ITFC Ўзбекистонга инвестицияларини йил охиригача 700 млн долларгача оширишни режалаштирмоқда
Халқаро исломий савдо-молия корпорацияси (ITFC; ИСМК) 2023 йилнинг охиригача Ўзбекистондаги молиявий инвестициялари портфелини 700 миллион долларга етказмоқчи.
Сентябр ойи охирида корпорациянинг савдо-молия бош менежери Абдуҳамид Абу Тошкентга амалий ташриф билан келди. Ташриф доирасида ИСМК'нинг Ўзбекистондаги ҳамкорлари билан музокаралар бўлиб ўтди. Абдуҳамид Абу учрашувлар натижалари, ҳамкорлик истиқболлари, хусусий секторни қўллаб-қувватлаш ва яқин келажакдаги режалар ҳақида сўзлаб берди.
— Жаноб Абуҳамид Абу, Халқаро исломий савдо ва молия корпорацияси ҳақида маълумот берсангиз. Корпорациянинг глобал мақсади нима?
— Халқаро исломий савдо ва молия корпорацияси (ИСМК) – Ислом тараққиёт банки (IsDB) гуруҳининг аъзоси. ИТБ гуруҳи таркибида бизнинг ташкилотимиз Ислом ҳамкорлик ташкилотига (ИҲТ) аъзо мамлакатларда савдони ривожлантириш билан шуғулланадиган ягона корпорация ҳисобланади.
ИСМК ўз фаолиятини 2008 йилда бошлаган. Ҳозирда биз савдони молиялаштириш ва умуман савдо соҳасини ривожлантиришни ўз ичига олган кенг қамровли савдо ечимлари шаклида ўз хизматларимизни тақдим этамиз. Корпорациянинг асосий мақсади – Ислом ҳамкорлик ташкилотига (ИҲТ) аъзо давлатлар ўртасида савдони ривожлантириш, бу – охир-оқибат одамларнинг ижтимоий-иқтисодий шароитларини яхшилаш бўйича умумий мақсадга эришишга ёрдам беради.
Глобал миқёсда корпорация ҳар йили 6 миллиард АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратади, уларнинг бир қисмини биз халқаро бозорлардаги шерикларимиздан мобилизация қиламиз. ИСМК ўз фаолияти бошлагандан бери ИҲТга аъзо мамлакатларга 70 миллиард АҚШ долларидан кўпроқ маблағ ажратди, бу эса ўз навбатида ушбу мамлакатлар эҳтиёжлари учун савдо ечимларининг етакчи провайдери бўлишига имкон берди. Молиялаштириш ҳамда қўллаб-қувватлашнинг асосий соҳаларига энергетика, қишлоқ хўжалиги/озиқ-овқат хавфсизлиги ва хусусий сектор, асосан кичик, шунингдек ўрта бизнес киради.
— ИСМК Ўзбекистонда қанча вақтдан бери фаолият юритмоқда?
— Корпорациямиз Ўзбекистон билан ҳамкорликни 2018 йилда бошлаган. 2019 йилда Ўзбекистон ташкилотимизга аъзо бўлди ва шу йили Ўзбекистон ҳукумати ҳамда ИСМК 500 миллион АҚШ доллари миқдоридаги ҳадли келишув имзолади.
Бугунги кунда биз Ўзбекистонга тақдим этган жами молиялаштириш ҳажми 538 миллион АҚШ долларини ташкил этади, шундан 200 миллион АҚШ доллари давлат лойиҳаларига, қолган 338 миллион АҚШ доллари эса ҳамкорларимиз томонидан Ўзбекистон банклари орқали амалга оширилаётган кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлашга қаратилган. Бугунги кунга қадар ИСМК 12 та банк билан шартномалар имзолади.
Биз Ўзбекистонда исломий молиялаштиришга катта талаб ва ҳамкорлик қилиш салоҳияти борлигини кўриб турибмиз, шунинг учун биз савдони молиялаштириш орқали исломий молиялаштиришнинг муҳимлигидан фойдаланишга ва уни илгари суришга интиламиз.
— Ўзбекистонга ташрифингиз ҳақида сўзлаб берсангиз. Қандай келишувларга эришилди?
— Бу ташриф биз учун жуда муҳим бўлди, ташриф давомида Ўзбекистондаги фаолиятимизни баҳолаб, ҳамкорларимиз билан келгуси йил учун режаларни муҳокама қилдик. Ўзбекистон – муҳим аъзо давлат, шу сабабли биз миллий иқтисодий ривожланиш стратегиясига мувофиқ мамлакат эҳтиёжларини қондириш ҳамда ривожланиш устуворликларига эришиш учун ҳамкорларимиз билан яқиндан ҳамкорлик қилмоқдамиз. Бунга хусусий сектор, қишлоқ хўжалиги ва аёллар тадбиркорлиги каби асосий соҳаларга таъсир қилиш орқали эришилади.
Ҳамкорликнинг келгуси босқичида ИСМКнинг мамлакатдаги фаолияти диверсификация қилинади, жумладан, ҳамкор банкларимиз орқали “яшил молиялаштириш” ҳам. Биз бу соҳадаги бизнес талабларини тушуниш учун улар билан яқин муҳокамадамиз.
Жорий ташриф якуни сифатида тез орада мамлакат ҳукумати билан озиқ-овқат хавфсизлигини қўллаб-қувватлаш бўйича келишув ҳақида эълон қиламиз. Давлат лойиҳасидан ташқари, биз бошқа банклар билан шартномалар имзоланишини ҳамда мавжуд молиялаштириш линияларини янгилашни кутмоқдамиз. Йил охирига қадар ИСМК томонидан ажратилган молиявий маблағларнинг умумий ҳажми 700 миллион АҚШ долларини ташкил этишини режалаштирмоқдамиз.
— Умуман олганда, Ўзбекистоннинг савдо салоҳиятини қандай баҳолайсиз ва яна нима устида ишлаш керак?
— Биз мамлакатда жуда кучли савдо салоҳиятини кўрмоқдамиз, шунингдек мамлакат иқтисодиёти қанчалик фаол ривожланаётганини кўряпмиз.
Бундан ташқари, биз учрашган шерик банкларнинг вакиллари бизга савдони молиялаштириш механизмларига катта талаб ҳақида гапириб беришди. Ҳамкорлик қилаётган барча банклар биздан молиялаштириш чегаралари ва ҳажмларини оширишни сўрашади, бу эса савдо-сотиқни молиялаштириш, хусусан, шариат бўйича савдо-сотиқни молиялаштириш учун кучли салоҳият ҳамда эҳтиёжларни аниқ намойиш этади. Умуман олганда, Ўзбекистонда биз яхши истиқболларни кўрмоқдамиз ва бу истиқбол ҳамда тараққиётнинг бир қисми бўлганимиздан хурсандмиз.
— ИСМК Ўзбекистон учун қандай аниқ механизмлар ва ечимларни таклиф қилиши мумкин?
— ИСМК ҳар доим кенг қамровли савдо ечимларини тақдим этишга ҳаракат қилади. Ва Ўзбекистонда, молиялаштиришдан ташқари, бизнинг корпорациямиз савдо имкониятларини яратишга, шунингдек, мамлакатда исломий молиялаштиришни ривожлантиришга қаратилган бир нечта тренинглар ҳамда семинарлар ўтказди.
Шунингдек, биз икки давлат банкига МҲХС (молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари) амалга оширишда ёрдам бердик. Биз ушбу йўналишни янада ривожлантиришни давом эттирмоқчимиз. Яна бир муҳим маълумот – ҳозирда биз бир дастур устидан иш юритяпмиз.
Унинг номи TCCA+ (Trade Connect Central Asia+), савдо соҳасига интеграциялашган ечимлар деб номланади, шунингдек Марказий Осиёнинг барча мамлакатларини + Озарбайжонни ўз ичига олади. Дастур минтақавий бўлиб, минтақанинг савдо салоҳиятини очишга ҳамда минтақадаги савдо алоқаларини оширишга қаратилган. Айни пайтда биз дастурга аъзо барча мамлакатлар билан музокаралар олиб бормоқдамиз ва яқин орада уни ишга туширамиз деб умид қиламиз.
— Сиз банклар молиялаштиришни кўпайтиришни сўрашаётгани ҳақида айтдингиз. Бу йил молиялаштириш даражасини 700 миллион долларга ошириш режалаштирилган, келгуси йил учун эса қандай истиқболлар мавжуд?
— Биз ҳозир кўриб чиқаётган соҳалардан бири бу – портфолиомизни кенгайтириш, давлат ҳамда ҳамкор банклар билан ҳамкорликни мустаҳкамлашдир. Шунингдек, биз йирик давлат ва хусусий корпоратив мижозларни тўғридан тўғри ИСМК томонидан молиялаштириш имкониятларини ўрганишини режалаштирмоқдамиз.
Ўзбекистонда амалга ошириш имкониятларини ўрганаётган яна бир йўналиш – бу, банкларга синдицирланган кредит линияларини тақдим этишдир. Шерик банклар молиялаштириш чегаралари ҳамда ҳажмини оширишни истайдилар, биз эса халқаро бозорга чиқиб шерикларимизнинг маблағларини жалб қиламиз дегани. Бу соҳада биз бой тажрибага эгамиз.
— Корпорация Ўзбекистонда яна қайси соҳаларни ривожлантиришда иштирок этмоқчи?
— ИСМК фаолият юритаётган ҳар қандай мамлакатда бўлгани каби Ўзбекистондаги стратегиямиз ҳам давлат тараққиёт дастурлари билан бевосита боғлиқдир. Бизнинг биринчи қадамимиз мамлакатни ривожлантириш мақсадларини синчковлик ила таҳлил қилишни ўз ичига олади.
Биз, тажрибамиз сезиларли таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳамда давлатнинг қарашларига мос келадиган соҳаларга устувор аҳамият берамиз. Ўзбекистонда биз озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, хусусий секторнинг ўсишига кўмаклашиш, кичик ва ўрта корхоналарни қўллаб-қувватлаш, яшил молиялаштириш ташаббусларини илгари суриш, шунингдек тадбиркор аёлларнинг имкониятларини кенгайтириш каби муҳим соҳаларга эътибор қаратишда давом этмоқдамиз.
Ушбу соҳалар бизнинг тажрибамиз ҳамда Ўзбекистоннинг ривожланишга интилишларининг асосий кесишиш нуқталарини ифодалайди. Бу ерда ўз саъй-ҳаракатларимизни жамлаб, биз нафақат мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётига катта ҳисса қўшмоқдамиз, балки давлат мақсадларига стратегик жиҳатдан ҳам амал қилмоқдамиз. Шуни таъкидлаш керакки, биз иқтисодий ўсиш ва халқаро ҳамкорликни ривожлантиришнинг ажралмас қисми бўлган савдо-сотиқни молиялаштиришга алоҳида эътибор қаратишда давом этамиз.
Ушбу соҳаларга бўлган садоқатимиз Ўзбекистонда барқарор ривожланишга кўмаклашишга содиқлигимизни англатади. Биз озиқ-овқат хавфсизлигига сармоя киритиш, маҳаллий бизнесни қўллаб-қувватлаш, яшил ташаббусларни рағбатлантириш, шунингдек тадбиркор аёлларнинг имкониятларини кенгайтириш орқали фаровон ҳамда инклюзив келажак учун замин яратаётганимизга қатъий ишонамиз. Ушбу соҳалар бизнинг ўсиш нуқталаримиз бўлиб хизмат қилади ва бизга узоқ муддатли ижобий ўзгаришларга эришиш ҳамда мамлакат тараққиётига мазмунли ҳисса қўшиш имконини беради.
Мавзуга оид
21:33 / 22.11.2024
Хитой Сурхондарёдаги мис ва кумуш конларига 2,7 миллиард доллар инвестиция таклиф қилмоқда
20:29 / 22.11.2024
Хоразмга 2025 йилда 1,5 миллиард доллар инвестиция жалб этиш режалаштирилди
21:10 / 18.11.2024
Андижонда 1800 гектар ернинг тоифаси ўзгартирилиб, ишлаб чиқариш мажмуалари қурилади
19:10 / 13.11.2024