Иқтисодиёт | 18:00 / 03.12.2022
35096
11 дақиқада ўқилади

“Мамлакатлар ўзаро савдо билан бир-бирини бойитади” — ЖСТ ҳақида халқаро юрист билан суҳбат

Ўзбекистон нега Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши керак? Аъзо бўлгандан кейин ҳам маҳаллий эркатойларни ҳимоя қилишда давом этса бўладими? Импортга чекловларни тариф квоталарига алмаштириш ЖСТга киришни тезлаштирадими? Халқаро савдо юристи Виктор Крошет Kun.uz билан суҳбатда шу каби саволларга жавоб берди.

Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш учун ариза берганига 28 йил бўлди. Узоқ йиллар тўхтаб қолган аъзолик жараёни 2020 йилда қайта жонланди. Амалдорлар бу сафар қарор қатъий эканини айтишяпти. Лекин ҳукуматнинг ташқи савдони либераллаштириш нияти самимийлигига шубҳа уйғотаётган ҳолатлар талайгина.

Биз Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши жараёнига оид саволлар билан “Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлишини қўллаб-қувватлаш” лойиҳасининг халқаро ҳуқуқшуноси Виктор Крошет билан суҳбатлашдик.

— ЖСТ ўзи қандай ташкилот ва у дунёга нега керак?

— ЖСТ 164 мамлакатни бирлаштирган йирик ташкилот. Бу 164 мамлакат бутун дунёдаги деярли барча мамлакатлардир. Умид қиламизки, Ўзбекистон ҳам 166-мамлакат бўлиб ташкилотга аъзо бўлади.

Нима учун дунёга бу ташкилот керак, деган саволга жавоб берсам, мамлакатлар аъзолари ташкилотга қўшилиши билан бойий бошлашган, яъни мамлакатлар ўзаро савдо туфайли бир-бирларини бой қилишади.

Энг асосийси, тенг шароитларда савдо ҳамкорлиги туфайли мамлакатлар иқтисодий жиҳатдан бойиши ва ривожланишда ўсиши мумкин.

— Ўзбекистоннинг ташкилотга аъзолик масаласига тўхталсак. Биз ташкилотга аъзолик мамлакат учун фойдали эканини биламиз. Ўзбекистондек денгиздан узоқ мамлакатнинг оддий одамлари учун ташкилотга аъзолик нимаси билан яхши?

— Ўзбекистон нега бу ташкилотга қўшилиши керак дейдиган бўлсак, мамлакатдаги компания ва бизнеслар хорижда ҳам фаолият юритиши мумкин бўлади, умуман четда бизнес очиш осон. Биз биламизки, ўзбек компаниялари юқори солиқлар тўлаб, чекланган шароитларда фаолият юритишга мажбур бўлишяпти, четга товар экспорт қилишда қийинчиликларга дуч келишяпти.

Ўзбекистон денгиздан узоқ ва экспорт учун бир нечта давлатлар чегараларини босиб ўтишига тўғри келади. ЖСТга қўшилиш четга товар экспорт қилиш учун чегараларни кесиб ўтишни осонлаштиради.

Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишдан асосий мақсад – дунё мамлакатлари билан савдони осонлаштириш. Бунинг учун солиқ ва божхона тўловларини камайтириш, талаб қилинадиган тегишли ҳужжатларни тўлдиришни, тақдим этишни камайтириш, яъни ортиқча бюрократияни камайтириш керак. Бу Ўзбекистон корхоналарига ҳам хорижга экспорт қилишни осонлаштиради, баъзи бир ҳолатларда керагидан ортиқ бўлган солиқ юкини камайтиришга имкон беради.

— Ташкилотга аъзо бўлиш масаласида Ўзбекистонга нима етишмаяпти?

— Ўзбекистонда корхоналар ва аҳоли орасида ЖСТ тўғрисида огоҳлик даражасини ошириш керак. Бизнинг ташкилот қандай ишлаши, қандай фаолият юритиши ҳақида (одамлар) кўпроқ маълумотга эга бўлишлари керак. Бу йўналишда мамлакат ҳукумати ҳамда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги фаол ишлаяпти. Шу билан бирга, ЖСТга аъзо бошқа мамлакатлар билан икки томонлама музокаралар олиб боряпти.

Бундай музокаралар вақт талаб қилади. Ўзбекистонда қатор қонунчилик ва меъёрий ҳужжатларга ҳам ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳамда тегишли соҳаларда ислоҳотлар қилиш керак. Адлия вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси томонидан ҳам тегишли меъёрий ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартиришлар киритилмоқда. Айниқса, техник жиҳатдан кўп талабларни уйғунлаштиришга зарурат бор.

— Охирги йиллардаги ислоҳотлар билан Ўзбекистон ташкилотга аъзоликка қанчалик яқин?

— Мен Ўзбекистон билан бу йўналишда бир йилдан кўпроқ вақтдан бери ишлаётган бўлсам, айтишим мумкинки, ҳукумат томонидан ушбу ислоҳотлар учун ҳозирлик кўриляпти. Вазирликлар қатор меъёрий ҳужжатларга ўзгартириш киритмоқда. Тегишли меъёрий ҳужжатлар парламентга топширилган, улар қабул қилиниши кутилмоқда.

Албатта, бу ишларнинг ҳаммасини бирданига бажариб бўлмайди, булар анча вақт оладиган саъй-ҳаракатлардир. Умуман, Ўзбекистонда хорижий бизнес учун қулай муҳит яратиш борасида ҳам катта ишлар қилинган, ижобий натижаларини Тошкентда айланиб юриб ҳам кўряпмиз.

— Келинг, саволни аниқ қўйсак, Ўзбекистон қанча вақтда ташкилотга аъзо бўла олади?

Ўзбекистон аъзоликка илк қадамни жуда яхши ташлади, аммо ЖСТга қўшилиш учун бир неча йил кетади. Агар биз бу босқичдан ўтган давлатлар тажрибасига қарасак, кўплаб мамлакатлар 4-10 йил орасида аъзо бўлган.

Бу – реформаларнинг тезлашишига боғлиқ. Ўзбекистон 2 йил олдин жиддий реформалар бошлади, лекин ташкилотга аъзо бўлиш борасида бошлаган ишларини давом эттириши керак.

— Ҳозирги шароитда Ўзбекистоннинг аъзоликка яқинлигини 10 баллдан неча балл деб баҳолайсиз?

— Ҳозир Ўзбекистон 5-поғонага етиб келди дейиш мумкин.

— Демак, йўлнинг ярмида эканмиз, йўлнинг қолганини босиб ўтиш учун қанча вақт кетади?

Шундай. Боя айтганимдек “старт”дан “финиш”гача бўлган йўл 3 йилдан 10 йилгача вақтни олади. Ўзбекистон аъзолик жараёнини 2 йил олдин бошлади, шу сабабли қолган жараён балки яна 2 йил, балки 3 йил олар. Реформалар қанча жадаллашса, ташкилотга аъзолик ҳам шунча тезлашади.

Бундан ташқари, ташқи омиллар ҳам борки, Ўзбекистоннинг ташкилотга аъзолигига бошқа аъзо мамлакатлар ҳам розилик билдириши керак, АҚШ, Европа Иттифоқи ва бошқалар.

— Қандай хатолар ортга қайтишга сабаб бўлади деб ўйлайсиз?

ЖСТга кириш жараёнида ҳозирги пайтда аъзо бўлиб турган мамлакатлардан розилик олиш, улар билан кўп ва икки томонлама музокаралар олиб бориш керак. Ҳукумат аъзолари Женевага борганда бошқа мамлакат аъзолари билан музокаралар олиб боради. Яъни улар Ўзбекистондаги савдо режими ва қонунчиликка қараб, масалан, интеллектуал мулк масалалари бўйича муаммоларни айтишлари мумкин. Ташкилотга аъзо мамлакатларда муаллифлик ҳуқуқлари, патент қонунчилиги бузилса, жиноий жавобгарлик белгиланган. Ҳозирча Ўзбекистонда бундай ҳуқуқларни бузганлик учун жиноий жавобгарлик йўқ. Аъзо мамлакатлар Ўзбекистонга шу талабни қўйиши мумкин.

Ўзбекистон ҳукумати ўзи бундай талабларни олдиндан аниқлаб, ЖСТга кириш жараёнини тезлаштириш учун чоралар кўрмоқда. Бироқ икки томонлама музокараларда ЖСТга аъзо мамлакатлар ҳам Ўзбекистоннинг савдога оид қонунчилиги ва бошқа жиҳатларини ўрганиб чиқиб, қўшимча шарт ва талаблар қўйиши мумкин. Баъзи ҳолларда Ўзбекистон уларнинг талабларини қабул қилиши мумкин, баъзан қабул қилмай ўрнига бошқа талаблар киритиши ҳам мумкин.

Ўзбекистон ЖСТга аъзолик учун нафақат ўзи тайёр бўлиши керак, балки ҳозирги аъзо мамлакатларнинг ҳам розилигини олиши керак.

— Ўзбекистон ҳукумати сув ва ичимликлар, шиналар, айрим маиший техникалар каби маҳсулотлар импортини камайтиришга қарор қилди. Ҳукумат буни маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш билан изоҳлайди, яъни савдони чеклаш ва протекционизм. Сиз нима деб ўйлайсиз, ҳукуматнинг бу ҳаракати ташкилотга аъзолик ишларини маъносиз қилиб қўймайдими?

— Мамлакатлар томонидан соҳаларни ҳимоялаш учун, яъни ташқи савдо рақобатига бардош бериш учун баъзи бир чоралар кўришга рухсат берилиши мумкин. Бироқ бунга ҳукуматнинг ўзи бошқа мамлакатлар билан музокараларда таклиф киритади ва муайян муддатга бунга рухсат берилади.

Масалан, бундай ҳолат Европада ҳам бўлиб туради. Ўзбекистонга ҳам ЖСТга аъзо бўлаётганда муайян иқтисодиёт секторларида бундай ҳимоя чораларига маълум муддат қўллашга рухсат берилиши мумкин.

— Ўзбекистондаги иқтисодий шароитни Европа бозори билан солиштириб бўладими? Айни ҳозирги шароитда бу истеъмолчиларнинг зарарига ишламайдими?

Мамлакатда маълум ишлаб чиқарувчилар ҳимоя қилинса, бу истеъмолчиларга қимматга тушади. Шу сабабли давлатлар бунақа қарорларни ўзлари қабул қилишади. Яъни улар иқтисодиётнинг ҳозирги ҳолатида қайси йўналиш, қайси зарурият кўпроқ мақбуллигини белгилашади.

АҚШми, Бразилия, Хитой ҳукуматими, ўзининг маълум ишлаб чиқарувчисини ҳимоя қилиш учун қандайдир чоралар қўллаётганда бу истеъмолчиларга қанчалик оғир таъсир қилиши ва нархлар ошиши каби факторларни инобатга олади.

— Бу контекстда импорти камайтирилаётган товарлар, айниқса, автомобил шиналарини ишлаб чиқариш саноати монопол бозор ҳисобланади. Бу қанчалик тўғри ва у Ўзбекистоннинг ЖСТга кириш мақсадларига зид эмасми?

— Агар сизнинг бозорингиз очилса, бозорда рақобат кучаяди, албатта. Бундан истеъмолчилар ютади. Аммо илгари ҳимояланган корхоналар бирдан рақобат муҳитига тушиб қолса, иқтисодий жиҳатдан қийинчиликка учраши мумкин. Шу пайтда бундай ҳимоя чоралари рақобат муҳитига мослашиш учун вақт беришга мўлжалланган. Лекин бундай ҳимоя чоралари доимий бўлиб қолишига рухсат берилмайди. Чекланган вақт, яъни бир неча йилга рухсат берилади.

ЖСТ қоидалари мамлакат миқёсида ҳаммага бирваракайига ҳимоя чорасини қўллашга рухсат бермайди. Бу муайян чекланган соҳаларда қисқа муддатга берилади холос.

— 2021 йилда ҳукумат импорт товарларга тариф квоталарини жорий қилди, аслида бу ҳам савдога чеклов. Расмийларнинг айтишича, бундай тариф квоталари ЖСТга аъзо 35 та мамлакатда ҳам бор. Бунга сизнинг фикрингиз қандай?

Ҳақиқатан ҳам ЖСТга аъзо 35 та мамлакатда бундай квоталар бор. Улар одатда озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига оид бўлган квоталардир. Ўзбекистон ҳам ўзининг музокаралари давомида бошқа ЖСТга аъзо мамлакатлардан розилик олиб муайян ечимга келиши керак.

— Аммо бу тариф квоталари мамлакатлар зарарига ишлаган. Ёмон тажрибани кўчиришимиз керакми?

— Фикрингиз тўғри, квоталар яхши таъсир қилиши ҳам мумкин, ёмон таъсир қилиши ҳам. Давлат томонидан ўз аҳолиси учун муайян товарларга талаб борлиги ва қанча ишлаб чиқарилишидан келиб чиқиб, квоталар тўғри белгиланиши керак. Яъни аҳолига зарур бўлган маълум бир қисми тариф квотасисиз олиб кирилади, ундан ошган миқдорига квоталар киритилади.

Бу чоралар тўғри қилинса ва ўртадаги баланс топилса, бу ижобий таъсир қилиши мумкин.

— Импортга чекловлар ва тўсиқлар Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиш жараёнини секинлаштирмайдими?

— Агар Ўзбекистон импортга қўйилган чекловларни олиб ташлаб, ўрнига тариф квоталарини жорий этса, бу ЖСТга кириш жараёнларини тезлаштиради. Савдога чекловлар орасида тарифлар маъқулроқ кўрилади. ЖСТга кириш жараёнларини ўтиш даврида тариф квоталари секинлаштирмайди.

Бой мамлакатларда импортга тарифлар ҳам, тарифга боғланган квоталар ҳам бор. Фақат фарқи, бой мамлакатларда тарифлар паст бўлади, тариф солинмайдиган квотанинг ҳажми ҳам катта бўлади. Ривожланаётган мамлакатларда фоиз юқори, квота ҳам кичик бўлади. Чунки ривожланаётган мамлакатларнинг тариф квоталаридан мақсади турлича. Биринчиси, ўзини импортдан ҳимоя қилиш бўлса, иккинчиси, божхона тушумлари орқали фойда олиш.

Мадина Очилова суҳбатлашди.

Мавзуга оид:

Мадина Очилова
Муаллиф Мадина Очилова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид