Ўзбекистон | 14:33 / 31.12.2022
22885
2 дақиқада ўқилади

Полвонлар қишлоғи — Эртош | Манзил

Бу қишлоқда кўпкари чопмайдиган 7 ёшдан 70 ёшгача эркакларни учратиш мушкул. Ўғил бола борки, болаликдан эшакда кўпкари чопади. Озгина ёши улғайгач тенгдошлари ўртасида отларда мусобақалашишни бошлашади. Бу маскан – қадимдан полвонлар юрти бўлиб келган Эртош. "Манзил" лойиҳаси бу сафар шу қишлоқ билан сизларни таништиради.

Эртош қишлоғи Тошкент вилояти Оҳангарон тумани Қурама тоғ тизмалари орасида жойлашган. Аҳолиси ўзбекларнинг қурама уруғига мансуб. Бу маълумотни билдиришимизга сабаб, улар билан илк танишганингиздаёқ ўзларининг қурама уруғига мансуб эканликларини фахр билан айтиб ўтишади. 

Қишлоқ тоғлар орасида жойлашгани сабаб ёзда салқин бўлади, қишда ёғган қор узоқ муддат сақланиб қолади. Аҳолиси чорвачилик ва боғдорчилик билан шуғулланади. Эсингизда бўлса, аввалроқ 13 ёшли чавандоз бола Суннатилла ҳақида видео тайёрлаган эдик. Айнан шу қаҳрамонимиз қор ёғганда бизни эшак кўпкарига чақиришни ваъда қилганди. Эртошга қор ёғди ва болакай бизни кўпкарига таклиф қилди. Тасодифни қарангки, биз борадиган куни, катта кўпкари ҳам ташкилланаётган экан, тўғри, отлар ва чавандозлар унчалик кўп эмас. Лекин томоша қилишга арзигулик. Қишлоқликлар кўпкарини кўкмара деб аташади.

Эртошда ўғил болалар ҳали тўғри юришни ўрганмасдан аввал отга миндирилади. 9-10 ёшидан бошлаб эшакда кўпкари чопишни бошлайди. Кимдир айтиши мумкин, буларнинг тенгдошлари компютер ва телефонларга муккасидан кетиб ўйин ўйнайди, булар шу билан машғул экан, деб. Бу болакайлар ҳам телефонда ўйин ўйнайди, лекин кўпкари бошланадиган бўлса, ҳар қандай ўйинни ташлаб кўпкари кўришга ёки ўзлари эшаклар билан кўпкари ўйнашга ошиқишади. 

Қишлоққа дам олишга келадиган бўлсак, бу ерда ёзнинг иссиқ кунларида одам гавжум бўлади. Асосан, Фарғона водийсидан кўп меҳмонлар келади. Қишда ҳам келишни тавсия берган бўлардик. Чунки бунақа манзара, бундай соддадил инсонлар билан, қалин қорда баҳру дилингиз яйрайди.

Тоҳиржон Турсунов, Боймирза Халилов,
Kun.uz'нинг “Манзил” лойиҳаси учун махсус.

Мавзуга оид