Жаҳон | 21:32 / 21.12.2022
14364
2 дақиқада ўқилади

2023 йил учун энг арзон туризм йўналишлар номи эълон қилинди

Аргентина, Таиланд ва Албания энг арзон туризм йўналишлари рўйхатида қайд этилди. 

Таиланд / Фото: Kun.uz

Яшаш қиймати маълумотларига ихтисослашган Numbeo портали хабарига кўра, 2023 йилда Таиланд сайёҳлар учун энг машҳур ва арзон йўналишлардан бири бўлиб қолади. Сайёҳлар ойига ўртача 533 доллар (ижарасиз) эвазига бу мамлакатда қулай ҳаёт кечириши мумкин. 

Жануби-Шарқий Осиёдаги Лаос давлати ҳам бу йўналишда пешқадамлардан бири. Масалан, Лаосдаги арзон ресторанда бир марта овқатланиш нархи бор-йўғи 2,72 долларга тенг. 

Камбожа ўзининг минг йиллик тарихи, кенг қамровли археологик жойлар тўплами ва ҳайратланарли табиати билан машҳур маданият марказидир. Шунингдек, нархлар нуқтаи назаридан ҳам жозибали. Сайёҳлар бу мамлакатда ойига камида 594 доллар сарфлашига тўғри келади. 

Европа қитъасида энг арзон мамлакатлар бири Албания ҳисобланади. Бу ерда сайёҳлар Европа Иттифоқига қараганда 46 фоизга камроқ пул сарфлашади ва улар Адриатика денгизининг гўзал қирғоқларини, ЮНEСКО ёдгорликларини ва тоғлар тепасида ўрта аср қалъаларини томоша қилиши мумкин. 

Болгария ҳам саёҳатчилар узоқ муддатга борадиган машҳур мамлакатга айланган. Бу ерда нархлар Европа Иттифоқининг бошқа мамлакатларига қараганда 41 фоизга арзон. 

Грузия кўпинча Европанинг рақамли кўчманчилари учун биринчи манзил сифатида тилга олинади: турар жойни ҳисобга олмаганда, сайёҳлар ойига ўртача 555 доллар сарфлайди. 

Туркия Европа тарихи билан чамбарчас боғланган мураккаб тарихга эга бўлган яна бир қизиқарли мамлакатдир. Сайёҳлар учун нархлар бу ерда Италия ёки Грециядан мос равишда ўртача 48 ва 21 фоизга арзон. 

Ушбу рўйхатдаги энг паст кўрсаткичлардан бири бўлган Аргентинада ойлик яшаш нархи 419 долларга (ижара қўшилмаган) баҳоланади, бу Ғарб мамлакатларига қараганда деярли 60 фоизга арзон. 

Мавзуга оид