Спорт | 19:07 / 20.12.2022
32377
7 дақиқада ўқилади

ЖЧ-2022 рамзий жамоаси. Мбаппе, Мартинес, Амрабат ва турнирнинг бошқа қаҳрамонлари 

Жаҳон чемпионатининг энг яхши футболчилари.

Эмилиано Мартинес, Аргентина

7 ўйин, 690 дақиқа, 8 гол ўтказган, 1 сариқ карточка

Турнирнинг энг яхши дарвозабони бўлиш учун икки даъвогар бор эди: хорватиялик Доминик Ливакович ва аргентиналик Эмилиано Мартинес. Уларнинг иккиси ҳам фантастик ўйин намойиш этишди, кўплаб ажойиб сэйвлар билан ёдда қолишди, жамоаларини иккита пеналтилар сериясидан олиб ўтишди. Ҳал қилувчи ўйин стартига қадар айнан хорватиялик посбон фаворит эди, аммо Мартинес финалда 120+3-дақиқадаги афсонавий сэйви ва 11 метрлик зарбалар сериясидаги қаҳрамонлиги эвазига олтин медални қўлга киритгач, аргентиналик энг яхши дарвозабон деб топилиши мантиқий. 

Ашраф Ҳакими, Марокаш

7 ўйин, 633 дақиқа, 1 узатма 

Фото: Reuters

Марокаш термаси футболчилари нафақат бир бош баланд сакрашди, балки космосга парвоз қилишди. Улар учун тўртинчи ўрин олтин медалларга тенг, шу туфайли таркибнинг бир қанча футболчиларини ажратиб кўрсатиш мумкин. Ҳакими — турнир қаҳрамонларидан бири бўлгани аниқ. «ПСЖ» ҳимоячиси барча ўйинларда бошланғич таркибда ўйнади, чап қанотда Перишич, ака-ука Азарлар, Ольмо, Жоау Фелиш ва ҳатто Мбаппе (Килиан яримфиналда алоҳида ажралиб турмади)га ўйин бермади. 1/8 финалда Испанияга қарши ўйинда Ҳакими пеналтилар сериясида сўнгги зарбани аниқ ижро этди. 

Ромен Саисс, Марокаш

6 ўйин, 468 дақиқа, 1 гол, 1 ск 

Фото: Global Look Press

Турнир бошлангунига қадар «Бешиктош»нинг ушбу 32 ёшли ҳимоячиси рамзий жамоага киришини тасаввур қилиб бўлмасди, аммо турнир якунларига кўра бу жамоани Марокаш сардорисиз тасаввур қилиш қийин. Саисс араблар жамоаси яримфиналгача рақиблардан гол ўтказмаслигида катта ҳисса қўшди. Унинг ўзи гуруҳ босқичида Белгия билан ўйинда ғалаба голини урди. Агар Саисс жароҳат олмаганида, Марокаш Франция билан финал учун жангда иштирок этиши мумкин эди. 

Йошко Гвардиол, Хорватия

7 ўйин, 690 дақиқа, 1 гол 

Фото: Global Look Press

Футбол мухлисларининг кўпчилиги Гвардиолни яримфиналдаги учинчи гол урилган ҳужумда Месси томонидан яксон этилган футболчи сифатида эслаб қолиши мумкин. Аслида эса «Лейпциг»нинг 20 ёшли ҳимоячиси Қатарда мақтовга арзигулик ўйин намойиш этди — Хорватия аксар ўйинларда ҳимоявий ўйин кўрсатди, ниқобдаги бу ёш футболчининг фидойилиги эса «Шашкачилар»га совриндор бўлишда катта ёрдам кўрсатди. Учинчи ўрин учун ўйинда Гвардиол гол ҳам урди.

Люк Шоу, Англия

5 ўйин, 425 дақиқа, 1 узатма 

Фото: AFP

Чап қанот ҳимоячилари орасида рамзий жамоа учун яққол номзод кўзга ташланмади. Яримфиналга чиққанлар орасида барчадан кўра француз Тео Эрнандес ҳужумда ёрқинроқ ўйин намойиш этди, аммо у тўғридан тўғри ўз вазифаларини аъло даражада уддалади дейиш қийин. Люк Шоу эса ҳамма жойда улгурди. Англияда асимметрик схема эди, унда «МЮ» ҳимоячиси бутун чап қанот учун жавобгар бўлди, шу туфайли унинг ўз жамоаси муваффақиятларидаги ҳиссаси катта. Англия беш ўйиндан учтасида дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолгани ҳам мудофаа сифатидан дарак беради (бундан кўпроқ қуруқ ўйин — фақат Марокашда бўлди). 

Софиян Амрабат, Марокаш

7 ўйин, 660 дақиқа, 1 ск 

Қатарда таянч яримҳимоясидаги кўплаб ҳавбеклар яхши таассурот қолдиришди, аммо «Фиорентина» вакили уларнинг орасида ажралиб турди. Амрабат майдонда ҳамма ишга улгурди — ижтимоий тармоқлар бутун турнир давомида жиддий қиёфадаги ушбу марокашликни Нголо Кантенинг энг кучли даврларига қиёслашди ва бу ҳақли ўхшатиш бўлди. Амрабат турнирда бирор дақиқани ўтказиб юбормади, майдонда у бажарган катта ҳажмдаги ишни инобатга олган ҳолда, у дам олишсиз ўйнаганини жасорат деб билиш мумкин. 

Лука Модрич, Хорватия

7 ўйин, 656 дақиқа, 1 ск 

Фото: Reuters

Замонавий футболнинг 37 ёшли буюк футболчиларидан бири Қатарда асосан салбий томонларини кўрсатган бўлса, бошқаси тинчгина юриб, ўз ишини бажарди. Модрич азалдан майдондаги энг кўзга кўринган футболчи эмасди, аммо айнан шу сифати унга шуҳрат келтирган. Хорватия термаси сардори майдон марказида ҳукмронлик қилди — усиз жамоа қаторасига иккинчи жаҳон чемпионатида совриндор бўлолмасди. 

Энцо Фернандес, Аргентина

7 ўйин, 563 дақиқа, 1 гол, 1 узатма, 1 ск 

Фото: Global Look Press

Аргентина терма жамоасидаги исталган марказий яримҳимоячи рамзий жамоадан ўрин олишга ҳақли — де Паул ҳам, Макаллистер ҳам феноменал турнир ўтказишди. Фернандес чемпионатни захира футболчиси сифатида бошлаганди, аммо финалгача асосий таркибнинг алмаштириб бўлмас футболчисига айланди. «Бенфика»нинг 21 ёшли ҳавбеки ҳақли равишда турнирнинг энг яхши ёш футболчиси сифатида тақдирланди, ёзда у Европанинг топ-клубларидан бирига ўтиши аниқ. 

Антуан Гризманн, Франция

7 ўйин, 538 дақиқа, 3 узатма, 1 ск 

Фото: Reuters

Гризманнинг клубдаги карьераси сўнгги йилларда бир текисда кечмаяпти, аммо терма жамоада у энг яхши даврини ўтказмоқда. Дидье Дешам бошқаруви даврида Антуан учун асосий таркибдан жой кафолатланган, у ҳам ўзига берилган кўрсатмаларни бекам-у кўст бажо келтирмоқда ва жамоага катта фойда келтирмоқда. Қатарда Гризманн орқароқда ҳаракат қилди ва яримҳимоя чизиғини ҳужум билан боғлади, унинг икки голли узатмаси Францияга Англияни мағлуб этиб, яримфиналга ўтиш имконини берди. Мундиалда Гризманн ҳар ўйинда яхши ўйнаётганди — аммо финалда ўзини кўрсата олмади. 

Килиан Мбаппе, Франция

7 ўйин, 597 дақиқа, 8 гол, 3 узатма 

Турнирнинг энг яхши тўпурари ва жаҳон чемпионатлари финалларида ҳет-трик қилган иккинчи футболчига айланган Мбаппе ҳали 23 ёшда. Қатардаги турнирда эса у катта ҳарфлар билан бугунги кун ва келажакнинг асосий юлдузларидан бири бўлишини қайд этиб қўйди. Унинг Месси билан томошабон дуэли аллақачон жаҳон футболи тарихидан жой олди. Агар аргентиналик футболчи бўлмаганида, Мбаппе турнирнинг энг яхши футболчиси сифатида тан олинган бўларди. Шунга қарамай, Килиан бундай ўйини билан фаолиятидаги илк «Олтин тўп» учун жиддий заявка берди. 

Лионел Месси, Аргентина

7 ўйин, 690 дақиқа, 7 гол, 3 узатма, 1 ск 

Изоҳга ҳожат йўқ. У бу турнирда ўз буюклигини расман исботлади.

Мавзуга оид