2-ўрин, мис бўйича – 7-ўрин, вольфрам бўйича – 8-ўрин, кумуш бўйича – 9-ўрин, уран бўйича – 12-ўринни эгаллайди.

Фойдали қазилма конларини ўзлаштириш соҳасига йирик инвестицияларни жалб этиш мақсадида геологик маълумотларни очиқ эълон қилдик. 10 дан ортиқ турдаги стратегик фойдали қазилмаларни ўзлаштириш учун солиқ ставкаларини пасайтирдик, ер солиғини бекор қилдик, махсус техникаларни божхона тўловларидан озод этдик.

Биз хомашёни чуқур қайта ишлаш бўйича аниқ лойиҳаларни тайёрладик.

Биргина мисол. Ўзбекистонда йилига 150 минг тонна мис қазиб олинади ва унинг атиги 70 минг тоннаси қайта ишланади. Яқин йилларда мис ишлаб чиқариш ҳажмини 500 минг тоннага етказамиз. Шу муносабат билан мис кластерини барпо этишга киришдик.

Унинг ҳудудида мис фольгаси, электродвигателлар, қуёш панеллари, кабель-ўтказгич маҳсулотлари ва бошқа юқори қўшилган қийматли товарларни ишлаб чиқариш бўйича лойиҳаларни амалга ошира бошладик.

Бундан ташқари, электромобилларни ишлаб чиқариш тармоғига асос солиш ниятидамиз.

Сиз, ҳурматли инвесторларни ушбу йўналишларда амалий ҳамкорлик қилишга даъват этамиз.

Бешинчидан, Ўзбекистонда рақамлаштириш соҳасига инвестиция-ларни жалб этишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Биз “Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегиясини қабул қилдик. Ушбу ҳужжатда барча муҳим соҳаларни рақамлаштириш назарда тутилган.

Биз мамлакатимиз ҳудудларида IT-паркларни ташкил этмоқдамиз. Бундай парклар резидентлари барча солиқлардан ва йиғимлардан озод қилинган. Хорижий инвесторлар ва технология-ларнинг фаол иштирокисиз ушбу соҳани ривожлантириш мумкин эмаслигини яхши тушунамиз. Шу сабабли Кенгаш аъзолари билан мазкур йўналишда қўшма лойиҳаларни амалга оширишда самарали ҳамкорликка умид қиламиз.

Олтинчидан, Ўзбекистон “яшил иқтисодиёт”ни ривожлантириш жараёнида фаол қатнашмоқда. Қабул қилинган Стратегиямизга мувофиқ, 2026 йилга бориб муқобил манбалардан олинадиган энергиянинг умумий генерациядаги улушини 25 фоизга етказамиз.

Шу билан бирга, илмий-техник салоҳиятни ривожлантириш ва қайта тикланадиган энергия манбалари соҳасида мутахассислар тайёрлаш учун зарур шароитлар яратишни мўлжалламоқдамиз.

Европа тикланиш ва тараққиёт банки ва Жаҳон банки билан бирга 2050 йилгача миллий иқтисодиётни декарбонизация қилиш стратегиясини ишлаб чиқишга киришдик.

 “Яшил” лойиҳаларга хорижий инвестицияларни жалб қилишни давом эттиришдан манфаатдормиз, ва уларда Кенгаш аъзоларининг иштирокини қўллаб-қувватлашга тайёрмиз.

Афсуски, ажратилган вақт ҳамкорликнинг барча истиқболли йўналишларини батафсил муҳокама қилиш имконини бермайди. Шунинг учун хорижий инвесторлар билан ишлашни қуйидаги тартибда ташкил этиш зарур, деб ҳисоблайман.

Қайд этилган ҳар бир устувор йўналишни амалга ошириш учун Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги қошида Сармоядорларни қўллаб қувватлаш ишчи гуруҳи ташкил этилади.

Ушбу Ишчи гуруҳ Хорижий инвесторлар кенгаши ҳузурида фаолият юритади ҳамда чет эллик сармоядорларни комплекс ва тизимли равишда қўллаб-қувватлаш билан шуғулланади. Хусусан, инвесторни аэропортда кутиб олишдан тортиб, бизнес учун зарур рухсатнома ва лицензиялар беришгача бўлган барча хизматларни “ягона ойна” тамойили асосида кўрсатади. Янги Ишчи гуруҳнинг фаолиятини Инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг биринчи ўринбосари Лазиз Қудратов мувофиқлаштириб боради.

У бошқа барча масалалардан озод қилиниб, бор эътиборини фақат инвесторлар билан ишлашга қаратади. Бош вазир ўринбосарлари Ж.Ходжаев, Ж.Қўчқоров, Ж.Мирзамахмудов ўз йўналишлари бўйича келиб тушадиган мурожаатларни ижобий ҳал этишни таъминлайди. Инвесторнинг бирор бир муаммоси ечилмасдан қолса, тегишли раҳбар ишдан кетади. Л.Қудратовга ҳар ойда бир маротаба Президентга ҳисобот киритиш вазифаси юклатилади.

Ишчи гуруҳи Кенгаш котибияти билан, хорижий инвесторлар таклифлари асосида, аниқ лойиҳалар, уларни амалга ошириш учун қонунчиликни такомиллаштириш, муддатлар ва масъул ижрочилар белгиланган “йўл харитаси”ни ишлаб чиқиши лозим” – деди давлат раҳбари ўз нутқида.

Аброр Зоҳидов
Тайёрлаган Аброр Зоҳидов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид