Ўзбекистон | 15:27 / 05.01.2023
10627
2 дақиқада ўқилади

Тошкент вилоятида “ДОК-1 МАКС”дан болалар заҳарланган, аммо ўлим ҳолати кузатилмаган

​​​​​​​Ижтимоий тармоқларда Тошкент вилоятида  “ДОК-1 МАКС” сабаб 2 ёшли бола вафот этгани ҳақидаги хабарлар тарқалди. Ҳудудда айнан шу дорини истеъмол қилиш сабаб 9 нафар бола заҳарлангани, аммо ўлим қайд этилмагани маълум қилинди.  

Фото: KUN.UZ

Тошкент вилояти ҳокимлиги маълумотига кўра, шу кунгача Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий марказининг Тошкент вилояти филиалига “ДОК-1 МАКС” сиропи истеъмол қилган ва заҳарланиш белгилари бўлган 9 нафар бола олиб келинган. Қайд этилишича, улардан 5 нафари соғайиб, уйига қайтарилган, 4 нафарининг аҳволи эса барқарор ҳолатда. “Уларга тегишли стандартлар асосида муолажалар давом эттирилмоқда”, – дейилади изоҳда.

Шунингдек, хабар қилинишича, ҳозиргача “ДОК-1 МАКС” препаратидан заҳарланиш туфайли ўлим ҳолати кузатилмаган.

“Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, ҳозирда ҳудудлардаги барча дорихоналарда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар вакиллари ва туман-шаҳар тиббиёт бирлашмалари ходимлари томонидан ўрганиш олиб борилиб, “Quramax” компанияси томонидан ишлаб чиқарилган дори воситалари йиғиштириб олинган. 

Аҳоли орасида дори-дармонларни шифокор кўрсатмасисиз, палапартиш истеъмол қилишнинг салбий оқибатлари бўйича шифокор ва патронаж ҳамширалари томонидан уйма-уй юриб, тушунтириш олиб борилмоқда. Бу жараёнда хонадонлардаги шахсий дори қутилари ҳам кўздан кечирилмоқда”, – дейилади расмий хабарда.

Эслатиб ўтамиз, шу йил 4 январда Сирдарё вилоятида “ДОК-1 МАКС” ва “Амбронол” дорилари етти нафар болага ножўя таъсир қилгани маълум қилинганди. 2 январда эса Фарғонада ҳам айнан шу препарат сабаб заҳарланиш аниқланганди.

Ундан олдинроқ, 2022 йилда эса Қашқадарёда 1 нафар, Самарқандда 18 нафар бола “ДОК-1 МАКС”дан вафот этганди.

Мавзуга оид