Жаҳон | 14:15 / 04.01.2023
7667
5 дақиқада ўқилади

Сеул кореялараро келишувни тўхтатиш билан таҳдид қилди

Юн Сок Ёл Пхенянга агар КХДР чегараларни бузиш билан яна бир провокацияга йўл қўйса, кореялараро келишувни тўхтатиб қўйиш билан таҳдид қилди.

Юн Сок Ёл / Фото: Getty Images

Корея Республикаси президенти Юн Сок Ёл Миллий хавфсизлик бошқармасига агар «Шимолий Корея ҳудудий яхлитликни бузувчи навбатдаги провокацияга йўл қўйса», 2018 йил 19 сентябрдаги кореялараро ҳарбий келишувни тўхтатиб туриш масаласини кўриб чиқишни топширди. Бу ҳақда Жанубий Корея президентининг жамоатчилик билан алоқалар бўйича катта котиби Ким Ин Хе маълум қилди. Унинг сўзлари 4 январь, чоршанба куни Yonhap агентлигида келтирилди. 

Агентликнинг таъкидлашича, бу изоҳ ўтган ҳафта Шимолий Корея учувчисиз самолётларининг Жанубий Корея ҳаво ҳудудига бостириб кирганига муносабат бўлган. 

Ёпиқ эшиклар ортида ўтган учрашувда Юн Сок Ёл Корея Республикаси президенти ҳузуридаги Миллий хавфсизлик бошқармаси, Миллий мудофаа вазирлиги, Корея Қуролли кучлари Бирлашган штаб бошлиқлари қўмитаси ва Мудофаа ривожланиши агентлигининг ҳисоботларини тинглади. 

Reuters хабар берганидек, Юн Сок Ёл Жанубий Корея ҳарбийларининг дрон ҳодисасига муносабатини танқид қилиб, қисман аввалги маъмуриятни 2018 йилги кореялараро келишувга таянганликда ва чегара ҳудудларида самарали ҳаракат қилмаётганликда айблади. 

Жанубий Корея давлат раҳбари мудофаа вазири Ли Жонг Сопга кузатув, разведка ва электрон уруш каби кўп мақсадли вазифаларни бажариш учун интеграциялашган дрон бўлинмасини шакллантиришни топширди. Бундан ташқари, президент тез аниқлаш қийин бўлган кичик дронларни оммавий ишлаб чиқариш тизимини яратишни буюрди. 

Ким Ин Хенинг сўзларига кўра, Жанубий Корея раҳбари жорий йилда «кўринмас» дронларни яратиш ва ишлаб чиқаришни тезлаштиришга, шунингдек, тезкор равишда душман дронларини йўқ қилиш тизимини яратишга қарор қилган. 
 
Президент Юн Сок Ёлнинг идораси 3 январь куни Жанубий Корея ва Қўшма Штатлар маълумот алмашиш ва Қўшма Штатлар ядро қуролига оид режаларини биргаликда амалга ошириш бўйича музокаралар олиб бораётгани ҳақида хабар берди. 

Ўз навбатида, Оқ уйдаги мухбирнинг бундай мулоқот бўляптими, деган саволига АҚШ президенти Жо Байден «Йўқ», деб жавоб берди. У бошқа тафсилотларни келтирмади. 

Кейинроқ Корея Республикаси президентининг жамоатчилик билан алоқалар бўйича катта котиби Ким Ин Хе шундай деди: «Reuters мухбири президент Байдендан тўғридан тўғри қўшма ядровий машғулотлар муҳокама қилиняптими ёки йўқми, деб сўраганида, у: «Йўқ», деб аниқ жавоб бериши керак эди. Ядро машғулотлари ядровий давлатлар ўртасида қўлланадиган атамадир», — деди Ким Ин Хе. 

«Жанубий Корея ва Қўшма Штатлар Шимолий Кореянинг ядровий қуролига жавоб бериш учун АҚШ ядровий имкониятларидан фойдаланиш билан боғлиқ ахборот алмашиш, биргаликда режалаштириш ва кейинги ўзаро режалар бўйича музокаралар олиб бормоқда», деди у. 

Европа ташқи алоқалар хизмати 2 январь куни КХДРни «ҳарбий кескинликни кучайтирувчи ҳаракатлар, жумладан, ракета учирилиши ва ўз чегараларидан ташқарига учувчисиз самолётлар ҳужуми»ни тўхтатишга чақирди. 

Брюссел «КХДР томонидан БМТ Хавфсизлик кенгаши резолюцияларини бузиш давом этаётгани ва унинг бундай ноқонуний хатти-ҳаракатларини давом эттириш ниятидан далолат берувчи сўнгги баёнотлари Шимолий Корея халқига фойда келтирмаслигига» ишонч билдирмоқда. 

Пхенян 1 январь куни яна қисқа масофага учувчи баллистик ракетани синовдан ўтказди, деб хабар берди Жанубий Корея ҳарбийлари. Бир кун олдин Шимолий Корея Япон денгизига учта қисқа масофали баллистик ракета учирди. Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин 28 декабрь куни КХДРда бўлиб ўтган ҳукмрон Корея Меҳнат партияси конференциясида 2023 йилда мамлакатнинг «ҳарбий қудратини мустаҳкамлаш» мақсадларини қўйди.

Сеул 2022 йил 26 декабрда КХДР учувчисиз учоқларининг келишига жавобан қирувчи самолётларни осмонга кўтарди. Дронлар икки Кореяни ажратиб турувчи ҳарбий демаркация чизиғини кесиб ўтди ва Пхажу, Кимпхо туманлари ҳамда Канхвадо оролида пайқалди, бу эса Сеул аэропортларида фуқаролик рейсларининг вақтинча тўхтатилишига сабаб бўлди. Жанубий Корея огоҳлантиришлар берди, огоҳлантирувчи ўқ узди, жанговар вертолётлар ва ҳарбий самолётларни ҳавога кўтарди. 

2022 йилда Шимолий Корея ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ ракета учирди, дея таъкидлади Reuters. Йил бошидан бери Пхенян 50 дан ортиқ ракета синовларини ўтказди. 

Икки Корея мудофаа вазирлари томонидан имзоланган 2018 йил 19 сентябрдаги келишув кескинлик ва ҳарбий тўқнашувлар хавфини камайтириш чораларини назарда тутади. Томонлар, хусусан, чегара ҳудудларида ҳарбий машғулотлар ва артиллерия ўқларидан холи ҳудуд яратишга келишиб олган. 

Мавзуга оид