Иқтисодиёт | 16:52 / 05.01.2023
73328
9 дақиқада ўқилади

2023 йилдан солиқ қонунчилигида нималар ўзгарди?

Давлат солиқ қўмитаси қўшилган қиймат солиғи, фойда солиғи, айланмадан олинадиган солиқ, аксиз солиғи ва жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича ўзгаришлар ҳақида маълумот берди. Kun.uz барчасини бир мақолага жамлади.

Фото: KUN.UZ

Қўшимча қиймат солиғи 

2023 йил 1 январдан бошлаб ҚҚС бўйича солиқ тўловчиларнинг тоифаси, солиқни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби, солиқ ҳисоботини тақдим этиш муддатлари ўзгармайди.

Солиқ ставкаси эса 15% дан 12 % гача пасайтирилди.

Қопланадиган (қайтариладиган) ҚҚС суммасининг асослилиги юзасидан камерал солиқ текширувини ўтказиш муддатлари 60 кундан 30 кунгача қисқартирилди.

2023 йилнинг 1 апрелидан қуйидагилар бўйича берилган имтиёзлар бекор қилинади: 

- Бюджет маблағлари ҳисобидан ҳар йиллик минерал хомашё базасини ривожлантириш ва қайта тиклаш давлат дастурлари доирасида кўрсатиладиган геология хизматлари бўйича айланма; 

- Почта маркалари, маркали откриткалар, конвертларни реализация қилиш бўйича айланма; 

- Бюджет маблағлари ҳисобидан бажариладиган илмий-тадқиқот ва инновацион ишларни реализация қилиш бўйича айланма; 

2023 йил 1 июлдан Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг қўриқлаш бўлинмалари хизматлари бўйича тақдим этилган имтиёзлар ҳам бекор қилинади.

ҚҚС бўйича бошқа ўзгаришлар

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки Вазирлар Маҳкамасининг қарорига асосан ҚҚС тўловчилар деб эътироф этилиши мумкин. 

ҚҚС гувоҳномасининг амал қилиш муддати тўхтатилганлиги муносабати билан ҳисобга қабул қилинмаган, ҳақиқатда олинган товар (хизмат)лар бўйича тўланган (тўланиши лозим бўлган) солиқ суммасига, гувоҳноманинг амал қилиш муддати тикланган тақдирда, солиқ тўловчида ва унинг харидорларида гувоҳноманинг амал қилиши тўхтатиб турилган давр учун тузатишлар киритилиши (ҳисобга қабул қилиниши)ни назарда тутувчи тартиб жорий қилинди. 

Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро давлат солиқ инспекциясида ҳисобда турадиган солиқ тўловчиларга товарларни импорт қилиш чоғида ҚҚС тўлови ҳисобига буджетдан қопланиши лозим бўлган ҚҚС суммаларини ўзаро ҳисобга олиш ҳуқуқи берилди. 

ҚҚСни ўзаро ҳисобга олиш солиқ ва божхона органлари томонидан автоматик режимда амалга оширилади. Бунинг учун ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиси бўлган солиқ тўловчи божхона-юк декларацияси (БЙД)ни расмийлаштираётганда импорт қилиш чоғида ҚҚС қопланиши лозим бўлган сумма ҳисобидан тўлангани тўғрисида белги қўйилиши лозим.

Фойда солиғи 

2023 йил 1 январдан солиқ тўловчиларнинг тоифаси, солиқ ставкалари, солиқни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби сақлаб қолинди.

2022 йил 1 ноябрдан товар (хизмат)ларни экспортга реализация қилишдан олинган фойдага, экспортдан олинган даромаднинг жами даромаддаги улушидан қатъий назар, 0% миқдоридаги солиқ ставкаси бўйича солиқ солиниши лозим. Бунда 2023 йил 1 январдан доимий муассасалар орқали Ўзбекистонда фаолиятни амалга оширувчи Ўзбекистон Республикаси норезидентларига хизматлар кўрсатишдан олинган фойда бўйича 0% миқдоридаги солиқ ставкаси қўлланилмайди. 

Қуйидаги ҳолларда фойда солиғи ставкасини 50% га пасайтириш ҳуқуқи берилади:

- 2022 йил 1 сентябрдан кейин биринчи марта фойда солиғини тўлашга ўтган АОС тўловчиларга – солиқ тўловчи солиқ тўлашга ўтган йилдан кейинги битта солиқ даври давомида, башарти пасайтирилган солиқ ставкаси қўлланадиган солиқ даврида солиқ тўловчининг жами даромади 10 млрд сўмдан ошмаган бўлса. 

Бунда мазкур солиқ тўловчилар солиқ базасини соддалаштирилган тартибда жами даромаднинг 25 фоизи миқдорида белгилашга ҳақли;

- 2022 йил 1 сентябрдан кейин жорий солиқ даври давомида жами даромади 1- марта 10 млрд сўмдан ошган солиқ тўловчиларга – башарти пасайтирилган солиқ ставкаси қўлланадиган солиқ даврларида жами даромад 100 млрд сўмдан ошмаган бўлса, жорий солиқ даври ва кейинги солиқ даври давомида. 

Пасайтирилган солиқ ставкаси ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқни ва аксиз солиғини тўловчиларга нисбатан, шунингдек солиқ тўловчи тугатилган ва (ёки) пасайтирилган солиқ ставкасини қўллаш учун солиқ тўловчининг товарларни (хизматларни) реализация қилишдан олган даромадларини икки ва ундан ортиқ тадбиркорлик субъектлари ўртасида тақсимлаш (бўлиш) далиллари аниқланган тақдирда қўлланмайди. 

Тоғ жинсларини олиб ташлаш ишлари истиқболни кўзлаб амалга оширилишини инобатга олган ҳолда, улар алоҳида амортизация активлари гуруҳига ўтказилди. Ушбу харажатлар мазкур амортизацияланадиган актив бўйича амортизация нормасини, бироқ 1 йилда жамғарилган харажатлар суммасининг 33 фоизидан ортиқ бўлмаган миқдорда қўллаш орқали солиқ тўловчининг жами даромадидан амортизация ажратмалари кўринишида чегирилиши назарда тутилган. 

Фаолиятни доимий муассаса орқали амалга оширувчи норезидент тасарруфида солиқ тўланганидан кейин қоладиган соф фойда дивидендларга тенглаштирилган ва унга 10% миқдоридаги солиқ ставкаси бўйича солиқ солиниши лозим бўлган.

Фаолиятни доимий муассаса орқали амалга оширувчи норезидент дивидендлар кўринишидаги даромадлар бўйича Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида назарда тутилган пасайтирилган солиқ ставкасини қўллашга ҳақли эканини назарда тутувчи аниқлаштириш киритилди.

Дивидендлар кўринишидаги даромадлар бўйича солиқ солиш масалаларига доир Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида бир нечта пасайтирилган солиқ ставкаси назарда тутилган бўлса, уларнинг энг паст бўлгани қўлланилади. 

Норезидентнинг монтаж қилиш ва (ёки) ишга тушириш-созлаш хизматлари ва бошқа шунга ўхшаш хизматларни кўрсатишини назарда тутувчи асбоб-ускуналарни сотиб олиш (сотиш) учун ташқи савдо контракти доирасида, кўрсатиладиган хизматлар қиймати алоҳида кўрсатилмаса, у ҳолда норезидентнинг солиқ солинадиган даромади бундай хизматларнинг бозор қийматидан келиб чиқиб аниқланади (илгари – асбоб-ускуналар қийматидан 20%).

Маълумотномани солиқ органига тақдим этиш муддати ўзгартирилди. Хусусан, 2023 йил 1 январдан солиқ тўловчи ушбу маълумотномани жорий чоракда олиниши кутилаётган фойда суммасидан келиб чиқиб кейинги чоракдаги биринчи ойнинг 15-санасигача (илгари 10-санасигача) тақдим этишга ҳақли

Жисмоний шахслардан олинадиган фойда солиғи ва ижтимоий солиқ бўйича қонунчиликка киритилган ўзгаришлар 

Ҳар икки солиқ турлари бўйича солиқ тўловчиларнинг тоифаси, солиқларнинг ставкалари, солиқларни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш (шу жумладан, ШЖБПҲГА 0,1% ўтказиш) тартиби сақлаб қолинди.

Жисмоний шахслар ўз даромадларини ипотека кредитларини сўндиришга йўналтирганда, бир вақтнинг ўзида турар жой қиймати (бугунги кунда 300 млн сўм) бўйича талабни бекор қилган ҳолда, ЖШОДС бўйича солиқ солинмайдиган даромад суммаси 15 млн сўмдан меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 80 бараваригача (ёки 920 000х80=73,6 млн сўм) оширилди. 

2023 йил 1 апрелдан жисмоний шахсларнинг ҳаётини узоқ муддатга суғурталаш ҳақини тўлашга йўналтириладиган жисмоний шахсларнинг даромадлари қисмида ЖШОДС бўйича имтиёзлар бекор қилинди.

Қатъий белгиланган миқдорларда солиқни тўловчи жисмоний шахслар (ЯТТ) учун ЖШОДС ставкаси 10% га индексация қилинди. 

ЖШОДС ва ижтимоий солиқ бўйича йиллик солиқ ҳисоботини тақдим этиш муддатларига ўзгартириш киритилди. 2022 йил якунларига кўра йиллик солиқ ҳисоботини 2023 йилнинг 15 февралидан кечиктирмай тақдим этиш зарур. 

ЖШОДСни ҳисоблаб чиқариш мақсадида жисмоний шахслар учун белгиланган ижара тўловининг энг кам ставкалари 10 фоизга индексация қилинди.

Аксиз солиғи бўйича қонунчиликка киритилаётган ўзгаришлар 

2023 йил 1 февралдан нефт маҳсулотлари ҳамда ишлаб чиқариладиган алкогол ва тамаки маҳсулотлари бўйича аксиз солиғи ставкалари 10 %га индексация қилинди. 

2023 йил 1 январдан бошлаб алкогол маҳсулотларини (кучсиз алкоголли ичимликлар бундан мустасно) ишлаб чиқаришда аксиз солиғи аксиз тўланадиган маҳсулот таркибидаги этил спиртининг улушидан келиб чиққан ҳолда ҳисоблаб чиқарилади. Бунда ишлаб чиқариладиган алкогол маҳсулотининг ўлчов бирлиги “литр” деб белгиланди (илгари “дал” эди).

2022 йилда ароқ, коняк ва бошқа алкогол маҳсулотларига аксиз солиғи ставкаси 1 дал учун 138 000 сўм (ёки 1 литр учун 13 800 сўм) миқдорида белгиланган эди. 

2023 йилда ушбу маҳсулотларга аксиз солиғи ставкаси аксиз тўланадиган товар таркибидаги сув қўшилмаган этил спиртининг 1 литри учун 34 500 сўм миқдорида белгиланмоқда. 

Масалан, ароқ таркибидаги этил спирти улуши 40% ни ташкил этади, 1 литр учун аксиз солиғи суммаси 13 800 сўмни (34 500 сўм х 40%), 2023 йил 1 февралдан эса индексацияни ҳисобга олган ҳолда – 15 200 сўмни (38 000 сўм х 40%) ташкил этади.

2023 йил 1 январдан қуйидагиларга аксиз солиғи ставкаси 5 бараварга оширилади ва 1 литр учун 7 450 сўмни ташкил этади:

- озиқ-овқат хом ашёсидан ректификацияланган этил спирти;

- эфиралдегидли фракциядан техник ректификацияланган этил спирти;

- асосий фракциядан этил спирти. 

2023 йил 1 январдан алкогол ва тамаки маҳсулотларини импорт қилишда аксиз солиғи ставкалари 5% га пасайтирилди.

Мавзуга оид