Жаҳон | 23:11 / 14.12.2022
6463
2 дақиқада ўқилади

2022 йилда дунёда рекорд даражада кўп журналист ҳибсга олинди 

Энг ёмон вазият Хитойда бўлиб, бу мамлакатда юздан ортиқ журналист қамоқда экани айтилди. 

Фото: Leo Ramirez/AFP/Getty Images

2022 йилнинг 11 ойи давомида дунё бўйлаб 533 нафар журналист ҳибсга олинган – бу рекорд бўлиб, ўтган йилги кўрсаткичдан 13,4 фоизга кўпдир. Бу ҳақда «Чегара билмас мухбирлар» (RSF) халқаро ташкилотининг йиллик ҳисоботида маълум қилинди. 

Ҳибсдаги журналистларнинг аксарияти Хитойда - 110 киши. «Цензура ва таъқиб ҳаддан ташқари даражага етган Хитой журналистлар учун ҳамон дунёдаги энг катта қамоқхонадир», дейилади ҳужжатда. 

Ҳибсга олинган журналистлар сони бўйича иккинчи ўринда Мянма туради (62 нафар). Ундан кейинги ўринларда Эрон (47), Вьетнам (39) ва Беларус (31) бормоқда. Россияда 18 журналист ҳибсга олинган. 

Касбий фаолияти туфайли ҳибсга олинган оммавий ахборот воситалари ходимларининг 15 фоизини аёллар (78 нафар) ташкил этади, бу 2021 йилга нисбатан қарийб 30 фоизга кўпдир. Бу кўрсаткич ҳам рекорд ҳисобланади. Беш йил олдин бутун дунё бўйлаб ҳибсга олинган журналистлар орасида аёллар улуши 7 фоиздан кам эди. 

«Чегара билмас мухбирлар» ташкилотига кўра, айни дамда дунё бўйлаб камида 65 нафар журналист ва оммавий ахборот воситалари ходимлари гаровда қолмоқда, икки нафари бедарак йўқолган. Жорий йилда ўлдирилган журналистлар сони 57 нафарга етди, бу 2021 йилга нисбатан 18,8 фоизга кўп. Мексика кетма-кет тўртинчи йил журналистлар учун энг хавфли давлат деб топилди, бу ерда 11 нафар ОАВ ходими ҳалок бўлди. 

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид