Ўзбекистон | 14:53 / 23.12.2022
6828
7 дақиқада ўқилади

Сурхондарёда аҳоли хонадонлари, ижтимоий соҳа объектлари ва корхоналарни барқарор электр энергияси билан таъминлаш чоралари кўрилмоқда

Фото: Ҳудудий электр тармоқлари

Шиддатли тараққиёт даврида электр энергиясига бўлган талаблар кескин ошиб бормоқда. Хусусан, сўнгги беш йилда мамлакатимиз ҳудудларида янгидан-янги кўп қаватли турар жой бинолари, маданий-маъмурий ва ишлаб чиқариш, савдо ҳамда хизмат кўрсатиш тармоқлари иш олиб бораётгани электр энергиясига бўлган эҳтиёжнинг ортишига сабаб бўлмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 26 сентябрдаги “Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятлари аҳолисининг турмуш даражасини янада яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 523-сонли қарорига мувофиқ ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурининг мақбуллаштирилган маблағлари ҳисобидан Термиз шаҳри ва Термиз туманининг бир қисмини электр энергияси билан таъминловчи юқори кучланишли 110/35/6 кВли “Термиз” подстанциясидаги 20 минг кВА қувватдаги куч трансформатори 40 минг кВА қувватли трансформаторга алмаштирилди. Бунинг натижасида Термиз шаҳридаги 15 та маҳаллада яшовчи 18 103 та хонадон ва Термиз туманидаги 6 та маҳаллада яшовчи 4055 та аҳоли сифатли ва узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш имконияти яратилди. 

Фото: Ҳудудий электр тармоқлари

Шунингдек, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Сурхондарё ҳудудий филиали маъмурий биносига “Саноат техник қурилма” МЧЖ томонидан 40 кВтли қуёш фотоэлектр станцияси ўрнатилди. Ушбу қуёш панеллари йилига 219 минг кВт/соат электр энергияси билан бинони таъминлайди ва 98 миллион 550 минг сўмлик харажат иқтисод қилинишига эришилади.

Фото: Ҳудудий электр тармоқлари
Фото: Ҳудудий электр тармоқлари

 “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Сурхондарё ҳудудий филиали томонидан куз-қиш мавсумини беталафот ўтказиш, аҳоли хонадонлари, ижтимоий соҳа объектлари ва иқтисодиёт корхоналарини узлуксиз электр энергияси билан таъминлашга доир кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Вилоят ҳудудида “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Сурхондарё ҳудудий филиали ишчи-ходимлари томонидан 30 та маҳалла ва қишлоқларда 146 км 700 метр узунликдаги электр тармоқлари тортилди ва 30 та трансформатор пунктлари янгидан ўрнатилди. Бундан ташқари, дастур асосида 2457 дона темир-бетон таянчлар ўрнатилди.

Фото: Ҳудудий электр тармоқлари

Жумладан, Ангор туманидаги “Қорасув” ва “Гулзор”, Бандихон туманидаги “Бектепа” ва “Қўрғон” аҳоли пункти, Бойсун туманидаги “Тўда” ва “Ўрмончи” МФЙ, Денов туманидаги “Чоргул” ва “Охтом”, Жарқўрғон туманидаги “Маслаҳаттепа” ва “Зартепа”, Қизириқ туманидаги “Қишлоқозон”, Қумқўрғон тумaнидаги “Нурли диёр” ва “Исломобод”, Музработ туманидаги “Дуоба”, “Гулобод”, Олтинсой туманидаги Наврўз” ва “Ботош”, Сариосиё туманидаги “Эҳтиром” ва “Нурбулоқ”, Термиз туманидаги “Бунёдкор” ва “Келажак”, Термиз шаҳридаги “Боғишамол” ва “Чегара”, Узун туманидаги “Оқостона” ва “Узунқишлоқ”, Шеробод туманидаги “Боғибод” ва “Бойқишлоқ”, Шўрчи туманидаги “Оқтумшуқ” ва “Ҳурлик” МФЙларида олиб борилган қурилиш-монтаж ишлари мазкур ҳудудларда электр энергия таъминотини яхшилаш имконини берди.

Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, жамиятга қарашли электр тармоқлари ва қурилмаларини куз-қиш мавсуми олдидан 6462,1 км 0,4-110 кВ кучланишли электр тармоқлари, 1790 дона трансформатор пунктлари, 35-110 кВ подстанциялардаги 37 дона 35-110 кВ ўчиргичларда таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Жумладан, 1944 км электр тармоқлари ва 565 дона трансформатор пунктларида мукаммал таъмирлаш ишлари бажарилди. 

Мавсум давомида захира қувват яратиш мақсадида Жарқўрғон туманидаги 110/35/10 кВ “Жарқўрғон” подстанциясидаги қуввати 16000 кВА бўлган куч трансформатори янги 25000 кВА қувватли куч трансформаторига, Бойсун туманидаги 110/35/10 кВ “Олмазор” подстанциясидаги қуввати 6300 кВА куч трансформатори 16000 кВА қувватлисига, Термиз шаҳридаги 35/6 кВ “МВЗ” подстанциясидаги қуввати 2500 кВА бўлган куч трансформатори 10000 кВА қувватлисига, Узун туманидаги 35/10 кВ “Қоратоғ” подстанциясидаги қуввати 4000 кВА бўлган куч трансформатори 6300 кВА қувватлисига, Олтинсой туманидаги 35/10 кВ “Ботош” подстанциясидаги қуввати 2500 кВА бўлган куч трансформатори 4000 кВА қувватлисига алмаштирилиши натижасида ушбу подстанциялардан чиққан куч трансформаторлари эвазига, ҳар бирининг қуввати 2500 кВА бўлган (2 дона 110 кВ ва 2 дона 35 кВ) жами 4 дона куч трансформаторлари захираси яратилди. Бу борадаги ишларни тез ва сифатли амалга оширишда жамият ишчи ходимларининг хизматлари беқиёсдир. 

Шунингдек, Республика ишчи гуруҳи томонидан ҳудудларда биринчи навбатдаги долзарб муаммолар аниқланиб, электр тармоқлари ва трансформатор пунктларини янгилаш ва реконструкция қилиш, оғир ҳудудларнинг электр энергияси таъминотини яхшилаш мақсадида баённома тузилди. 

Туман ва шаҳар электр таъминоти корхоналарида олиб бориладиган авария-тиклаш ва қурилиш ишларини бажариш учун жами 17 дона Ямабур махсус техникалари ва 13 дона “Газел” бригада махсус техникалари, 4 дона синов-ўлчов лаборатория махсус техникаси, 3 дона автокран ва 2 дона шаландалар мавсумга шай ҳолатга келтирилди. Туман ва шаҳар электр таъминоти корхоналарининг тезкор-диспетчерлик гуруҳларида тезкор хизмат кўрсатиш электромонтёрлари ва диспетчерлар тун-у кун навбатчилик ташкил қилган. Улар томонидан мавсум давомида фавқулодда ҳолатлар натижасида электр тармоқ ва қурилмаларда содир бўладиган носозликлар тезкор бартараф этилиши таъминланмоқда.

Фото: Ҳудудий электр тармоқлари

Шунингдек, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ тизимида 1154 қисқа рақами ташкил этилган. Ушбу рақамга қилинган мурожаатлар ҳудудлараро тегишлилиги бўйича йўналтирилиб, белгиланган муддатларда муаммоларни бартараф этиш йўлга қўйилган.

Бир сўз билан айтганда вилоятдаги аҳоли хонадонлари, ижтимоий соҳа объектлари ва иқтисодиёт корхоналарини барқарор электр энергияси билан таъминлашга жамиятнинг барча ишчи-ходимлари, тезкор қутқарув бригадалари сафарбар этилган. Бу борадаги амалий саъй-ҳаракатлар эса истеъмолчилар талаб ва истакларини қондиришда муҳим аҳамият касб этяпти. Зеро, узлуксиз электр энергияси таъминоти одамлар кайфияти, уларнинг фаровон ҳаётини белгиловчи муҳим омиллардан саналади.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид