Ўзбекистон | 11:19 / 22.12.2022
15427
6 дақиқада ўқилади

Саида Мирзиёеванинг ўқитувчилар ҳақидаги ташаббуси МДҲ давлатлари депутатлари томонидан қўллаб-қувватланмоқда

Мария Захарова ҳам ушбу нутқ бўйича муносабат билдирди.

Фото: Саида Мирзиёева / Telegram

Президент Администрацияси раҳбарининг жамоатчилик фикрини ўрганиш ва ахборот сиёсати учун масъул ўринбосари Саида Мирзиёеванинг жамиятда ўқитувчиларнинг ўрни, уларнинг мавқейини тубдан қайта кўриб чиқиш шартлиги, ўқитувчиларни касбий фаолиятидан ташқари турли мажбурий меҳнат ва оммавий тадбирларга жалб қилишга қарши маъмурий ва ҳатто жиноий жавобгарликка тортиш борасидаги ташаббуси нафақат мамлакатимизда, балки яқин қўшни давлатларда ҳам кенг жамоатчилик ва давлат арбоблари томонидан қўллаб-қувватланмоқда.

Саида Мирзиёева ўқитувчилар қадри, уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳақида шундай деганди:

«Афсуски, фарзандларимизга таълим бераётган ўқитувчилар йиллар давомида ҳақ-ҳуқуқсиз, ҳимоясиз, қадрсиз бўлди. Улардан боғбон, фаррош, мактабга келган комиссияларга хизмат кўрсатувчи официант, зерикарли тадбирларда бўш залларни тўлдирувчи «массовка», матбуот нашрларига мажбурий обуначи, тунги навбатчи ва мактаб қоровули сифатида фойдаланилди.

Энди бу ишларни тўхтатиш вақти келди. Чунки ўқитувчилар қадрини кўтармас эканмиз, ҳеч нарсага эриша олмаймиз. Ўқитувчиларга вазифасидан ташқари ишларни юклайдиганларни маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортиш бўйича қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди ва тез орада қабул қилиниши кутиляпти».

Саида Мирзиёева ўқитувчининг қадри ҳам, қадди ҳам баланд бўлган жамият қуриш кераклигини, бутун жамият ўқитувчини ҳимоя қилиб, уни мажбурий меҳнатга, турли қўшимча ишларга жалб қилишга қарши турсагина, бунга эриша олиш мумкинлигини таъкидлаганди.

Унинг бу чиқишини биринчилардан бўлиб Россия Федерацияси Давлат думаси спикери ўринбосари Борис Чернишов ҳамда депутат Артём Кирянов ёқлаб чиқиб, Россия таълим тизимида ҳам ўқитувчиларнинг обрў-эътиборини юксалтириш чора-тадбирларини кўриб чиқиш лозимлигини таъкидлашган. Россияда келаси йил «Ўқитувчилар ва мураббийлар йили» деб эълон қилинган.

«Россияда педагог ва мураббийлар йили кириб келар экан, бу масалалар бизнинг мамлакат учун ҳам долзарб. Шунинг учун келгуси йилда биз ўқитувчиларимизни қўллаб-қувватлаймиз», дейди Чернишов.

Кирянов Саида Мирзиёеванинг ўқитувчиларни мажбурий меҳнатга жалб этишни бас қилишни таклиф қилган чиқиши барча ҳудудларда жамоатчилик эътиборини тортганини таъкидлайди.

«Биз ўқитувчиларни қўллаб-қувватлашда давом этамиз. Педагоглар бу бизнинг фахримиз. Уларнинг муаммоларини ҳал қилиш билан шуғулланамиз», деди депутат.

Россия Давлат думасининг яна бир депутати — бокс бўйича оғир вазндаги собиқ жаҳон чемпиони Николай Валуев ҳам Саида Мирзиёеванинг ўқитувчиларга вазифасидан ташқари ишларни юклайдиганларни маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортиш бўйича ташаббусини қўллаб-қувватлади.

«Ўзбекистонлик Мирзиёева педагоглар ва ўқитувчилар учун чиройли чиқиш қилди. Унга кўра, ўқитувчилар арзон ишчи кучи ва хизматкорга айланмаслиги керак. Ўқитувчи ва педагоглар энг аввало ўзининг асосий вазифаси билан шуғулланиши керак: ўз шогирдларидан баркамол авлод тарбиялаш билан.

Бу муаммо Россияда ҳам жуда долзарб. Биз ҳам ўқитувчиларимизни кераксиз вазифалардан озод этишимиз керак. Шу сабабли Саиданинг фикрларини тўла қўллаб-қувватлайман», деди Валуев.

Шунингдек, Қирғизистон Жогорку Кенеши депутати Бахриддин Шабазов ҳам бу эзгу ташаббусни қўллаб-қувватлашини билдирди. 

««Бугун Саида Мирзиёеванинг ўқитувчиларга ноқонуний вазифалар юклаганлик учун маъмурий жавобгарлик белгилаш лозимлиги ҳақидаги чиқишини эшитдим. Бу ташаббусга тўлиқ қўшиламан ва Қирғизистон ҳудудида ҳам жорий этиш кераклигини қўллаб-қувватлайман.

Ўқитувчилар бу фахр, ҳокимлар учун хизматкор эмаслигини эслатиб ўтаман. Ўқитувчилар сайловларда ҳам кимга овоз беришни билмайди, қишлоқ, шаҳар ва мамлакат маъмуриятидан чўчиб.

Ҳозир биз ўқитувчиларни ҳимоя қилиб, уларга тааллуқли бўлмаган, уларнинг шаънини ерга урадиган ишлардан қутқаришимиз керак», деди у.

Россия ташқи ишлар вазирлиги расмийси Мария Захарова ҳам Мирзиёеванинг фикрларига қўшилиб, ўқитувчиларни хизматкор қилишни тўхтатишга чақирди. У ўз телеграм-каналидаги постида бу ҳиссиётли нутқ Россияда ҳам акс садо берганини қайд этди.

«Агар Россия тарихига назар солсак, мамлакатимизда ўқитувчилик касби ҳар доим энг ҳурматга лойиқ, инқилобдан аввал эса — энг кўп маош тўланувчи касблардан бири бўлган. Ўқитувчи ўқувчилар ўртасида ҳам, ота-оналар ўртасида ҳам обрўга эга бўлган. Аслида ҳам бу айни ҳақиқатдир, чунки айнан ўқитувчилар ёш авлодга ахлоқий тарбия асосларини бериб, бизнинг умумий келажагимизни шакллантиради.

Аммо кейинчалик жамиятга сезилмас тарзда таълим ва тарбия беришдан таълим хизматини кўрсатишга ўтиб кетилди ва шунга яраша ўқитувчиларга муносабат ҳам ўзгарди. 

Биз буни тузатиш зарурлигига ўз вақтида эътибор қаратдик. Бу муаммо постсовет ҳудудидаги кўплаб мамлакатларга тааллуқли. Бу, айниқса, МДҲда Рус тили йили деб эълон қилинган 2023 йилда долзарб, чунки бу кўп миллатли мамлакатларда барқарорлик ва тотувликни сақлашда муҳим рол ўйнайди, шунингдек, фан ва олий таълим соҳасида янги марраларни очади», дейди у.

Мавзуга оид