Генерал Жўрабекнинг сирли ўлими – Чор Россиясига қарши мардона жанг қилган Китоб беги аслида ким бўлган?
Генерал Жўрабекни айримлар Туркистон мустақиллиги учун курашган шахс дейишса, бошқалар бекни чор Россиясига «садоқат билан» хизмат қилган хоин сифатида таърифлашади. Аввалига Китоб беклигини бошқарган, сўнг Россия армияси сафида хизмат қилиб, генерал унвонини олган бу шахснинг ҳаёти осон кечмаган. Генерал Жўрабек 65 ёшида Тошкентда сирли равишда ўлдирилган. Кимдир уни руслар, яна кимдир қасос олиш мақсадида маҳаллий аҳоли ўлдирган дейди.
Манбаларга кўра, Жўрабек 1840 йили Китоб беклигига қарашли Гулгунпуш қишлоғида Қаландарқори хонадонида туғилган. Ўша пайтларда Бухоро амирлиги Китоб ва Шаҳрисабз бекликларини ҳали тўлақонли ўзига бўйсундира олмаган, икки ўртада қуролли тўқнашувлар содир бўлиб турарди.
1852 йили Бухоро амири Насрулло Шаҳрисабзга бостириб кириб, шаҳар аҳлидан ўзига қарши чиққанларни қиличдан ўтказади. Шунингдек, бир гуруҳ ўсмир ёшдаги болаларни кейинчалик сорбоз қилиб тарбиялаш мақсадида Бухорога олиб кетади. Улар орасида 12 ёшли Жўрабек ҳам бор эди.
Тўрт йил амир хизматида бўлган Жўрабек, 16 ёшида унинг ишончини қозонади ва тўқсабо унвонини олишга эришади. Бу лавозим бир қисм сарбозларга лашкарбошилик қилиш имконини берарди. Кейинчалик, Жўрабек Китоб беклигининг беги бўлади.
Таниқли олим Шариф Юсуповнинг ёзишича, Жўрабек жасур, шердек бақувват, ўткир мерган, ҳарбий жанг санъатини пухта ўзлаштирган шахс бўлган. Жўрабек ҳар қандай мураккаб ишларни уддалашга қодирлиги билан нафақат ўз ҳамюртларини, ҳатто чет эллик кўпни кўрган кишиларни ҳам ҳайратга солган.
Жўрабек Китоб беклигининг беги бўлган даврда у билан учрашган инглиз сайёҳи Скайлер бекнинг мерганлик маҳоратидан жуда лол қолган. Бу ҳақда Ю.Рассел 1878 йилда Петербургда чоп этган «Ўрта Осиё маданияти ва Шарқдаги сиёсатимиз» китобида келтириб ўтган.
Жўрабек Китоб беклигини бошқарар экан, амир билан бир неча марта турли ихтилофларга боради.
«Жўрабек табиатан адолатпарвар, инсофли одам бўлганидан ўзи ҳокимлик қилган Шаҳрисабз-Китоб музофоти аҳолисига Бухоро амири томонидан солинадиган кўпдан кўп солиқларга қарши ўқтин-ўқтин норозилик билдириб турар, уларнинг айримларининг бекор қилинишига муваффақ бўлар эди. Амир исёнкор бекдан тезроқ қутулишни истар, бек эса ҳа деганда бўй беравермас эди», деб ёзганди Шариф Юсупов «Шаҳзода, Генерал ва Фурқат» асарида.
Ана шундай вазиятда 1865 йилда аввалига Тошкентни эгаллаган Чор Россияси армияси Бухоро амирлиги учун жиддий хавф туғдира бошлайди ва унинг ҳудудига бостириб киради.
Амир Музаффар қўшинлари Россия ҳарбийлари билан бўлиб ўтган жангларда енгилади. Руслар 1866 йилда Жиззахни, 1868 йилда Самарқандни эгаллайди. Амир Музаффар руслар билан битим тузиб, Россия вассаллигини қабул қилишга мажбур бўлади.
Амирнинг руслар билан шармандали битим имзолагани Жўрабек ва унинг дўсти Шаҳрисабз беги Бобобекка ёқмайди. Улар амирнинг ўғли Абдумалик билан иттифоқ тузиб, Самарқандга қўшин тортади.
Русларга қарши жанглар ва мағлубият
Жўрабек ва Бобобек бошчилигидаги қўшин келаётганини эшитган Самарқанд аҳли русларга қарши бош кўтаради. Шаҳрисабздан келаётган 20 минг кишилик қўшин Самарқанднинг озодлиги учун курашаётган қўзғолончиларга қўшилади. Бўлиб ўтган шиддатли жанглардан кейин Самарқанд қайтариб олинади.
Шундан сўнг Кауфман Тошкентдан катта қўшин жўнатади. Россия армияси тўп, милтиқ каби ўточар қуролларга эга эди. Шу сабабли улар қилич, найза каби ибтидоий қуроллар билан ўзига қарши чиқаётган Жўрабек бошлиқ самарқандлик қўзғолончиларнинг қўшинини осонгина енгиб қўяди. Бек Самарқандни ташлаб чиқиб, чекинишга мажбур бўлади.
Шаҳрисабзга қайтган Жўрабек ўзига қарши чиққан амир Музаффар қўшинларига қарши жанг қилади ва уларни енгиб чиқади. Шундан сўнг амир Музаффар Кауфмандан ёрдам сўрайди.
Кауфманнинг буйруғи билан Самарқандга ўрнашган рус қўшини Китобга бостириб боради. Жўрабек ўз сарбозлари билан русларнинг кичик бўлинмаларини бир неча марта енгади.
Шундан сўнг Кауфман Китоб ва Шаҳрисабзни эгаллаш учун йирикроқ ҳарбий бўлинмаларни ташлайди. Ўзаро тенг бўлмаган жангларда Жўрабек ва Бобобекнинг қўшинлари енгилади. Шу тариқа, 1870 йилнинг кузига келиб руслар Китоб ва Шаҳрисабз бекликларини ҳам босиб олади ва уларни амир Музаффарга қайтариб беради.
Амир Музаффарнинг хоинлиги туфайли енгилган Жўрабек ва Бобобек тоғлар орқали Қўқонга қочишади. Уларнинг мақсади Қошғарга бориб, қўшин тўплаб келиш эди.
Аммо улар Қўқон хонлиги ҳудудига киришгач, Худоёрхон ўз навкарларига уларни тутиб келишни буюради. Навкарлар Жўрабек ва Бобобекни тутиб боришгач Худоёрхон фон Кауфманга ўзининг дўстлигини исботлаш илинжида уларни аввал Хўжандга, сўнг Тошкентга юборади.
Жўрабек руслар хизматида
Фон Кауфман одамлар билан муомала қилишда устаси фаранг бўлган. У Жўрабек ва Бобобекни аввалига бир муддат уй қамоғига тиқиб қўяди. Кейин эса уларни ўзига оғдириб олиш учун озод қилади. Ҳар икки бекка совғалар бериб, уларни зиёфат қилади.
Руслар Қўқон хонлигига юриш қилишни бошлаганда Худоёрхоннинг хиёнатида қаттиқ ранжиб юрган Жўрабек ва Бобобек Кауфмандан бу урушда қатнашиш учун рухсат сўрайди.
Шундан сўнг икки бек Скобелев отрядига қўшилишади ва Қўқон хонлигининг турли шаҳарларини босиб олишда иштирок этишади.
Жўрабек Худоёрхондан қасд олиш учун рус аскарлари билан Қўқон хонлигини босиб олишда иштирок этади ва бу унинг шаънига доғ туширади.
Шариф Юсуповнинг ёзишича, Жўрабекнинг рус армияси хизматига ўтиши қай тариқа содир бўлгани ҳақида Николай Остроумов фон Кауфман ҳақидаги китобида қисқача келтирган.
«Собиқ Шаҳрисабз беги, ҳозирда рус армияси полковниги Жўрабек фон Кауфман генерал-губернатор бўлган вақтда рус қўшинлари томонидан енгилиб, Тошкентга олиб келинган ва маълум муҳлат ҳибсда сақланган эди. Шундан сўнг генерал Кауфман уни ўз боғига таклиф этади ва шунақанги муомала топадики, Жўрабек ўзи учун бутунлай бегона бўлган янгича ҳаёт тарзига кўниб, рус армияси хизматида қолишга мажбур бўлади», деб ёзган Остроумов.
Кейинчалик, 1880 йилда Фарғона водийсининг турли ҳудудларида русларга қарши исёнлар содир бўлганда Жўрабек уларни бостиришда қатнашади. Шундан сўнг ўша йили унга полковник унвонини беришади.
Аммо кўп ўтмай Жўрабек чор Россиясининг Туркистон халқларига нисбатан амалга ошираётган сиёсатининг асл моҳиятини тушуниб етади ва унда норозилик кайфияти шакллана бошлайди.
Айниқса, фон Кауфман вафот этиб, унинг ўрнига 1882 йилда Туркистон генерал-губернатори этиб тайинланган генерал-лейтенант М.Г.Черняев даврида бу яққол сезилади.
Жўрабек генерал Черняев фаолиятини очиқча танқид қилади, у тутган йўл адолатсиз эканини айтади. Черняевга нисбатан Туркистонда келиб чиққан норозиликлар туфайли 1884 йилда император уни Россияга чақириб олади.
Черняевдан кейин Туркистон генерал-губернатори бўлган Н.Розенбах, А.Вревский, С.Духовский, Н.Иванов ва Н.Тевяшов Жўрабекнинг маҳаллий аҳоли ўртасидаги обрў-эътиборини инобатга олиб, у билан яхши муносабатда бўлишга уринишади.
1884 йили полковник Жўрабек 4-даражали муқаддас Владимир ордени билан мукофотланади. 1901 йили унга «генерал» унвони берилади. 1904 йилда эса у 3-даражали муқаддас Владимир ордени билан тақдирланади.
Худоёрхоннинг хотинига уйланмоқчи бўлган Жўрабек
1879 йилда Қўқон хони Худоёрхон ҳажга бориб қайтишда вафот этади. Бу пайтда унинг хотини Оғача ойим икки фарзанди билан Туркистонда яшаётганди. Эрининг вафотини эшитган аёл болаларини олиб Тошкентга қайтиб келади ва шу ерда яшай бошлайди.
Ўша пайтда Жўрабек ҳам Тошкентда яшарди. Шариф Юсуповнинг ёзишича, Оғача ойим Тошкентда яшар экан, Жўрабек унга уйланишга қарор қилади. Аммо аёл кўнмайди.
Жўрабек Оғача ойимга дўқ-пўписа ҳам қилиб кўради. Шунда Оғача ойим унга «Мен хон хотиниман, саллотнинг тенги эмасман» деб жавоб беради. Жўрабек шундан сўнг аёлни тинч қўяди.
Жўрабек нега Оғача ойимга уйланишга қарор қилгани ҳақида аниқ гаплар йўқ. Балки бек бир пайтлар ўзини фон Кауфманга тутиб берган Худоёрхондан, гарчи Қўқоннинг собиқ хони вафот этиб кетган бўлса-да, шу тахлитда ўч олишга уринган бўлиши ҳам мумкин.
Орадан йиллар ўтиб Худоёрхоннинг кенжа ўғли Фансуруллобек улғайгач Жўрабек қизини унга бериб, хонзодани куёв қилиш ҳаракатига тушади. Оғача ойим унинг бу таклифига қаршилик билдирмайди. Шу тариқа Жўрабек Оғача ойим билан қуда, Фансуруллобекка эса қайнота бўлади.
Туркистон озодлиги учун тарғиботлар ва суиқасд
1905 йилда Санкт-Петербургда халқ қўзғолон кўтаради. Бу қўзғолон Россияда «Биринчи инқилоб» деб аталади. Пойтахтда қўзғолон бошланганда вазиятдан фойдаланган Жўрабек дўсти Бобобек билан Тошкентда Туркистон озодлиги учун тарғиботларни бошлаб юборади.
Жумладан, 1905 йили 16 ноябрдан 29 декабргача генерал Жўрабек тўрт марта зиёлилар мажлисини ўтказади. Бу мажлисларда Туркистон халқларига сиёсий ва иқтисодий эркинликлар яратилиши талаб қилинганди.
Генералнинг ўз дала ҳовлисига кўплаб миллат фидойиларини йиғиб, Туркистон озодлиги учун мажлислар ўтказаётгани рус босқинчиларига ёқмайди.
1906 йил 24 январ куни тунда Жўрабек Қорасувдаги дала ҳовлисида сирли равишда ўлдириб кетилади. Ўшанда босқинчилар генералнинг уйига қандай кириб олганини ҳеч ким сезмай қолади.
Жўрабекнинг ўлими турлича талқин қилинади. Кимдир бу ишда Туркистон генерал-губернаторининг қўли борлигини айтса, баъзилар бунга унинг жадидлар отаси Исмоилбек Гаспирали билан махфий учрашувлари сабаб бўлган, дейишади.
Жўрабекнинг сирли ўлими чор Россияси ҳукумати томонидан амалга оширилгани ҳақиқатга яқинроқ. Чунки генералнинг рус босқинчиларидан бошқа душманлари бўлгани ҳақида умуман маълумот йўқ.
Жўрабек рус армиясидан истеъфога чиққач, жадид мактабларини фаол тарғиб қилган. Унинг бундай маорифпарварлик фаолияти ҳақида у билан учрашган қримтатар маърифатпарвари Исмоилбей Гаспирали кейинроқ унинг фожиали ўлдирилиши муносабати билан ёзган таъзияномасида шундай фикрларни билдирган:
«Генерал Жўрабек авваллари Китоб шаҳрининг мустақил ҳукмдори бўлиб, Русиянинг душмани сифатида асир тушган ва Туркистон ишларида Русияга садоқат билан хизмат қилган. Марҳум туғма аскар бўлиш билан баробар илм ва маорифни ҳам жуда севган бир киши эди. «Таржимон»ни (газета назарда тутиляпти) чиққан кунидан бери доимий ўқувчиларидан эди. Оллоҳ ундан ўз раҳматини дариғ тутмасин».
Марказий Осиё тарихини ўрганган академик В.В.Бартолд Жўрабек билан ҳамсуҳбат бўлган ва унинг жуда кенг билимга эгалигини ўз асарларида ҳайрат билан ёзган эди.
Жумладан, Бартолд «Туркистоннинг маданий ҳаёти» асарида генерал Жўрабек билан учрашганда бўлиб ўтган суҳбат тафсилотларини шундай тасвирлайди: «Жўрабек шундай дейди: «Подшо (рус подшоси) ҳукмронлиги худди мўғул ҳукмронлигига ўхшайди. Уларда ҳам, русларда ҳам юқори лавозимларга ёмон кишилар — худбин, шахсиятпараст ва молпарастлар тайинланган».
Жўрабек ўлдирилгандан бир неча кун ўтиб «Туркестанская вьдомости» газетасида у ҳақда мақола берилади. Мақолада генерал талончилик қурбони бўлгани ёзилган эди:
«Марҳумнинг душманлари йўқ эди. Шубҳасизки, қотиллик талончилик мақсадида содир этилган: генерал Жўрабек жаноби олийлари Бухоро амирига ажойиб боғини ижарага бергани учун куни кеча бир неча минг сўм пул олган эди. Жиноятчилар жавондаги барча буюмларни, ёзув столи ғаладонларини, гардеробни ағдар-тўнтар қилиб ташлашибди, лекин чамаси, фақат пулларни ўғирлаб кетишибди, холос. Қимматбаҳо буюмларга, жумладан, жавонда турган ўқланмаган тўппончага (ҳозирги замонда қимматбаҳо ҳисобланадиган буюм) қўл теккизилмаган…» (Набижон Боқийнинг «Генерал Жўрабекни ким ўлдирган?» мақоласидан)
Руслар томонидан чоп этилган газетадаги хабардан ҳам уқиш мумкинки, босқинчилар омманинг кўтарилиб кетишидан қўрқиб унинг ўлимини оддий ўғирликка боғлашган.
Таниқли ёзувчи Набижон Боқий 1988 йилда «Ёшлик» журналида эълон қилинган «Генерал Жўрабекни ким ўлдирган?» мақоласида шундай дейди:
«Расмий ҳужжатларда генерални чакана ўғрилар ўлдиришди деб қайд этилган. Лекин ўша кезлардаги сиёсий вазиятни назарда тутсак, генерал Жўрабек тасодиф туфайли ҳалок бўлганига ишониш қийин; у миллий қасоскорлар томонидан Инқилоб номи билан қатл этилган бўлиши мумкин. Чунки Жўрабек ўз халқига хиёнат қилган эди: у мустамлакачиларга сидқидилдан хизмат қилади, мустамлакачилик зулмига қарши курашган халқ қўзғолончиларини қонга ботиради. Бунинг эвазига чор ҳукуматидан садақалар олади».
Набижон Боқий ўз мақоласида «Жўрабек миллий қасоскорлар томонидан Инқилоб номи билан қатл этилган бўлиши мумкин», деган бўлса ҳам бу талқин ҳақиқатдан анча йироқ.
Чунки Жўрабек рус босқинчилари билан Қўқон хонлигини босиб олиш учун олиб борилган урушларда 1874-75 йилларда қатнашган эди. Фарғона водийсида русларга қарши кўтарилган қўзғолонларни бостириш учун олиб борилган жангларда 1880 йилда иштирок этган. Орадан кўп ўтмай Жўрабек ҳарбий хизматдан истеъфога чиққан.
Жўрабек ўлдирилган вақтда унинг руслар билан бирга қўзғолончиларга қарши олиб борилган жангларда иштирок этганига 20-25 йиллар бўлган, бу пайтга келиб маҳаллий аҳоли руслар қўл остида яшашга кўниккан ва кўп ишлар унутилиб кетганди.
Агар Жўрабекни Қўқон хонлигига қарши урушгани ёки маҳаллий аҳолининг қўзғолонларини бостиришда иширок этгани учун қасос олиш сифатида ўлдирмоқчи бўлишса, ҳали излар совимасдан туриб бунга имконият бўлган. Аммо унга ҳеч ким тажовуз қилмаган.
Қолаверса, Жўрабек Чор Россияси армиясидан ўлдирилишидан анча йил аввал истеъфога чиққан ва 1905 йилда содир бўлган биринчи инқилобгача ҳамда ундан кейин асосан Туркистон озодлиги учун қайғуриб келган.
Набижон Боқий ўзининг мақоласида унинг руслар томонидан ўлдирилган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги яна бир тахминни илгари суради:
«Генерал Жўрабекнинг фожиали ўлимига оид иккинчи фараз ҳам мавжуд: гўё у умрининг охирларида прогрессив рус зиёлилари билан дўстона муносабат ўрнатган эмиш ва Туркистон генерал губернатори иштирок этган кўпгина базми жамшидларда чоризмнинг мустамлакачилик сиёсатини қоралаганмиш. Эҳтимол, кейинчалик Жўрабекнинг виждони қийналгандир; кеч бўлса-да кўзи очилгандир — тиз чўкиб яшашдан кўра, тик туриб ўлмоқни афзал деб билгандир. Балки биринчи рус буржуа-демократик инқилоби таъсирида, «Халқим!» деб жонларини фидо қилаётган рус инқилобчилари таъсирида Жўрабекнинг ўттиз-ўттиз беш йиллик кўр-кўрона садоқати путурдан кетгандир?.. Шунинг учун оқ подшо айғоқчилари томонидан ўлдирилган бўлса ҳам ажаб эмас».
Жўрабекнинг ўлдрилиши бўйича билдирилган турли тахминлар орасида мана шуниси ҳақиқатга анча яқинроқ. Чор Россиясига жонини тикиб хизмат қилганида аввалига полковник, сўнг генерал унвони ва орденлар берилган Жўрабек армиядан истеъфога чиққач Туркистон озодлиги ҳақида қайғуриб, рус босқинчилари учун исталмаган шахсга айланганди. Шундан сўнг унга суиқасд қилинган.
Жўрабекнинг бой кутубхонаси
Генерал Жўрабек илм аҳллари, адиблар билан дўстона алоқада бўлади. Ўзининг Қорасувдаги боғида тез-тез илм мажлислари уюштиради. Шунингдек, Тошкентдаги мадрасаларда таълим олаётган талабаларнинг таъминоти учун маблағ ажратиб туради.
Бундан ташқари, унинг ўзи ҳам шарқ олимлари меросини қунт билан ўрганади умри давомида илм-маърифатга катта аҳамият беради.
Жумладан, 1876 йилда Жўрабек Петербургга шарқшунослар конгрессига вакил қилиб юборилади. Бу анжуманда у чиқиш қилади ва ўз билими билан кўпчилик шарқшуносларни лол қодиради.
Илм-фанга муҳаббати туфайли унинг кўплаб нодир асарларга бой кутубхонаси бўлган. Кутубхона Қорасувдаги дала ҳовлисидаги бинода жойлашган ва Жўрабек илм аҳллари билан асосан шу ерда мажлислар ташкил этган.
Жўрабек ўлдирилгандан сўнг унинг Қорасувдаги дала ҳовлиси фарзандлари ихтиёрида қолади. Октябр тўнтаришидан сўнг дала ҳовли ва у ерда бўлган кутубхона генералнинг болаларидан тортиб олиниб, давлат ихтиёрига ўтиб кетади.
Советлар даврида дала ҳовлидан турли мақсадларда фойдаланилади. Мустақилликдан кейин дала ҳовли маҳалла идораси сифатида ишлаб келяпти. Ҳозирги кунда Жўрабекнинг дала ҳовлисидаги бинолар кўчмас маданий объект сифатида муҳофазага олинган.
Унинг кутубхонасидаги турли китоблар ва қўлёзмалар аввалига Шарқшунослик институтида, сўнгра Миллий университетнинг асосий кутубхонасига ўтказилган.
Жўрабек ва шоир Фурқатнинг дўстлиги
Жўрабек кўплаб илм аҳллари ва адиблар билан, шу жумладан шоир Фурқат билан ҳам дўст тутинган эди.
Фурқат Тошкентдалигида Жўрабек билан кўп мартоба учрашади, унинг кутубхонасидан кўп маротаба фойдаланади.
Шариф Юсуповнинг ёзишича, Шаҳрисабз бегининг илм аҳлларига ва адибларга бўлган ҳурмати ва бошқа фазилатлари шоир Фурқатга манзур бўлган. У Тошкентда яшаган вақтида кўп вақтини Жўрабекнинг кутубхонасида ўтказади.
Қолаверса, Жўрабекнинг рус тилини, рус классик адабиётини йирик мутахассислар даражасида билиши ҳам Фурқатни лол қолдирган. Бундан ташқари, Фурқатни Жўрабек билан боғлаб турган ришталар кўп бўлган.
Икки йил Тошкентда яшаган Фурқат дунё бўйлаб саёҳатга отланади ва 1893 йилда саёҳатнинг сўнгида Шарқий Туркистондаги Ёркент шаҳрига бориб, шу ерда турғун яшаб қолади. Шундан сўнг у анча йил Жўрабек билан ўзаро мактуб ёзишиб туради.
«Фурқат Ёркентга келиши биланоқ ёзилган мактубида (у 1893 йил 15 ноябрда «Туркистон вилоятининг газети» газетасида эълон қилинган) «Жаноби полковник Жўрабекка кўп салом» йўллаши, ҳатто Тошкентга ёзилган энг сўнгги саломномасида (у 1905 йил 15 да битилган) «Ҳурматли Жўрабек додхоҳга саломимиз бор» дея қайта-қайта эҳтиром кўрсатгани бежиз эмас», деб ёзади Шариф Юсупов.
Жўрабек қурдирган масжид
Генерал дин аҳлларини ва олимларини ҳам жуда ҳурмат қилган. Масжидларга ёрдам берган. Шунингдек, Тошкентда ўз маблағлари ҳисобидан масжид қурдирган.
Жўрабек қурдирган масжид ҳозирги «Ислом ота» масжиди ўрнида бўлган ва октябр тўнтаришидан бир неча йил ўтиб, манфур тузум томонидан динга ҳужумлар уюштирилганда ёпиб қўйилади.
Кейинчалик, 1941 йилда масжид қайта очилади ва фаолият кўрсата бошлайди. Ўзбекистон мустақилликка эришгач масжид биноси кенгайтирилади. Аммо 2015 йилда содир бўлган ёнғинда масжиднинг асосий хонақоҳига жиддий зарар етади.
Шундан сўнг бу ерда янги масжид қурилиши бошланади. 7 ой деганда замонавий, маҳобатли янги масжид қуриб битказилади. Ҳозирги кунда ушбу масжид «Ислом ота» номи билан намозхонларга хизмат қилмоқда.
Ғайрат Йўлдош тайёрлади.
Мавзуга оид
13:30
Трамп ютса урушни бир суткада тўхтатишни ваъда қилганди. У ютди — хўш?
15:10 / 09.11.2024
Россияда картошка ва сариёғ нархи кўтарилишда давом этмоқда
14:30 / 09.11.2024
Зеленский РФ билан хавфсизлик кафолатларисиз сулҳ тузишни рад этди
13:49 / 09.11.2024