Жаҳон | 07:17 / 26.11.2022
38676
5 дақиқада ўқилади

Путиннинг навбатдаги спектакли: у олдиндан тайёрланган «аскар оналари» билан учрашди

Россияда ноябрнинг сўнгги якшанбаси оналар куни сифатида нишонланади. Шу санага атаб, РФ президенти Владимир Путин фарзандлари «махсус ҳарбий операция»да иштирок этган оналар билан учрашди. Бироқ, «оналар»нинг аксарияти фейк бўлиб чиқди.

Фото: Александр Щербак / ТАСС

Путиннинг Ново-Гороёва қароргоҳида бўлиб ўтган учрашувда сўзлаган нутқи ва бошқа тафсилотлар Кремл расмий сайтида келтирилган.

Бунгача Россиянинг сафарбар қилинган ва муддатли ҳарбий хизматга жўнатилган аскарлари қариндошлари «Оналар ва рафиқалар кенгаши»га бирлашгани хабар қилинган эди. Ташкилотга Россиянинг 89 та шаҳаридан аёллар аъзо бўлган. Улар биргаликда президент Путин, мудофаа вазири Шойгу, Россия ҳукумати, Бош ҳарбий прокуратурага мурожаат қилишган, Санкт-Петербургдаги Ғарбий ҳарбий округ штабига боришган ва мутасаддилар билан учрашиш учун совуқда бир неча соат туришган.

Яқинларини фронтдан қайтариш истагида бўлган аёллар Путин билан очиқ учрашув талаб қилишган. Шу номда учрашув ташкил қилинган, лекин «Оналар ва рафиқалар кенгаши»дан ҳеч ким таклиф қилинмаган.

Журналистлар Путин билан учрашувда қатнашган аёлларнинг айримлари Умумроссия халқ фронти ҳаракати ҳамда бошқа ҳукуматпараст ҳаракатларнинг функционерлари, амалдорлар ва «Единая Россия» партияси аъзолари эканини аниқлашган.

Учрашув қатнашчиларнинг рўйхати Кремл расмий сайтига ҳам илинган.

Мисол учун, аскарларнинг муаммолари ҳақида Путинга «Единая Россия» депутати Олга Белцева ҳикоя қилиб берган.

Фото: kremlin.ru

Президентнинг яна бир суҳбатдоши Москва области Умумроссия халқ фронти ижроия қўмитаси раҳбари Юлия Белехова.

Яна бир аёл Надежда Узунова 2019 йилда Хакасия раҳбарининг ички сиёсат бўйича маслаҳатчиси бўлган, айни пайтда Уст-Абакан «Жанговар биродарлик» ҳаракатида сафарбар қилинганлар учун инсонпарварлик ёрдами йиғишга масъул.

Учрашувда бўлган Орехово-Зуево жамоатчилик кенгаши аъзоси Марина Мигунова ҳам сафарбар қилинганлар учун инсонпарварлик ёрдами тўплаш билан шуғулланади.

Путин билан оналарнинг кулфати ҳақида гаплашиш учун Тувадан амалдор аёл — Каа-Хемск райони маъмуриятининг оила, ёшлар ва спорт бўлими бошлиғи Ирина Тас-оол ҳам келган.

Фото: kremlin.ru

Путиннинг чап томонида ватанпарварлик ва православлик йўналишда кино суратга олаётган режиссёр Олеся Шигина ўтирди. Президентнинг ўнг томонида ўтирган қора рўмолли аёл эса чечен аслзодалари вакили Жарадат Агуева эди. Унинг ўғиллари олий даражали куч ишлатар тизим вакиллари, «Запад-Ахмат» батальони қўмондони Исмоил Агуев ва Курчалой район ИИБ бошлиғи Рустам Агуев. Иккиси ҳам Украинада жанг қилмоқда. Рамзан Қодиров бир неча бор Рустам Агуевни «оғам» деб атаган. Исмоил Агуевнинг жасоратлари ҳақида ўз Телеграм каналида мунтазам ҳикоя қилиб боради.

Путин билан учрашув гарчи «махсус ҳарбий операция»га сафарбар қилинганларнинг оналари билан учрашув деб аталган бўлса-да, фарзанди Луганск областида 2019 йилда вафот этган Нина Пшеничкина ҳам иштирок этди, у фарзанди Константин Пшеничкиннинг фотосуратини намойиш қилган.

Фото: kremlin.ru

«Биласизми хаёлимга нима келади, аввал ҳам бу ҳақда айтган эдим. Бизда 30 минг одам [йилига] йўл-транспорт ҳодисалари туфайли вафот этади, алкогол сабабли яна тахминан шунча. Ҳаёт мана шундай мураккаб ва китобларда ёзилганидан тубдан фарқ қилади, ким қайси динга эътиқод қилмасин, барчамиз Худо, Аллоҳ, Христ иродаси остидамиз, барчамиз ўламиз ва Худонинг измидамиз. Барчамиз бу ёруғ оламни қачондир тарк этамиз, бундан қочиб бўлмайди.

Масала қандай яшаганимизда. Ахир кимларнингдир яшаётгани ё яшамаётгани тушунарсиз, ароқданми ё бошқа нарса туфайли бизни тарк этади. Яшадими ё яшамадими — билинмайди. Сизнинг ўғлингиз эса яшади, тушуняпсизми? У мақсадига эришган. Бу дегани, у ҳаётдан бекорга кетмади. Шу маънода унинг ҳаёт йўли аҳамиятли бўлиб чиқди, натижа кўрсатиб яшаб ўтди, боз устига ўзи интилган натижага», — деган Путин Н.Пшеничкинага.

Журналистлар Н.Пшеничкинанинг ўғли К.Пшеничкин 2019 йилда вафот этганига эътибор қаратишди.

Константин Пшеничкиннинг қабри. Фото: twitter.com/666_mancer

«Ҳаммаси оилага боғлиқ. Фарзандларингиз, уларнинг аксарияти ватанга хизмат қилиш, давлатни, ватанни қўриқлаш, одамларимизни ҳимоя қилишдек тақдирни танлаган экан, бу ҳам, шубҳасиз, сизларнинг хизматларингиз», — деган Путин учрашувда.

Путиннинг ЙТҲ ва алкогол оқибатида ўлганлар билан урушда ўлганларни солиштириши рус журналистлари томонидан танқид остига олинди.

«Бу унинг тоталитар манифести. Путин учун фақат икки хил яшаб ўлиш усули бор: мақсадсиз яшаб ўлиш ёки давлат учун ўлиш. Шунчаки инсоннинг бахтли яшаш учун ҳаёт кечириши варианти йўқ», деб ёзди журналист Михаил Фишман.

Мавзуга оид