Жаҳон | 10:39 / 06.01.2023
4172
3 дақиқада ўқилади

Латвияда "Sputnik Литва" нашри бош муҳаррири қўлга олинди

"Sputnik Литва" нашри бош муҳаррири Марат Касем Европа Иттифоқи санкцияларини бузганликда гумон қилинмоқда. Россияда уни жосусликда ҳам гумон қилишаётгани айтилди.

Марат Касем / Фото: Sputnik / Nina Zotina

Латвия Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари Кремлга яқин бўлган "Sputnik Литва" ахборот агентлиги бош муҳаррири Марат Касемни қўлга олди. Бу ҳақда 5 январь, пайшанба куни махсус хизмат баёнотига асосланиб, Delfi ахборот портали маълум қилди.

Унга кўра, Касем 3 январь куни «Европа Иттифоқи санкциялари остида бўлган Кремль тарғибот ресурсини иқтисодий ресурслар билан таъминлашда гумон қилиниб» қўлга олинган. Ўз навбатида, «Sputnik Яқин шарқ» портали манбага таянмасдан, Касем жосусликда ҳам гумон қилинаётганини билдирди - ушбу моддага кўра, у 20 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин. Бошқа манбалар бу маълумотни ҳали тасдиқламади.

Касемнинг адвокати Имма Янсоненинг айтишича, у ҳали иш материалларини олмаган. 5 январь куни Рига суди Марат Касемга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини танлади.

Sputnik'ни ўз ичига олган «Россия сегодня» медиа-гуруҳи бош директори Дмитрий Киселев Касем Латвия фуқароси эканлигини, бир неча йилдан бери Москвада яшаб, ишлаб келаётгани, оилавий сабабларга кўра 30 декабрь куни Латвияга кетганини айтди. Киселев унинг қўлга олинишини «сиёсий таъқиб» деб атади.

Россия ТИВ расмий вакили Мария Захарованинг сўзларига кўра, олти ой олдин Касем Болтиқбўйи мамлакатлари расмийлари уни профессионал фаолияти учун таъқиб қилаётгани ҳақида шикоят қилган. Давлат хавфсизлик хизмати Delfi порталига «қўлга олинган Латвия фуқаросининг фаолияти узоқ вақт давомида кузатилганини» маълум қилди.

«Бу шахс Кремль томонидан назорат қилинадиган «Россия сегодня» агентлигининг ахборот ресурсларидан бирида ишлайди, у Кремль манфаатларига мувофиқ хабарларни тарқатади, жумладан, Латвия ва унинг иттифоқдош давлатларини мунтазам равишда обрўсизлантиради», — дейилади Давлат хавфсизлик хизмати хабарида. Идора санкция остидаги ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш тақиқланганини эслатиб ўтди.

2019 йил май ойи охирида Марат Касем Вилнюс аэропортида қўлга олинган эди - унинг ўзи таъкидлаганидек, «миллий хавфсизликка таҳдид» деган сабаб билан. Ўшанда унга беш йилга Литвага кириш тақиқланди. 2019 йил июль ойида Литва Радио ва телевидение комиссияси "Sputnik Литва" веб-сайтини муаллифлик ҳуқуқи бузилгани учун блоклашга қарор қилди. Литва Миллий радио ва телевидениеси Sputnik ўз сайтида унга тегишли мақолаларни ноқонуний ва унинг розилигисиз чоп этганини даъво қилди.

Март ойида, Россиянинг Украинадаги ҳарбий ҳаракатлари бошланганидан кейин Европа Иттифоқи Sputnik агентлиги ва RT каналининг ЕИда фаолиятини тақиқлаган эди. Тақиқ уруш охиригача ҳамда Россия ва унга алоқадор оммавий ахборот воситалари «Европа Иттифоқига қарши дезинформацион фаолият ва ахборот манипуляциясини тўхтатмагунча» амал қилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид