Ўзбекистон | 18:45 / 21.11.2022
18005
5 дақиқада ўқилади

Алданиб қолманг: Telegram'да аҳолига пул тарқатилаётгани ҳақида ёлғон хабар айланиб юрибди

​​​​​​​Болали оилаларга гўёки 650 минг сўмдан ёрдам пули тарқатилаётганига оид ёлғон эълондан огоҳ бўлинг. Унутманг, телефонингизга келган SMS'даги кодни фақат фирибгарлар сўрайди. Интернетда тез-тез тарқалаётган қаллобларнинг эълонларини қандай фарқлаш мумкинлиги ҳақида ушбу мақолада маълумот берамиз.

Ўзбекистонда онлайн фирибгарликнинг кенг тарқалган усулларидан бири – “Президент қарори билан” ҳаммага ёрдам пули тарқатилаётганига ишонтириш орқали одамларнинг картасидан пул ечиб олишдир.

Фирибгарлар нафақат ёрдам пули, балки таниқли компаниялар (масалан, Click), тижорат банклари ва миллионерларнинг номидан фойдаланиб, “арзон кредитлар” ва “фалон йиллик юбилей” муносабати билан пул тарқатилаётганини айтишади.

Аслида буларнинг барчаси ёлғон ва фирибгарлар доим пул ўғирлашнинг бир хил схемасидан фойдаланишади. Масалан:

1. Президент сайтига ўхшаш сохта сайтни чизиб, “ёрдам пули” ҳақидаги ёлғон эълонларни ижтимоий тармоқларда тарқатишади;

2. Ҳавола орқали кириб, пулни олишга даъват қилишади;

3. Ҳаволани босиб кирсангиз, телефон рақам, карта рақам ва унинг амал қилиш муддатини киритиш сўралади;

4. Тузоққа илинган одам сўралган маълумотларни киритиши билан, унга SMS орқали код боргани ва ўша кодни киритиш сўралади;

5. Код ёзилиши билан, картадаги ҳамма пуллар фирибгарлар ҳисобига ўтади.

Фирибгарликнинг биринчи ва энг асосий белгиси – SMS-кодни сўраш

Ёдингизда бўлсин, сизга пул ўтказиш учун картангизнинг амал қилиш муддати ва SMS-код умуман керак эмас!

SMS-кодни бировга бериш – картангиздаги пулни унга топшириш билан теппа-тенг.

Код орқали картангизни ўзларига улаб олиб, ундаги ҳамма пулларни ечиб олишади. Бу ҳали ҳаммаси эмас: картангизга кейинчалик тушадиган пуллар ҳам фирибгарларнинг қўлида деб ҳисоблайверинг.

Ёрдам пулини олиш учун сиздан ҳеч нима талаб қилинмайди

2022 йилнинг май ойида ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолига бир марталик ёрдам пул тарқатилган эди. Бу – ҳақиқат. Аммо барчага ёрдам пули тарқатиляпти, ҳаволани босиб пулни олинг, деган хабарни кўрсангиз, билингки, бу – алдов! Чунки ёрдам пулларини тарқатиш тартибига кўра, фуқаролардан ҳеч қандай ариза ёки мурожаат қилиш талаб этилмайди.

Ҳақиқатан ҳам давлат пул тарқатган тақдирда, ҳеч қачон қандайдир ҳаволаларни босиб пулни олиш ҳам керак бўлмайди. Ёул ё нақд шаклда берилади, ёки фуқаронинг пластик картасига унинг иштирокисиз, автоматик ўтказилади.

Масалан, май ойида ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламга пул тарқатилганда, уларнинг ҳаммасига пуллар дастур орқали тўлаб берилган. Ҳеч кимдан карта рақам киритиш талаб қилинмаган, чунки ёрдам пули тарқатиладиган қатлам, яъни ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларнинг ҳар ой нафақа тўлаб бориладиган пластик картаси бўлади ва уларга ёрдам пули автоматик ўша картага тушириб берилади. Пластик картаси бўлмаганларга эса пуллар нақд тўлаб берилган.

Сохта сайт – фирибгарликни аниқлашнинг осон усули

Фирибгарлар ёрдам пулига оид хабарларни сохта сайтга жойлаштиришади. Ёдингизда бўлсин, Ўзбекистон Президентининг расмий веб-сайти – President.uz. Агар сизга ёрдам пули ҳақида хабарлар келса, сайт доменига эътибор беринг, кўпинча фирибгарлар ҳақиқий сайт номига қандайдир сўзлар қўшишади, масалан, president.uz-yqanki.shop ва ҳоказо.

 

Сохта сайтлар

Агар ҳақиқий президент сайтини кўздан кечирсангиз, ҳеч қандай ёрдам пулига оид хабар бўлмайди. Бўлган тақдирда ҳам, юқорида таъкидлаганимиздек, пулни олиш учун сиздан ҳеч нарса талаб қилинмайди: на карта рақам ва на SMS-код.

Ёки қайсидир банкдан арзон кредит таклиф қилинаётган хабарлар келса, банкнинг расмий веб-сайтини қидириб кўринг. Масалан, “Капиталбанк сайти” деб қидирсангиз, банкнинг ҳақиқий веб-сайти чиқиб келади. Сизга келган хабардаги домен ва банкнинг расмий сайти домени икки хиллигига гувоҳ бўласиз.

Сохта сайтлар

Имловий хатолар ва норасмий тил

Фирибгарлар кўпинча имловий хатолар билан, кўча тилида ёзилган ёки қўпол хатолар билан таржима қилинган эълонларни тарқатишади. Бундан сиз хабарнинг ёлғонлигини тезда аниқлашингиз мумкин.

Фирибгарлар алдов йўлларини такомиллаштириб, имловий хатоларсиз ва расмий тилда ёзишни бошлашлари ҳам мумкин, аммо сизда расмий манбалар билан хабарни солиштириб кўриш имкони бор. “Қандайдир ўйинда ютганингиз”, “Ёрдам пули олишингиз мумкин”, “арзон кредит таклифи” – бундай сўзларга жуда ҳушёр бўлинг. Сайт доменини ва расмий манбаларни текширинг.

Имловий хатолар билан ёзилган эълон

“Мигрантларга пул тарқатилаётганига оид хабарларга кўплар алданяпти”

Kun.uz билан суҳбатда бўлган ўзбекистонлик меҳнат мигрантларидан бири мигрантлар гуруҳларида фирибгарларнинг “пул тарқатилаётгани”га оид хабарлари жуда кўп айланишини айтади.

“Огоҳлантиришларга қарамай, алданиб қоладиганлар жуда кўп”, – дейди у.

Ёдингизда бўлсин, ёрдам пулини олиш учун сизга ҳавола таклиф қилиняптими, бу – алдов.

Мадина Очилова тайёрлади.

Мавзуга оид