Ўзбекистон | 15:40 / 06.12.2022
11872
1 дақиқада ўқилади

Самарқандда ака ва ука ўртасидаги жанжал қотиллик билан якун топди

Ака маст ҳолда оилавий можаролар сабаб укасини пичоқлаган.

Самарқанд туманида ака ўз укасининг қотилига айланган. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, 2022 йил 1 декабр куни Самарқанд тумани Қайнама маҳалласидаги автомобилларни таъмирлаш устахонасида ака ва ука ўртасида жанжал содир бўлган.

Жанжал давомида ака укасига ошхона пичоғи билан бир неча марта зарба берган. Оқибатда, оғир тан жароҳатлари олган ука вафот этган.

Дастлабки суриштирув натижасида қотиллик оилавий можаролар ва маст қилувчи ичимлик таъсири остида содир этилгани аниқланган.

Ҳодиса юзасидан қотиллик содир бўлган маҳаллада вилоят ИИБ бошлиғи иштирокида муҳокама йиғилиш бўлиб ўтган. Йиғилишда маҳалла мутасаддилари ҳамда участка профилактика инспекторининг фаолияти кескин танқид остига олинган.

Аввалроқ, 2022 йил 29 ноябр куни Нуробод туманида икки мастнинг ўзаро жанжали ўлим билан якун топганди.

Мавзуга оид