Жамият | 17:25 / 30.11.2022
16006
3 дақиқада ўқилади

1 300 йиллик тарихга эга артефакт 4 йил давомида реставрация қилинган

Лувр музейидаги кўргазма учун реставрация қилинган 70 та артефакт ичида Кофир-қалъа қадимий ёдгорлигидан топилган ёғоч лавҳ ҳам бор. Куйиб кўмирга айланган бу ноёб панно VI–VII асрларга мансуб бўлиб, уни реставрация қилиш учун 4 йил вақт кетган. Мутахассис Марина Реутова шу ҳақда гапириб берди.

Реставраторнинг қайд этишича, бу панно 2017 йилда Самарқанддаги Кофир-қалъа қадимий ёдгорлигидаги қазилма ишлари давомида қўлга киритилган.

«Шу ёдгорлик жойлашган манзилга борганимизда дастлаб аркнинг бир қисми очилган эди, уни тупроқлардан тозалашда давом этарканмиз, тепароқда панно борлигини кўриб қолдик. Ҳозир панно 140 дан 121 сантиметргача бўлган 3 та қисмга ажратилган.

Бу кўмирга айланган дарахтлар шунчаки махсус ускуна билан мустаҳкамлаб қўйилган, бўлмаса улар бир-бирига жипслашмаганди. Шунинг учун уни тозалаб олиш жараёни қийинроқ кечди. Жараёнда қўлингиз тўсатдан ножўя кетиб қолса ҳам бўлди, кўмир титилиб кетиши мумкин эди.

Тахминан 4 нафар реставратор бўлиб, аста-секинлик билан паннонинг бир қисмини тозалаб очдик. Лекин бу ишни охирги босқичгача олиб бориш мумкин эмас, агар паннонинг устки қисмини тозалашда давом этсак, ундаги ўйма нақшларга зарар етиши мумкин ва кейин биз ундан фойдалана олмаймиз», – дея қайд этади экспонат реставратори.

Марина Реутованинг сўзларига кўра, паннони бутунлигича олишнинг техник жиҳатдан имкони бўлмаган. Боиси унга шикаст етказиб қўйиш мумкин эди. Бундай ҳолатда реставраторлар уни бир неча қисмга бўлиб, кейин тозалашда давом этишган ва эҳтиёткорлик билан тупроқдан чиқариб олишган.

«12 кун давомида 4 нафар реставратор паннони тозалаш ва тузатиш, чиқариб олиш устида ишлади. Аммо лабораториядаги реставрация жараёни тўрт йилдан бери давом этмоқда. Чунки ёдгорликнинг ҳар бир ёриғини тозалаш, кейин кўплаб жойларининг бир-бирига тўғри келадиганларини топиб, улаш, мустаҳкамлаш ишлари бор эди», – деди Марина Реутова.

Маълумотларга кўра, Марказий Осиё бўйича бундай панно шу вақтгача фақат Тожикистонда бўлган, кейинроқ Кофир-қалъа ёдгорлигидан топилган, эндиликда Ўзбекистонда ҳам бор.

Реставраторнинг қўшимча қилишича, ушбу паннода 46 та турли рамздаги нақш ва фигуралар бор. Улар орқали ўша даврда яшаган инсонларнинг қандай кийингани, қандай идишлардан фойдалангани-ю, уларнинг соч турмаги ҳамда юз тузилишини билиб олиш мумкин.

Мавзуга оид