Жаҳон | 13:58 / 17.12.2022
35302
11 дақиқада ўқилади

«Ишдаги ишқ» – Лондонда ишлаётган КГБ ходими котибаси билан оила қуриш учун Буюк Британиядан бошпана сўраган эдими?

Фото: KUN.UZ

XX-асрда дунёнинг иккита қутбини бошқарган АҚШ ва СССР бир-бирига қарши нафақат ошкора, балки пинҳона жиддий кураш олиб борган. Ҳар икки давлатнинг махсус хизматлари қарши томоннинг айғоқчиларини йўлдан уриб, ўзи томонга оғдиришга ҳаракат қилган.

Бунда АҚШнинг Марказий разведка бошқармаси (МРБ) жосусларидан кўра, КГБ ходимларини сотиб олиш осонроқ бўлган. Шу сабабли ҳам ўтган асрнинг 60-70-йилларида КГБнинг кўплаб ходимлари Ғарб давлатларидан, жумладан АҚШдан сиёсий бошпана сўраган ва ўша ёққа кўчиб ўтган.

Совет жосуслари Ғарбга қочиб ўтар экан, ўзи билган жуда кўплаб муҳим маълумотларни рақибларга «сотарди». Бундай ҳолатларда КГБ ошкор бўлган жосусларини Ғарбдан тезда эвакуация қилар ва уларнинг ўрнига бошқаларини юборарди.

КГБ жосуси Олег Лялиннинг Буюк Британиядан сиёсий бошпана сўраши ҳам шундай якун топганди. Унинг Британия разведка хизмати МИ-5 билан ҳамкорлик бошлаши ортидан КГБ бу давлатдаги барча жосусларини олиб чиқишга мажбур бўлганди.

Олег Лялин ҳақида

Олег Лялин 1937 йилда Ставропол ўлкасида туғилган. У мактабни битиргач Одессадаги савдо флотлари учун мутахассислар тайёрлайдиган денгиз академиясига ўқишга киради.

Академияда ўқувчиларга бир нечта хорижий тиллар чуқур ўргатиларди. Муассаса КГБ назоратида бўлиб, унинг битирувчилари орасидан жосусликка ходимлар танлаб олинарди.

Академияни битириш йилида Лялин ҳам КГБ ходимлари эътиборига тушади. Уни КГБнинг махсус мактабига таклиф этишади. У ерда Лялин Ғарбдан Одесса портига келаётган денгизчилар, контрабандачилар ҳақида маълумот йиғиш билан шуғулланади.

КГБнинг бир неча босқичдан иборат курсларини муваффақиятли тугатган Лялин давлат хавфсизлик қўмитасининг ходими сифатида ишга қабул қилинади.

Ўша пайтда Лялинга ўхшаган бир нечта тилни мукаммал ўзлаштирган ходимлар хорижий мамлакатларда жосуслик қилишлари учун КГБга сув ва ҳаводай зарур эди.

Шу сабабли ўтган асрнинг 60-йилларида Лялин СССРнинг Буюк Британиядаги савдо уйи ходими ниқоби остида Лондонга жосус сифатида юборилади.

Ўша пайтда Буюк Британия СССР учун АҚШдан кейинги асосий рақиб ҳисобланарди. Шу сабабли КГБнинг бу давлатда 100 нафардан ошиқроқ жосуси бўлиб ва уларнинг аксарияти СССРнинг Британиядаги савдо уйи ходими ниқоби остида ишларди.

Ишдаги ишқ ва сиёсий бошпана сўраш

Буюк Британияда бир неча йилдан буён ишлаб келаётган Лялин ўзининг котибаси Ирина Теплякова билан дон олишиб юрар эди. КГБ ходимаси бўлган бу аёлнинг ўғли ва эри Москвада яшарди. Лялиннинг ҳам хотини Москвада эди.

Ирина Теплякова ва Олег Лялин бир-бирини севар ва жуфтлик барчасидан воз кечиб бирга бўлишнинг йўлини топа олишмаётганди. Агар бу ҳақда ошкор қилишса уларни СССРга жўнатиб, жиддий жазолашлари, ҳатто қамашлари ҳам мумкин эди.

Шу сабабли Олег ва Ирина ўзаро келишиб, Британиядан бошпана сўрашга қарор қилишади. Аммо бу ишни ҳам Лондондаги ҳамкасбларга сездирмай амалга ошириш бирмунча муаммо эди.

Ана шундай кунлардан бирида Британия хавфсизлик хизмати МИ-5 идорасига боришга иккиланиб юрган Лялин полицияга тушиб қолади ва ишлар тезлашиб кетади.

1971 йил август ойида 34 ёшли Лялин Лондонда қоронғида машинасининг ёритиш чироқларини ёқмасдан ҳаракатланаётгани учун кўчада полиция томонидан тўхтатилади. Ўшанда спиртли ичимликларни ёқтирувчи Лялин маст эди.

Полициячи ҳужжат сўраганида Лялин ўзининг КГБ ходими эканини айтиб, аввалига уни ўдағайлайди, сўнг сўкиб, ҳақорат қилади. Полициячи ҳайдовчини маст ҳолатда деб гумон қилиб, Лялинни полиция бўлимига олиб кетади.

Полициячи аввалига Лялиннинг ўзини КГБ ходими деб атаганини ҳазилга йўяди. Бўлимда Лялиндан анализ топшириш талаб қилинади. Аммо у рад этади ва иш судга ўтади.

Лялиннинг полиция идорасида эканидан хабар топган СССРнинг Лондондаги савдо уйи вакили (у ҳам КГБ ходими) Лялин маст ҳолда полициячига ўзини КГБ ходими деб таништирганини билмасди. Буни ҳатто кейинчалик ҳуши ўзига келган жосуснинг ўзи ҳам эслай олмасди.

Савдо уйи вакили инглизларда ошиқча шубҳа уйғотмаслик мақсадида Лялин учун 50 фунт стерлинг гаров пули тўлайди. Аммо уни ўзи билан олиб кета олмайди.

Бу пайтда ҳамкасбининг кўзини шамғалат қилиб, полиция бўлимидан чиқиб олган Лялин МИ-5 идораси томон кетиб боради. Ҳамкасби уни уйига кетди деб ўйлаб, ўз йўлига кетади.

Шу орада Лялинни ушлаган полициячи ҳамкасбларига ҳайдовчи мастликда ўзини КГБ ходими деб таништирганини айтиб беради.

Бошқа полициячилар дарров ҳушёр тортишади ва тезда раҳбариятга маълум қилишади. Раҳбарият эса бу ҳақда МИ-5 ходимларига хабар беради. Хавфсизлик ходимлари Лялинни излашни бошлаганда у ўз оёғи билан МИ-5 идорасига кириб келади.

Дастлабки сўроқдаёқ Лялин Британиядан сиёсий бошпана сўрамоқчи бўлиб юрганини ва МИ-5 идорасига шу сабабли келганини маълум қилади. Табиийки, унга ишонишмайди.

МИ-5 ходимлари агар Лялин барча махфий маълумотларни берса, унга ишонишларини айтишади. Шунда у МИ-5 ходимларига шарт қўяди. Шартда, МИ-5 ходимлари бир аёлни ҳам Лялиннинг олдига олиб келишлари ва уларнинг Британия томонга ўтгани ошкор бўлгач, икки кишига сиёсий бошпана беришлари сўралганди.

МИ-5 ходимлари иккинчи аёлнинг кимлигини сўрашганда у котибаси Ирина Тепляковани тилга олади. МИ-5 ходимлари бунинг сабабини сўрашади.

Шунда Лялин аёлни севишини, мабодо алоқаларини ошкор қилишса иккаласи ҳам жазоланишини, улар бирга бўлиш учун Британиядан бошпана сўрашга мажбур бўлаётганларини айтади. Шунингдек, барчасидан қутулишгач оила қуришларини маълум қилади.

МИ-5 ходимлари аёлни ҳам олиб келишади ва орадан бироз ўтиб, оммага КГБнинг икки ходими Британиядан сиёсий бошпана сўрагани ошкор қилинади. Бу пайтга келиб Лялин ўзидаги барча махфий ҳужжатларни МИ-5 ходимларига бериб бўлганди.

Лялин туфайли КГБнинг Британияда ишлаб турган барча ходимларининг кимлиги ошкор бўлади. Шундан сўнг Британия Лондондаги СССР савдо уйи ёпилишини эълон қилади. У ерда ишловчи 100 нафардан ошиқ одам ва СССРнинг Британиядаги элчихонаси ходимларига мамлакатни тарк этиш талаби қўйилади.

Совет ҳукумати бир неча ой Британия ҳукумати билан савдо уйини сақлаб қолиш юзасидан музокаралар ўтказади. Аммо ҳаракатлар беҳуда кетади.

1971 йилда савдо уйи ёпилади ва у ердагилар ҳамда элчихона ходимлари Лондонни тарк этишади. Бу иш КГБ тарихидаги «энг шармандали» ва энг кўп ходим ошкор бўлган ҳодиса сифатида қайд этилган.

Британиядан қувилганларнинг аксариятига умрининг охиригача НАТОга аъзо давлатларга кириш тақиқланади.

Лялин хиёнатининг бошқача талқини

Бошқа манбаларга кўра, Лялиннинг Британиядан бошпана сўраши ҳодисаси бошқачароқ бўлган.

Лялиннинг ўз котибаси билан дон олишиб юргани МИ-5дагиларнинг эътиборини тортади. Улар Лялинни кузата бошлашади ва котибаси билан учрашиб юрган вазиятлар фотосуратларини олишади.

Шундан сўнг МИ-5 ходимлари Лялин билан алоқага чиқиб, ўз котибаси билан дон олишиб юргани тасвирланган фотосуратлар борлигини, у агар Британия разведкаси билан ҳамкорлик қилмаса, улар Москвага, хотинига юборилишини маълум қилишади.

Шундан сўнг Лялин бир муддат икки томонга ҳам ишлайди. Лондонда маст ҳолда полиция қўлига тушганидан сўнг узил-кесил МИ-5 томонига ўтиб кетади.

Лялин КГБга ва СССРга хиёнат қилишининг бу талқинини асосан русийзабон журналистлар ва блогерлар ёзишади. Улар шу билан Лялин ватанга хиёнат қилишга мажбур бўлганини таъкидламоқчи бўлишади.

Аммо бу талқинни МИ-5 ҳар доим рад этиб келади ва ташкилот Лялинни шантаж қилишга уринмаганини, унинг ўзи ёрдам сўраб келганини таъкидлайди.

Олег ва Иринанинг кейинги тақдири

Олег ва Иринанинг Британиядан бошпана сўрагани Москвада анча нохушлик билан кутиб олинади. Орадан кўп ўтмай Буюк Британиядаги совет элчихонасига янги ходимлар юборилади.

Кўп ўтмай турли йўллар билан КГБ жосуслари ҳам киритилади. Жосусларга қандай йўл билан бўлмасин Олег ва Иринани топиб йўқ қилиш вазифаси қўйилганди.

СССР тарқаб кетгач АҚШга кўчиб кетган КГБ жосуслик тармоғи собиқ бошлиғи Олег Калугин ўз эсдаликларида Юрий Андропов Москвада мажлис ўтказиб, қандай бўлмасин Олег ва Иринани топиб, уларни йўқ қилишни буюрганини ёзган.

Аммо совет жосуслари ҳарчанд уринсалар-да, Олег ва Иринани топа олишмайди. МИ-5 уларни усталик билан яшира олган эди.

Ўшанда МИ-5 Иринага Финландия пойтахти Хелсинки шаҳрида туғилган швед қизи номи остида Инга Бойд-Лейн исм-шарифини беради. Олег Лялинга эса Эрик исми берилади.

МИ-5 Олег ва Ирина яшаётган манзилни доимо қўриқлар, сал хавф сезилгандан уларни бошқа манзилга кўчирарди. 1972 йилда улар қиз фарзандли бўлишади.

Бир неча йил ўтиб, вазият бироз тинчигач, уларни Шотландиядаги узоқ шаҳарчалардан бирига олиб бориб жойлаштиради. Улар шу манзилда яшаб қолишади.

Лялин табиатан ичкиликни яхши кўрувчи шахс бўлган. Доимий равишда маст юравериши туфайли 1980-йиллар бошида Ирина у билан ажрашади. Соғлигини йўқотган Лялин 1995 йилда вафот этади. Ўшанда у 57 ёшда бўлган.

Ирина эрининг вафотидан сўнг бир муддат ўзини қўриқлаб келган МИ-5 ходими билан ишқий алоқада бўлади. Кейинчалик, СССР парчаланиши ортидан хавф анча тарқагач банк ходими бўлган эркакка турмушга чиқади.

Ирина бир умр ўзини КГБ ходимлари қидириб топишидан қўрқиб яшайди. Шу туфайли ҳатто совет иттифоқи парчаланиб кетганидан сўнг ҳам у Москвада қолиб кетган ўғлининг тақдири билан қизиқмайди.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид