Жаҳон | 23:49 / 02.12.2022
14807
2 дақиқада ўқилади

Си Жинпинг биринчи марта Хитойдаги норозиликларга изоҳ берди 

Хитой раҳбари норозиликлар ортида «аламзада талабалар» турганини айтди. 

Шарл Мишел ва Си Жинпинг / Фото: DPA

Хитой раҳбари Си Жинпинг Европа Кенгаши раиси Шарл Мишелга Хитойдаги аксилковид чекловларига қарши намойишлар ортида «ҳафсаласи пир бўлган талабалар» турганини айтди. 

Европа Иттифоқининг юқори мартабали расмийларига кўра, Си бу ҳақда Пекиндаги уч соатлик учрашув давомида айтган. Бу Хитой раҳбарининг бутун мамлакат бўйлаб бўлиб ўтган намойишларга биринчи расмий муносабатидир. 

Шунингдек, Си кекса одамларни эмлаш жараёнидан хавотирда эканини билдирган, аммо коронавируснинг омикрон штамми ўлим даражаси пастлигини тан олган. Европа расмийлари фикрига кўра, бу Хитой раҳбарининг чекловларни юмшатишга тайёрлигини кўрсатиши мумкин. 

29 ноябр куни Пекин ва Гуанчжоу расмийлари коронавирус инфекциясига қарши кураш бўйича айрим чекловларни юмшатди. 

Қарор ўтган ҳафтадан бери давом этаётган норозилик намойишлари ортидан қабул қилинди. Бунга Шинжоннинг Урумчи шаҳрида 10 киши ҳалок бўлган ёнғин сабаб қилиб кўрсатилди. Covid-19 туфайли киритилган чекловлар оқибатида ўт ўчирувчиларнинг воқеа жойига етиб бориши имкони бўлмагани хабар қилинди. 

Намойишлар Урумчидан ташқари Пекин, Гуанчжоу, Уҳан ва Шанхайда ҳам ўтказилди. Намойишчилар коронавирус чекловларини юмшатишни, баъзилари Хитой раиси Си Жинпинг истеъфосини ҳам талаб қилишган эди. 

Мавзуга оид