Шамол бўлмаса дарахт учи қимирламайди. Японияга ишга жўнатишдаги коррупцион уринишлар тасдиғини топмоқда
Фарғонада Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тизимидаги ходим талабадан таълим ташкилоти обрўсини тўкувчи видеомурожаат қилиб беришини сўраган. Бу каби “ўйин”лар мазкур таълим маркази очилган бошқа туманларда ҳам юз бераётган бўлиши мумкин.
Kun.uz ўзбекистонликларни чет элга юбориш билан боғлиқ муаммолар ҳақида кўрсатув қилганди. Унда Япония иш бозори баъзи сабабларга кўра Ўзбекистон учун ёпилиши мумкинлиги, бунда Жанубий Кореяга ишчи юбориш билан боғлиқ аввалроқ яратилган коррупцион схема Япония йўналишида ҳам татбиқ қилинаётгани аломатлари ҳақида сўз юритилганди. Хусусан президентга икки йил аввал презентация қилинган “Nippon Educational Academy Japan” компаниясининг Ўзбекистондаги бўлими фаолиятига қандай тўсқинлик қилинаётгани, бу билан охирги йилларда қилинган катта кўламдаги ишлар самараси йўққа чиқиши мумкинлиги айтилганди
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги кўрсатувга муносабат билдириб, вазирлик ўзи амалга ошираётган ишларни, кўрсатувдаги маълумотларга қўшилмаслигини маълум қилди ва “Nippon Academy”нинг камчиликларини келтирди.
Бу орада Kun.uz Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазиридан интервью олди (интервью тез кунларда омма эътиборига ҳавола этилади) ва унда вазир тизим яхши ишлаётгани, тилга олинган марказ фаолиятига тўсқинлик қилинмаётганини, кўрсатувда келтирилган ҳолат мавжуд эмаслигини айтди. Аммо...
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг Фарғона вилояти Тошлоқ тумани бандликка кўмаклашиш бўлими ходими “Nippon Academy” таълим маркази имтиҳонидан йиқилган талабага қўнғироқ қилиб, “таълим маркази мени яхши ўқитмади, шу учун имтиҳондан йиқилдим” деган маънода видеомурожаат олиб, жўнатишини сўраган. Рад жавобини олгандан кейин, бу сафар “яхши ўқитишган, фақат ўзим ололмаганман (имтиҳондан ўтишга билимим етмаган маъносида – таҳр.)” деган видеомурожаат қилиб, жўнатишини сўраган ва буни “тепадан сўрашяпти-да” деб изоҳлаган.
Тошлоқ туманидаги яна бир ҳолат: мазкур япон тили маркази имтиҳонидан йиқилган кишига бандликка кўмаклашиш бўлимидан қўнғироқ қилиниб, худди шундай – “марказ яхши ўқитмади, шу учун йиқилдим” деб видео ёзиб жўнатиш сўралган ва рад жавоб олинган. Бу киши билан ҳам боғландик, у япон тили ўқитувчиси яхши ўқитганини, услуби ҳам яхши эканини, фақат ёши каттароқ бўлгани сабаб, ёшларга етолмаётганини, бироз балл етмаганини, аммо негадир ундан бундай видео қилиб жўнатиши сўралганини айтди.
Бундан ташқари ушбу таълим ташкилоти ўқитувчиларига қўнғироқлар қилиниб, вазирлик бўлинмалари ходимлари улардан одатда сўрашмайдиган, қолаверса уларнинг ваколатига кирмаган ҳужжатларни сўрашган.
Бу ҳозирча фақат битта туман – Тошлоқдан бизга етиб келган маълумотлар. Шу тобда мазкур таълим маркази очилган кўплаб туманлардаги талабаларга ҳам бундай “илтимос”лар бўлаётганини тахмин қилиш мумкин.
Эслатиб ўтамиз, Kun.uz Жанубий Кореяга ишга бориш билан боғлиқ юзага келган ачинарли аҳвол ҳақида ҳамда бу коррупцион схемани Ўзбекистоннинг Япония меҳнат бозорига кириши соҳасида ҳам татбиқ этишга уринилаётгани ҳақида суриштирув қилганди. Мазкур ҳолат юзасидан бизга келаётган маълумотларни Бош прокуратурага тақдим қилишга тайёр эканимизни билдирамиз.
Шокир Шарипов
Мавзуга оид
21:12 / 20.11.2024
Санкт-Петербургда мигрантлар учун патент нархи 30 фоизга ошади
21:47 / 17.11.2024
Япония қирғоқларида 6,2 магнитудали зилзила содир бўлди
18:48 / 14.11.2024
Subaru космик телескопи ноёб ҳалқасимон галактикани аниқлади
21:18 / 13.11.2024