Ўзбекистон | 14:28 / 15.12.2022
1438
2 дақиқада ўқилади

Тошкент тиббиёт академиясида педиатрия соҳасидаги муаммоларга бағишланган Халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди

15 декабр куни Тошкент тиббиёт академиясида бўлиб ўтган Халқаро илмий-амалий конференцияда педиатрия соҳасидаги муаммо ва таклифлар муҳокама қилинди.

Фото: Тошкент тиббиёт академияси

Бугун, 15 декабр куни Тошкент тиббиёт академиясида педиатрия соҳасидаги муаммо ва таклифларни ўрганиш мақсадида Халқаро илмий-амалий конференция ташкил этилди. Унда Россия, Қозоғистон, Литва, Ҳиндистон ҳамда республикамиздаги тиббиёт олийгоҳларидан  болалар касалликлари бўйича етук мутахассислар иштирок этди.

Таъкидлаш жоизки, Тошкент Тиббиёт Академиясининг ёш мутахассислари, магистр ва клиник ординаторлари, илмий ходим ва тиббиёт олийгоҳларининг юқори курс талабалари учун бу конференциянинг аҳамияти катта.  Йиғилишда болалар касалликларининг долзарб муаммоларига доир турли қарашлар, болалар шифокорлиги йўналишида мутахассислар етишмаслиги, замонавий диагностика бўйича кадрларга эҳтиёж масаласи муҳокама қилинди.

Маълумотларга кўра, айни кунда республика бўйича жами педиатрия муассасалари сони 117та бўлиб, ажратилган педиатр штати 4326та, ҳозирги кунда банд бўлган штат 3494 ставкага тўғри келмоқда. Унда 2078та врач педиатр ишламоқда, педиатрия соҳаси кадрлар танқислиги юқорилиги, педиатрия ихтисослиги бўйича кадрлар тайёрлаш зарурлигини кўрсатади. Баъзи бир ҳудудларда педиатр шифокорлар етишмаслиги кузатилади. 

Анжуманда Тошкент тиббиёт академиясининг олдида турган энг асосий вазифалардан бири янги очилган педиатрия факультетининг имкониятларини ошириш, педиатрлар тайёрлаш учун профессор-ўқитувчилар илмий салоҳиятини ошириш, моддий –техник базасини яхшилаш устида иш олиб боришга келишиб олинди.

Тошкент тиббиёт академияси матбуот хизмати.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид