Ўзбекистон | 08:44 / 20.12.2022
2557
3 дақиқада ўқилади

ITFC Ипак Йўли банки билан қиймати 15 миллион АҚШ долларига тенг молиялаштиришга оид шартномани имзолади

Фото: Ипак Йўли банки

2022 йил 13 декабр куни Саудия Арабистонининг Жидда шаҳрида Халқаро ислом савдо-молия корпорацияси (ITFC) ва "Ипак Йўли" АИТБ ўртасида Ўзбекистон хусусий секторида савдони молиялаштириш бўйича кўмаклашиш, шунингдек, кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш бўйича шартнома имзоланди.

Молиявий институтлар орасида илк маротаба амалга оширилаётган мазкур шартнома Ўзбекистон Республикаси ҳукумати ва ITFC ўртасидаги қиймати 500 млн АҚШ долларига тенг доиравий битим асосида амалга оширилган бўлиб, шундан қиймати 15 млн АҚШ долларига тенг маблағларни шариат тамойилларига мувофиқ Банк хусусий сектордаги мижозларининг ўсиб бораётган талабини қондириш учун савдони молиялаштиришга йўналтиради.

"Ипак Йўли Банки билан тузилган мазкур шартнома Ўзбекистон хусусий секторида шариатга мувофиқ савдони молиялаштиришдан фойдаланишни осонлаштиришга йўналтирилган ҳаракатларимизни қўллаб-қувватлайди. Биз аъзо мамлакатларимиз ва асосий ҳамкорларимиз савдони кенгайтириш орқали иқтисодий ўсишга интилаётганда уларнинг савдони ривожлантириш муаммоларини ҳал қилиш учун мўлжалланган комплекс савдо ечимларини таклиф қилишга содиқ қоламиз", - дея таъкидлаб ўтди ITFC директори, жаноб Хани Салем Сонбол.

Ўз навбатида, Ипак Йўли Банки бошқаруви раиси Саидаброр Сайдаҳмедов қуйидагиларни таъкидлади: "Биз ITFC билан ўзаро манфаатли ҳамкорлигимизни йўлга қўйган илк шартномамизни имзолашдан мамнунмиз. Маблағлар Ўзбекистондаги микро, кичик ва ўрта бизнес корхоналарини молиялаштиришга йўналтирилади, бу эса мамлакатдаги бундай кичик ва ўрта бизнес субъектлар ўртасида исломий молиявий хизматлардан хабардорлик даражасининг ортишига хизмат қилиб келади".

Халқаро савдо молиялаштириш корпорацияси тўғрисида маълумот (ITFC)

 Халқаро ислом савдо-молия корпорацияси (ITFC) Ислом тараққиёт банки (IsDB) гуруҳининг аъзоси ҳисобланади. Корпорация Ислом Ҳамкорлик Ташкилотига (ИҲТ) аъзо мамлакатлар ўртасида савдони ривожлантириш мақсадида ташкил этилган бўлиб, бу пироварида бутун дунёдаги халқларнинг ижтимоий-иқтисодий шароитларини яхшилаш мақсадига хизмат қилади. Ўз фаолиятини 2008 йил январ ойидан бошлаган ITFC ИҲТга аъзо мамлакатларга 66 млрд АҚШ доллари миқдорида молиявий кўмак ажратди ва бу уни мазкур аъзо мамлакатлар эҳтиёжлари учун савдо ечимлари бўйича етакчи етказиб берувчига айлантирди. ИҲТга аъзо мамлакатларда ва ундан ташқарида савдони ривожлантириш учун катализатор бўлишни мақсад қилган корпорация аъзо мамлакатлардаги тадбиркорлик корхоналарига савдони молиялаштиришда кўмаклашади ва уларга савдо билан боғлиқ салоҳиятни ошириш учун зарур воситаларни тақдим этиб, жаҳон бозорида муваффақиятли рақобатга киришишда ёрдам беради.

 Реклама

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид