Жаҳон | 18:57 / 16.12.2022
34185
2 дақиқада ўқилади

Россиялик сенатор: Биз Туркманистондан Озарбойжонга газ қувури қурилишига рухсат бермаймиз

Россия Транскаспий газ қувурининг барпо этилишига «экологик сабаб» туфайли қаршилик қилмоқчи.

Фото: РИА Новости

Россия Федерация Кенгашининг аъзоси Александр Башкин Туркманистон-Озарбойжон транскаспий газ қувури қурилишига рухсат берилмаслигини маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, Ғарб экспертлари туркман гази Боку орқали Туркияга, у ердан эса Европага экспорт қилиниши, бу билан Россия газига қарамликдан озод бўлиш мумкинлигига бекорга умид қилмоқда.

«Шуни билиш керакки, Каспий денгизининг мақоми тўғрисидаги бешта Каспий давлати томонидан имзоланган ҳужжатга кўра, барча давлатлар ўзаро муносабатларда ҳар қандай лойиҳаларни амалга оширишга розилик бериши керак, айниқса экологик хавфсизлик соҳасида. Сув остидан ётқизиладиган газ қувури Каспий денгизининг экологик хавфсизлигига таҳдид солиши сабабли, Россия унинг қурилишига рози бўлолмайди», деди сенатор.

«Айни пайтда Туркманистоннинг иқтисодий манфаатларидан хавотирланишга ҳожат йўқ. Бизга дўстона бўлган ушбу давлат газининг ҳар қандай ҳажмини Хитой, Ҳиндистон ва Россия қабул қилишга қодир», деб хулоса қилди Башкин.

13-14 декабр кунлари Туркманистоннинг Овоза туристик зонасида Озарбойжон, Туркия ва Туркманистон раҳбарлари саммити ўтказилди ва унда Транскаспий газ қувури лойиҳаси яна муҳокама қилинган бўлиши мумкин. Туркманистон матбуотида газ қувури мавзуси деярли тилга олинмади. Шу билан бирга, Россиянинг «Коммерсант» нашри туркман газини Озарбойжон орқали Европага етказиб беришни ташкил этиш гўёки саммитнинг асосий мақсади бўлганини ёзди.

Мавзуга оид