Жаҳон | 08:23 / 05.12.2022
6149
3 дақиқада ўқилади

ОПEК+ давлатлари нефть қазиб олиш бўйича чекловларни сақлаб қолди

ОПEК+ вазирлари Россия хомашёси нархининг юқори чегараси кучга кириши муносабати билан октябр ойида жорий қилинган нефть қазиб олиш квоталарини кучда қолдирди.

Фото: Reuters

Нефть экспорт қилувчи давлатлар ташкилотига (ОПEК) аъзо давлатлар ҳамкорлар билан биргаликда октябр ойи бошида келишиб олган нефть қазиб олишни қисқартириш чораларини ўзгартирмаслик ҳақидаги қарорга келди. ОПEК+ аъзо давлатлар вазирларининг 4 декабрь, якшанба куни бўлиб ўтган видеоконференциясида қабул қилинган қарор ҳақида тадбирнинг якуний коммюникесида маълум қилинди.

Баёнот матнига кўра, давлатлар, жумладан Саудия Арабистони, Россия, Бирлашган Араб Амирликлари ва Ироқ каби йирик нефть қазиб олувчилар ёнилғи қазиб олишни қисқартириш мажбуриятини тасдиқладилар - ноябрь ойидан бошлаб ОПEК+'га аъзо 23 мамлакат нефть қазиб олишни кунига икки миллион баррелгача камайтирди.

Чекловлар камида 2023 йил охиригача қолиши режалаштирилган. ОПEК+ коммюникесида таъкидланишича, ташкилотга аъзо мамлакатларнинг навбатдаги вазирлар йиғилиши 4 июнь куни бўлиб ўтади, бироқ вазирлар мониторинг қўмитаси «керак бўлса, бозор ўзгаришларига жавоб бериш» учун «исталган вақтда» давлат вакилларини чақириши мумкин.

ОПEК+ вазирлар конференцияси октябр ойида, ташкилот нефть қазиб олиш квоталари жорий этишга қарор қилган йиғилишдан сўнг ўтказилиши режалаштирилган эди. Бироқ, тадбир "катта еттилик" мамлакатлари денгиз орқали ташиладиган Россия нефти нархини бир баррель учун 60 доллар қилиб белгилагани фонида юз берди. Санкциялар Россиянинг Украинага давом этаётган ҳарбий босқинига жавобан жорий қилинган, Украина президенти Володимир Зеленский Россия нефти нархининг юқори чегарасини етарлича паст эмас деб танқид қилди.

G7 жазо чораси 5 декабрдан кучга киради ва Россия учун ёнилғи сотишни қийинлаштириши керак. Шу билан бирга, Кремль нархлар чегараси жорий этилишини қўллаб-қувватловчи давлатларга нефть етказиб беришни тўхтатиш билан таҳдид қилди.

АҚШ президенти Жо Байден ОПEК+'нинг октябр ойидаги нефть қазиб олишни қисқартириш қарорини «ҳафсаласизлик» деб атади. ОАВ маълумотларига кўра, дунёдаги асосий нефть қазиб олувчилардан бири бўлган ва АҚШнинг анъанавий иттифоқчиси ҳисобланган Саудия Арабистонининг чекловларни маъқуллаши Америка раҳбари учун ёқимсиз бўлган.

11 октябр куни Оқ уй Байден Яқин Шарқдаги ҳамкори билан муносабатларни қайта кўриб чиқишга интилаётганини эълон қилди. Президентнинг ўзи эса CNN телеканалида қандай қадамлар қўймоқчи эканлигини айтмаслигини билдирди, аммо «оқибатлари бўлади» деб ваъда берди.

ОПEК+'нинг ёнилғи қазиб олишни чеклаш тўғрисидаги қарори «фақат бозор мулоҳазалари билан белгиланади», деб тушунтирди ташкилот. Мутахассисларнинг фикрича, бу қисқартиришлар жаҳон бозорларида нефть нархини ошириши керак. Шу билан бирга, Халқаро энергетика агентлиги ижрочи директори Фотиҳ Бирол аввалроқ картелнинг позициясини танқид қилиб, бу инфляцияни келтириб чиқариши ва айниқса, ривожланаётган мамлакатлар иқтисодиётига салбий таъсир кўрсатишига ишора қилган эди.

Мавзуга оид