«Дарс соатлари қайта кўриб чиқилиши яхши бўлди» – президент билан учрашган ўқитувчи
Халқаро конгресс марказида таълим сифатини ошириш ва янги авлод дарсликларини жорий этишга бағишланган кўргазма-тақдимот бўлиб ўтди. Унда қатнашган педагоглар президент билан учрашув ҳақида ўз фикрлари билан бўлишди.
29 декабр куни Шавкат Мирзиёев Халқаро конгресс марказида таълим сифатини ошириш ва янги авлод дарсликларини жорий этишга бағишланган кўргазма-тақдимот билан танишди. Тадбир давомида президент илғор педагоглар билан учрашиб, уларнинг таклифларини тинглаган. Янги ўқув дарсликлари намойишида қатнашган ўқитувчилар тақдим этилган дарсликларнинг қандай афзаллиги борлиги ҳақида кузатишлари ҳақида ҳам гапириб беришди.
Мирзо Улуғбек тумани 142-мактабнинг биология ўқитувчиси Гуласал Мавлонова янги дарсликларда Халқаро олимпиадада тушадиган саволлар мавзуси ҳам бўлишига тўхталди:
– Дарсликларимиз ҳақиқатан ҳаётга тайёрлайдиган бўлиб чиқяпти. Халқаро олимпиада ҳақида мен гапиргандим. Халқаро олимпиада саволларида бизнинг миллий дастуримизга тўғри келмайдиган, бизда ўтилмайдиган, олий таълимнинг мавзулари сўралади. Ана шу нарсага кейинги авлод дарсликлари жавоб беради.
Чилонзор туманидаги 178-мактаб ўқитувчиси Раъно Тожибоева дарс соатлари қайта тақсимот қилинишини қўллаб-қувватлади:
– Тадбирда берилган 2та таклиф бизнинг мактабимизда бор. Фақат дарс соатларини кўриб чиқамиз дейишди. Шу гап жуда яхши бўлди. Айрим фанлар ҳисобига чет тили соатлари кўпаяди. 10-синфгача ҳар битта мактабдаги бола 2та тилни билиб чиқади. Бизнинг мактабда француз, немис тиллари 2-тил сифатида ўргатилади, фақат 1 соатдан. Агар соати кўпайса, 2та тилни ҳам ўргана олади. Қолаверса, бола битта тилни ўрганса, 2-тилни ўрганиши ҳам осон бўлади.
Чилонзор туманидаги 178-мактабнинг тарих фани ўқитувчиси Дилором Чоршанбиевна юқори синф дарсликларини ҳам тизимли янгилашга эҳтиёж борлигини айтган:
– 1-синфдан 5-синфгача дарслар ўзгариши 2023-2024 йил билан боғлиқ. Мен 7-синфларга дарсга кираман. 7-синфларда Ўзбекистон ва жаҳон тарихлари жуда ҳам чиройли, иллюстрациялар билан бойитилган. Ўқитувчиларнинг эътиборини тортди. Тарих фани дарсликлари ҳам ислоҳотга муҳтож. Ҳозир бошланғич таълимдаги дарсликлар билан кўргазмани айланиб чиқдик. Юқори синф дарсликларини ҳам шундай тизимли янгилашса, жуда яхши бўлар эди.
Мирзо Улуғбек туманидаги 49-мактабнинг бошланғич синф ўқитувчиси Умида Исмоилова бошланғич синф дарсликларининг янги нашрида болаларни зериктирмайдиган тасвирлар борлиги унинг эътиборини тортганини айтди:
– 49-мактабда 1996 йилдан бери бошланғич синф ўқитувчисиман. Ҳозирги келаётган ўқувчилар ақллироқ ва техникага биздан кўра кўпроқ тушунади. Олдинги дарсликлар ҳозирги давр болалари учун зерикарли бўлиб қолганди. Замонга мос эмас. Ҳозирги чиқаётган китобларда 4D тасвирлар, ҳар хил аудиоматнлар бор ва дарслик талаб даражасида деб ўйлайман. Олдинги китобни қарайдиган бўлсангиз, 1 китобни 5-6 йил тутишарди. Оқибатда китоблар аҳволи яхши бўлмасди. Янги дарсликларда болаларни қизиқтирадиган саволлар кўп.
Мавзуга оид
14:33 / 21.11.2024
Нега ўзбек ота-оналари боласини рус синфларига беради?
11:43 / 20.11.2024
2025 йилда 252 та янги боғча барпо этилади
15:13 / 18.11.2024
Ўзбекистон ва Қозоғистон таълимда қўшма дастурларни амалга оширишни муҳокама қиляпти
20:17 / 05.11.2024