Жамият | 11:58 / 30.12.2022
21011
3 дақиқада ўқилади

“Онам учун жигаримни бераман”— фарзандлари учун яшашга куч топаётган она ўкинчи

Гулмира болалигида вирусли гепатитнинг Б тури билан оғриган. Шу сабаб доимо уни авайлаб, эҳтиётлаб катта қилишган. Ота-онасининг яхши парвариши билан улғайган қиз оила қурди, уч нафар фарзандли бўлди.

“Доим вақтида даволатганмиз. Шу сабабдан ҳам аҳволи яхши эди. 2018 йилда қизимнинг касаллигига вирусли гепатитнинг Д тури ҳам қўшилибди. Бу қандай бўлди, билмай қолдик", дея гап бошлади Гулчеҳра опа.

“Ўшандан бери циррозга даволаниб келади. Куёвим, ҳаммамиз қўлимиздан келганча даволатяпмиз. 2021 йилда аҳволи оғирлашиб неча кунлаб жонлантириш бўлимида ётди. Икки маротаба операция қилдирдик.

Қизим бечора 15 кун уйида бўлса, 15 кун шифохонада. Мана энди қандли диабет ҳам қўшилди. Шифокорлар сўнгги чора сифатида Ҳиндистонда жигар алмаштириш операцияси қилдиришни айтишяпти.

Ўғли “Онам учун жигаримни бераман”, деб ҳамма текширувлардан ўтди. Анализ натижаларини Ҳиндистонга жўнатдик. Улар ҳам тасдиқлади. Фақат бундай катта операцияга ўзимизнинг қурбимиз етмаяпти.

Ўзим нафақадаман, турмуш ўртоғим оламдан ўтган. Отаси ҳаёт бўлганларида ҳам бунчалик қийналмасдик”, дея ўкинди онаизор.

Қизининг дардига шерик бўлаётган она тунлар ўлиб қолмадими деган қўрқув билан нафасига қулоқ тутиб мижжа қоқмайди. Ўзи азобланиб ётган қизи ҳам ўзидан ортиқ фарзандлари ҳақида қайғуради.

“Қандли диабетга даволаниш учун ётдим. Бир куннинг ўзида қорним шунақанги сув йиғдики, у чиққунча азобини тортиш қийин. Нафас олишингиз қийин, бировнинг ёрдамига муҳтож бўлиб қоласиз. Сизни кимдир ўтирғизиб, ёнбошингизга ўгириб қўйиши керак.

Битта қизим бор. Шу қизим учун яшашим керак. “Нима бўлса ҳам мен учун чидашингиз керак, мен учун яшашингиз керак” дейди. Жонлантириш бўлимида ётгандим. Қизим ўзи кўнгли бўш, сал нарсага йиғлайди. Лекин ўшанда олдимга шунақанги куч билан кирди, мен ўзим ҳайрон қолдим.

Сиз яхши бўлиб кетасиз, деди. Мен ўшанда қизим анча улғайганини ҳис қилдим”, дейди Гулмира умид билан.

Гулмира Абдуллаевага оид маълумотлар:

O‘zkard: 8600 1402 0959 0216

Humo: 9860 1701 0270 0888

Манзил: Тошкент шаҳри, Шайхонтоҳур тумани, Шофайз 45

Мавзуга оид