Ўзбекистон | 12:24 / 09.12.2022
2446
2 дақиқада ўқилади

БМТ жамғармаси Ўзбекистон қишлоқ хўжалигига 600 млн доллар инвестиция киритади

Италия пойтахтида БМТ Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш халқаро жамғармаси ижроия кенгаши виртуал шаклдаги маслаҳатлашуви бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё”.

Фото: Kun.uz

Учрашувда жамғарма Яқин Шарқ, Шимолий Африка, Шарқий Европа ва Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Дина Салех сўзга чиқиб, жамғарма кейинги 5 йилдаги Ўзбекистонга оид мамлакат стратегик имкониятлари дастурини тақдим қилди.

Камбағалликни камида 2 бараварга қисқартириш, деҳқон ва фермерлар даромадини камида 2 баравар кўпайтириш, янги иш ўринлари яратиш, рақобатбардошликни ошириш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш вазифаларини қўллаб-қувватлаш ушбу дастур асосий мақсади экани маълум қилинди.

Халқаро жамғарма томонидан ўз маблағлари ва қўшимча молия ресурслари ҳисобидан Ўзбекистон қишлоқ хўжалигига 600 миллион доллардан зиёд инвестиция киритилиши маълум қилинди.

Ушбу дастур орқали мамлакатда 205 мингдан зиёд деҳқон ва фермер хўжаликлари қамраб олиниши, ёшлар ва аёллар имкониятлари яхшиланиши ҳамда иқлим ўзгаришига мос бизнес моделлари ишлаб чиқилиши режалаштирилган.

Дина Салех жамғарма иштирокида жорий йил октябрь ойида Ўзбекистонда ўтказилган халқаро тадбирда ушбу дастур маҳаллий жамоатчилик томонидан кенг муҳокама қилинганини таъкидлади ҳамда жамғарма мамлакат миқёсидаги фаолиятини янада ошириш мақсадида Тошкентда ваколатхона очилишини олқишлади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид