Спорт | 12:33 / 21.11.2022
23094
5 дақиқада ўқилади

ЖЧ-22. Турнирнинг илк голини VAR бекор қилди, кейинги гол пеналтидан урилди

Турнир старт олди. Мундиалларнинг 92 йиллик тарихида илк бор мезбон жамоа очилиш ўйинида ютқазди.

ЖЧ-2022. 1-тур. А гуруҳи
Қатар — Эквадор 0:2

Голлар: Валенсия (16 пенальти, 31). 
Қатар – Аш Шиб, Педро, Ҳуҳи, Ҳасан, Ар Рави, Аҳмад, Хотам, Будиаф, Ал Ҳайдос (Ваад, 72), Алмоаз (Мунтари, 72), Афиф. 
Эквадор – Галиндес, Пресиадо, Торрес, Инкапиэ, Эступиньян, Плата, Ибарра (Сармиенто, 68), Мендес, Кайседо (Франко, 90), Валенсия (Сифуентес, 77), Эстрада (Родригес, 90).
Огоҳлантиришлар: Аш Шиб (15), Алмоаз (22), Кайседо (29), Мендес (25), Афиф (78).

Кўпчилик аллақачон Қатардаги жаҳон чемпионатини тарихдаги энг можаролиси деб атамоқда — турнир старти арафасида чиндан ҳам қатор ташвиш уйғотувчи ҳолатлар бўлиб ўтди. Турли шов-шувли воқеалар фонида (ўйинлар бошланишига икки кун қолганида стадион ҳудудида алкоголли ичимликлар сотилиши тақиқланиши каби) буткул ёмон хабар тарқалди — унга кўра қатарликлар Эквадор жамоасининг саккиз футболчисини очилиш ўйинини 0:1 ҳисобида бой беришлари учун сотиб олишгани айтилди. Ҳатто аниқ рақамлар келтирилди — 7,4 миллион доллар.

Лекин бу миш-мишлар қуруқ сафсата бўлиб чиқди: манбалар жуда шубҳали эди, бу маълумотни бирорта йирик нашр тасдиқламади. Қолаверса, бундай даражадаги ва кенг ёритиладиган турнирда келишилган ўйинлар бўлиши имконсиз иш эди.

Ўйиннинг илк дақиқалариданоқ Эквадор тарқалган миш-мишлар ҳақиқатга буткул зид эканини исботлашга киришди: жанубий америкаликлар илк дақиқаларданоқ ўйин назоратини қўлга олишди ва рақибга ўз ҳудудига ўтишга деярли имкон бермади. Эквадорликлар ҳужумчиси Эннер Валенсия ўйиннинг учинчи дақиқасидаёқ дарвозани ишғол этди, аммо бу гол Валенсиянинг ҳужумдаги шериги Майкл Эстрада офсайдда қолиб кетгани туфайли бекор қилинди. Офсайдни аниқлашда янги технология катта саҳнага чиқди.

Аммо эквадорликлар тўхташ ҳақида ўйлашмади. Ўн дақиқа ўтиб яна Валенсия диққат марказида бўлди — жарима майдонига кириб бориб, дарвозабон билан яккама-якка ҳолатга чиққан ҳужумчи йиқитилди. Бу вазиятда ҳакамда 11 метрли нуқтани кўрсатишдан бошқа вариант йўқ эди. Тажрибали Эннер эса максимал даражадаги хотиржамлик билан дарвозабон ва тўпни бошқа бошқа бурчакларга йўналтирди. Турнирнинг ҳисобланган голи пеналтидан урилди. Бу жаҳон чемпионатлари тарихида илк бор турнирнинг 1-голи пенальтидан урилиши бўлди.

Ўйиннинг барча жабҳаларида қатарликлардан устун бўлган Эквадор босим қилишда давом этди — лотинамерикаликлар саралаш босқичида ҳам ажойиб натижалар қайд этган ва юқори савиядаги жамоа эканини намойиш қилишганди, бу ерда эса «қотил» режими ёқилди, ҳар бир тўқнашувда максимал қатъият кўрсатилди ва рақибга тўпга эгалик қилиш имконини беришмади. Натижада кўп ўтмай, Ал-Шееба дарвозасига иккинчи гол ҳам йўлланди ва яна Валенсия ўз номини таблога ёздириб қўйди. Эннер икки голини таниқли эквадорлик форвард Кристиан Бенитесга бағишлади, у 2013 йили, 27 ёшида Қатар пойтахти Доҳада юраги тўхтаб вафот этганди — шу туфайли жамоанинг барча футболчилари голларни биргаликда, майдонга тиз чўккан ҳолда нишонлашди.

Эннер биринчи бўлимнинг асосий юлдузи бўлди — пенальти ишлади, икки гол урди ва икки марта тўқнашувларда жароҳат олди, бу тўқнашувлардан бирида уни майдондан олиб чиқиш учун замбил ҳам чақиришди. Аммо 2014 йилги жаҳон чемпионатида ҳам Эквадорнинг уч голига муаллифлик қилган ушбу фахрий футболчи нафақат маҳоратини, балки характерини ҳам намойиш этди ва икки сафар ҳам майдонга қайтди.

Қатарликлар эса ўйин давомида ўта қўпол ҳаракат қилишдан бошқа нарса кўрсата олишмади — рақиб дарвозаси атрофида хавфли вазиятлар деярли юзага келтирилмади, мудофаада бўш нуқталар кўп эди, прессинг кучсиз бўлди, ҳатто комбинациялар амалга оширилмади — кўп ҳолларда учинчи ёки тўртинчи узатмадан кейин тўп йўқотилди. ЖЧ мезбони очилиш ўйинида бу қадар ёмон ўйнаб, имконсиз кўрингани охирги бор қачон рўй берганини эслаш қийин. Бўлим давомида фақат бир бор — 25 метр масофадан трибуна томон зарба йўлланди.

Адолат учун айтиш керак, иккинчи бўлимда қатарликлар нисбатан яхшироқ кўринди — ҳатто дарвоза сари уч бор зарба йўлланди, лекин уларнинг бирортаси дарвоза соҳасига тўғри бормади. Афтидан, мезбонларнинг фаоллашуви танаффусдан кейин рақиб анча совуққонлик билан ҳаракатлана бошлагани туфайли рўй берди — Эквадор энди олдинга ташланишга шошилмади ва қониқарли ҳисобга эришилганида куч тежаб ўйнай бошлади.

Ўйинда шу ҳисоб сақланиб қолди — Эквадор ишончли ғалабага эришиб, гуруҳдан чиқиш учун катта қадам ташлади, ярим йил давомида турнирга қаттиқ тайёрланган Қатар эса ҳеч нарса кўрсата олмади. Шу тариқа, мундиалларнинг 92 йиллик тарихида илк бор мезбон жамоа очилиш ўйинида ютқазди.

Гуруҳнинг иккинчи ўйинида бугун Нидерландия Сенегал билан баҳс юритади.

Мавзуга оид