Фашистлар Германияси билан ҳамкорлик қилган СССР: Молотов – Риббентроп пактининг махфий қисмида қандай келишувлар бўлган?
1939 йил 23 август куни Москвада Иохим фон Риббентроп ва Вячеслав Молотов томонидан «Ўзаро ҳужум қилмаслик ҳақида» совет-герман шартномаси имзоланади. Молотов-Риббентроп пакти деб аталган бу шартноманинг махфий қисми ҳам бўлиб, унда томонлар Шарқий Европани биргаликда босиб олиш ҳақида келишиб олганди. Советлар бу махфий келишувни 1980-йилларнинг охиригача тан олмайди. Фақат 1989 йилга келиб СССР олий совети келишув Сталин ҳамда унинг атрофидагилар томонидан имзоланганини ва у совет халқининг хоҳиш-истакларини ифодаламаслигини маълум қилади.
Иккинчи жаҳон уруши тугагандан кейин унинг асосий ғолиби бўлган СССР бу уруш билан боғлиқ тарихни ўзи хоҳлаганидай турли ёлғонлар билан талқин қилган. Мактабларда, олий таълимда ўша ёлғонлар ўқитилган, илмий ишлар ёзилган.
Ана шу ёлғонлардан бири СССР Иккинчи жаҳон урушига 1941 йил 22 июнда Гитлер Германияси бу давлатга бостириб кирганидан кейин қўшилгани ҳақидаги гаплар. Аслида эса советлар урушига Германия билан имзоланган махфий келишувга мувофиқ 1939 йил 17 сентябр куни қўшилган эди.
1939 йил 23 август куни Москвада Германия ва совет иттифоқи ўртасида ўзаро ҳужум қилмаслик ҳақида шартнома имзоланади.
Имзоланган шартноманинг махфий қисми ҳам бор эди ва унда томонлар Шарқий Европани ўзаро тақсимлаб олишни келишиб олишганди.
Иккинчи жаҳон уруши бошлангунча (1939 йил 1 сентябр) Европадаги вазият
1933 йилда Германияда ҳокимият тепасига немис миллий-социалистик ишчилар партияси вакили Адольф Ҳитлер келади. Ўша йили Германия Женевада қабул қилинган қуролсизланиш бўйича конференцияни тарк этади.
Орадан бир йил ўтиб Ҳитлер ўзини фюрер деб эълон қилади ва мамлакат қуролли кучлари бош қўмондонига айланади. Шундан сўнг Германия зўр бериб қуроллана бошлайди.
Ҳитлер немислар олий ирқ эканини, бошқа миллатлар уларга тобе бўлиши ва хизмат қилиши лозимлиги ҳақидаги даъволарни илгари суради. Шу тариқа Германияда фашизм ғоялари тарғиб қилина бошланади.
1936 йилдан бошлаб Германия ўз қўшнилари Полша, Чехословакия Австрия каби давлатларга ҳудуд даъволари билан чиқади. 1938 йилга бориб немис қўшинлари Австрияни босиб олади ва унинг Германияга қўшилгани эълон қилинади.
Бироз ўтиб Чехословакиянинг Судет вилояти босиб олинади. Кейинроқ 1939 йил март ойида немислар Чехословакияни бир нечта ярим вассал ҳудудларга бўлиб ташлайди.
1939 йил сентябрда Германия ва СССР Полшани босиб олиб, бу давлат тугатилганини эълон қилишади. Шу тариқа, немисларнинг Полшага бостириб кирган санаси – 1939 йил 1 сентябр Иккинчи жаҳон урушининг бошланиши сифатида қайд этилади.
Молотов-Риббентроп пакти
Немислар Шарқий Европа давлатларини босиб олишни мақсад қилар экан, бунда уларга қўллов керак эди. Ўша пайтда Германия ташқи ишлар вазирлиги Франция, Буюк Британия ҳукумати билан музокаралар олиб боради. Аммо улар Германиянинг босқинчилик сиёсатига мутлақо қарши чиқишади.
Шундан сўнг немислар советлар билан музокара бошлашади. Музокаралар давомида маълум бўладики, СССР Шарқий Европадаги ўзига қўшни бўлган давлатларнинг маълум бир ҳудудларини босиб олиш эвазига, немисларнинг босқинчилик сиёсатига қарши эмас.
1939 йил 23 август куни Германия ташқи ишлар вазири Иохим фон Риббентроп Москвага учиб келади. У Москвада Сталин ва Молотов билан учрашади. Молотов ўша пайтда СССР ташқи ишлар халқ комиссари эди.
Сталин, Молотов ва Риббентроп иштирокида ўтказилган маросимда Германия ва СССР ўртасида «Ўзаро ҳужум қилмаслик ҳақида»ги шартнома имзоланади.
Шартномани ҳар икки давлат ташқи ишлар вазирлари Вячеслав Молотов ва Иохим фон Риббентроп имзолагани учун у тарихда «Молотов-Риббентроп пакти» деб аталади.
Ўзаро ҳужум қилмаслик ҳақидаги бундай шартномани Германия Полша билан 1934 йилда, Британия ва Франция билан 1938 йилда, Латвия, Литва, Эстония билан 1939 йилда имзолаган эди.
Аммо СССР билан имзоланган шартномада юқоридаги давлатлар билан имзоланган шартномалардан фарқли равишда махфий келишув (протокол) ҳам бор эди.
Кейинчалик, Сталиннинг таржимони сифатида шартнома имзолаш маросимида қатнашган Владимир Павлов шундай эслаганди:
«Музокаралар бошланганда Сталин «Бу шартномада қўшимча келишувлар бўлиши керак ва у ҳеч қаерда эълон қилинмаслиги лозим», деди».
Шартнома имзоланган заҳоти Риббентроп Ҳитлерга «келишув муваффақиятли якунлангани» ҳақида ёзиб юборади.
Шартноманинг эълон қилинган қисмида қўйидаги муҳим бандлар бор эди:
- 1-модда. Томонлар бир-бирига қарши тажовуз қилмаслик;
- 2-модда. Бошқа бир давлат томонлардан бирига ҳужум қилганда иккинчиси уни қўлламаслик;
- 4-модда. Томонлардан бири иккинчисига қарши тузилган иттифоққа кирмаслик;
- 5-модда. Томонлар ўзаро низоларни тинч йўл билан ҳал қилиш мажбуриятларини олади.
Шартноманинг бошқа моддаларида иқтисодий ва техник ҳамкорлик масалалари белгиланади.
Шартномани имзолаш пайтида Молотов ва Риббентропнинг ёнида Сталин ва яна бир қанча совет мулозимлари бўлган. Риббентропнинг ёнида ёрдамчиси Андор Хенке, Германиянинг СССРдаги элчиси Вернер Шуленбург ва таржимон бўлган.
Кейинчалик, Хенкенинг эслашича, шартнома имзолаш жараёнига совет журналистлари қўйилмаган. Рибентропнинг хоҳиши билан бир неча нафар немис журналистлари киритилган.
Шартнома имзолангандан сўнг Риббентроп шарафига зиёфат берилади. Унда Сталин ва Молотов навбати билан немис халқи шаънига мақтов ёғдиришади ва «ҳурматли меҳмон» шарафига қадаҳ кўтаришни таклиф этади.
Зиёфат охирида Сталин Риббертропга СССР шартнома шартларига амал қилишга жиддий қарашини таъкидлайди ва «Сўз бераман, совет иттифоқи ўз ҳамкорларини сотмайди», дейди.
Орадан бир ҳафта ўтиб, 1939 йил 31 август куни шартнома СССР олий кенгаши томонидан ратификация қилинади. Буни кутиб турган немислар эртаси куни Полшага ҳужум бошлайди.
Ғарб давлатларининг шартномага муносабати
Молотов-Риббентроп пакти имзолангач СССР Германияга кўп миқдорда нефт ва бошқа маҳсулотлар жўната бошлайди. Бу немисларнинг Полшага бостириб кириши ортидан Германияга қарши уруш эълон қилган Франция ҳамда Британия манфаатларига зид эди.
Шу сабабли улар шартноманинг иқтисодий ҳамкорлик ҳақидаги бандларига эътироз билдиришади ва СССРни Ҳитлерни очиқдан очиқ қўллаётганликда айблаб чиқишади.
СССР Германия билан бирга Шарқий Европа давлатларини босиб олгач, Франция ва Британиянинг советлар билан ўзаро алоқалари жуда ёмон кўринишга келади.
Аммо СССР раҳбарияти уларнинг танқидларига жавобан 1917 йил октябр тўнтаришигача Россияга тегишли бўлган ерларни қайтариб олаётганини айтади.
Шунингдек, Молотов-Риббентроп пакти имзоланганига Япония ҳам қарши чиқади. Бу давлат ўша пайтда Германиянинг яқин иттифоқчиси эди. «Дўст» Германиянинг «душман давлат» билан ўзаро ҳужум қилмаслик ҳақида шартнома имзолаши Узоқ Шарқда советлардан ер даъво қилаётган Япония манфаатларига зид эди.
Молотов-Риббентроп пактининг махфий қисми
Молотов ва Риббентроп томонидан имзоланган шартноманинг махфий қисмида ҳар икки давлат ўзаро ҳужум қилмаслик ҳақидаги келишувдан ташқари Шарқий Европадаги давлатларни тақсимлаб олиши ҳам белгиланганди.
Ўша пайтда шартноманинг асосий қисми эълон қилинади. Шарқий Европани ўзаро бўлиб олиш ҳақидаги махфий қисми эса сир сақланади.
Шартноманинг махфий қисмида Шарқий Европадаги давлатларнинг қайси ҳудуди кимга тегиши белгиланган эди. Жумладан, Болтиқбўйи давлатлари тўлиқ, Полша, Руминия, Венгрия ва Чехословакиянинг шарқий қисми СССРга, қолган қисми Германияга тегиши керак эди.
Воқеаларнинг ривожи шартномада келишилгандай давом эттирилади. Жумладан, Молотов-Риббентроп пакти» имзоланганидан қарийб 10 кун ўтиб, 1939 йил 1 сентябр куни Германия Полшага ҳужум қилади.
Орадан икки ярим ҳафта ўтиб 17 сентябр куни Полшага шарқдан совет армияси ҳам бостириб киради ва 1939 йил 5 октябргача бу давлатнинг 45 фоиз ҳудудини босиб олади. Қолган қисмини Германия эгаллайди. Шу тариқа дунё харитасидан мустақил бир давлат йўқ бўлади.
Полша тўлиқ босиб олингач, СССР ва Германия чегарадош бўлиб қолади. Шундан сўнг 1939 йилнинг 28 сентябрда «СССР билан Германия ўртасидаги дўстлик ва чегаралар ҳақида герман-совет шартномаси» имзоланади.
Советлар томонидан уни ҳам Молотов имзолайди ва шартномада Германия ва СССР ўртасидаги чегаралар аниқ белгилаб олинади.
1939 йил кузда совет армияси Чехословакия таркибида бўлган Подкарпат ўлкасига бостириб киради ва уни ўз таркибига қўшиб олади. Шунингдек, Руминиядан Бессарабия тортиб олиниб, СССР таркибида Молдавия ССР тузилади.
Шунингдек, 1939 йил 29 ноябр куни Совет армияси Финландияга бостириб киради. Қаҳратон қишда олиб борилган жангларда Финландия армияси ва фин халқидан ташкил топган партизанлар совет қўшинларига жуда катта талафот етказади.
Оқибатда, уруш бошланганига 100 кун бўлганда 1940 йил март ойида советлар Финландия билан мағлубиятга тенг сулҳ тузишга мажбур бўлади.
1940 йилда Болтиқбўйида жойлашган Латвия, Литва ва Эстония босиб олинади ва иттифоқдош республикаларга айлантирилиб, СССР таркибига қўшиб юборилади.
СССР Шарқий Европадан босиб олган ҳудудларнинг бир қисмини Украинага, яна бир қисмини Беларусга қўшиб беради. Полшанинг озроқ қисмини Литва ССРга беради.
Қизиғи шундаки, СССРнинг Шарқий Европада олиб борган босқинчилик урушлари аҳолидан яширилади. Улар ҳақида радио, газета ва журналларда хабар берилмайди. Фақат совет-фин уруши ҳақида маълумотлар айтилади.
Совет армиясининг Полшага бостириб киргани ҳақида СССР ТИВ раҳбари Молотов ўзи билмаган ҳолда гапириб қўяди.
1939 йил 31 октябр куни Молотов СССР олий совети сессиясида нутқ сўзлайди ва ана шу ерда илк марта Полша СССР ва Германия томонидан босиб олиниб, давлат сифатида тугатилганини айтади.
«Полшадаги ҳукмрон доиралар ўз давлати «мустаҳкамлиги» ва армияси «қудрати» ҳақида кўп мақтанган эдилар. Ҳолбуки, Версал шартномасининг мажруҳ боласи бўлган ва поляклардан бошқа миллатларни эзиш ҳисобига яшаб келаётган Полша учун дастлаб герман армияси томонидан, сўнг қизил армия томонидан берилган қисқа зарбанинг ўзи етарли бўлди», дейди Молотов.
Молотов Полшани «Версал шартномасининг мажруҳ боласи бўлган» деб, Биринчи жаҳон уруши тугагандан сўнг 1919 йил 28 июн куни имзоланган Версал тинчлик шартномасини назарда тутаётганди.
Ўшанда Октябр тўнтаришигача Россия империяси таркибида бўлган Полша мустақил давлат деб тан олинган ва унинг чегаралари белгиланганди.
Шунингдек, Молотов ўша нутқида немислар Полшага бостириб киргандан сўнг Германияга қарши уруш очган Франция ва Британияни ҳам мазах қилади:
«Барча мафкуравий тизимлар каби гитлеризм мафкурасини ҳам қабул қилиш ёки рад этиш сиёсий қарашларга боғлиқ. Аммо ҳар қандай киши яхши биладики, мафкурани куч билан йўқотиб бўлмайди, уни уруш билан маҳв этиш мумкин эмас. Шунинг учун ҳам «гитлеризмни йўқотиш» қабилида уруш олиб бориш бемаъниликдан ташқари жиноят ҳамдир», дейди у.
Молотовнинг сессияда сўзлаган нутқи газеталарда берилади ва шу тариқа одамлар Полша Германия ва СССР томонидан босиб олинганини билишади.
Молотов-Риббентроп пактининг махфий қисми нега яширилган?
СССР ва Германия ўртасида тузилган шартноманинг махфий қисми ошкор қилинмайди ва ундан барча бехабар қолади. Ғарб давлатлари СССР ва Германия томонидан Шарқий Европа давлатлари тақсимлаб олинишидан шубҳага тушишади. Аммо ўша пайтда уларнинг қўлида аниқ далиллар йўқ эди.
1945 йилда иттифоқчилар совет армияси билан бирга Берлинни эгаллайди. Ўшанда немисларга тегишли махфий архивнинг бир қисми иттифоқчилар қўлига тушади. Улар орасида Молотов-Риббентроп пактининг махфий қисмига доир айрим ҳужжатлар ҳам бор эди.
1945 йил 20 ноябрдан 1946 йил октябргача Германиянинг Нюренберг шаҳрида фашистлар Германиясининг юқори лавозимли ҳарбийлари устидан суд жараёнлари бўлиб ўтади.
Молотов-Риббентроп пактининг махфий қисми ҳақида илк бор шу ерда савол қўйилади. Аммо немислар ҳам совет вакиллари ҳам бу нарсани рад этишади.
Советлар фашистлар Германияси билан ҳеч қандай махфий келишув бўлмаганини таъкидлашади. Иттифоқчилар қўлидаги маълумотларни СССРнинг урушдаги ғалабасига соя солиш учун тайёрланган сохта ҳужжатлар дейишади.
Шу тариқа советлар 1980-йиллар охиригача Ҳитлер Германияси билан ҳамкорлик қилишганини тан олишмайди.
1980-йиллар охирида СССРда Молотов-Риббентроп пактининг махфий қисмини ўрганиш бўйича таниқли сиёсатчи Александр Яковлев бошчилигида комиссия ташкил этилади. Ўша йили махфий келишувнинг матни илк бор ошкор қилинади.
Шундан сўнг СССР олий совети депутатлари томонидан «Ўзаро ҳужум қилмаслик ҳақидаги совет-герман шартномасининг сиёсий ва ҳуқуқий баҳолари ҳақида»ги қарори қабул қилинади.
Қарордаги иккита бандда Германия ва СССР ўртасидаги махфий келишув ҳақида шундай гаплар бор эди:
«6. Германия билан махфий протоколлар бўйича музокаралар Сталин ва Молотов томонидан совет халқи, Компартия марказий комитети ва олий совет ҳамда ҳукуматдан яширин равишда олиб борилган. Шунингдек, махфий келишув матнлари ўша пайтда ратификация қилинган шартнома таркибидан яширин равишда чиқариб ташланган. Ўзаро ҳужум қилмаслик ҳақидаги шартноманинг махфий қисмини имзолаш тўғрисидаги қарор моҳиятан ва шаклда шахсий ҳокимият акти эди. Бу фитнали келишув учун совет халқи жавобгар бўлмайди ва у халқнинг иродасини ҳеч қандай тарзда акс эттирмайди.
7. СССР халқ депутатлари қурултойи 1939 йил 23 августдаги «Махфий қўшимча протокол» ва Германия билан бошқа махфий битимлар имзоланишини қоралайди. Съезд махфий протоколларни имзоланган пайтидан бошлаб қонуний асосга эга бўлмаган ва ҳақиқий эмас деб топади. Махфий протоколлар совет иттифоқининг учинчи давлатлар билан муносабатлари учун янги ҳуқуқий асос яратмайди. Сталин ва унинг атрофидагилар ўзларининг қонуний мажбуриятларини бузган ҳолда улардан бошқа давлатларга ултиматумлар ва кучли босим ўтказиш учун фойдаланилган».
2011 ва 2016 йилларда «Правда» газетасида махфий келишувнинг СССРда сақланган матни эълон қилинади. 2019 йилда «Тарихий хотира» фондининг сайтида келишув матнининг сканер қилинган варианти ҳам эълон қилинади.
СССР фашистлар Германияси билан иттифоқчи бўлганми?
Бугун аксарият тарихчилар СССР ва Германия ўртасидаги ўзаро ҳужум қилмаслик ҳақидаги шартномада «иттифоқчи» сўзи ишлатилмаган бўлса ҳам бу икки давлат иттифоқчи бўлган дейди.
Асосан россиялик ёки русийзабон бўлган аксарият тарихчилар буни рад этишади. Улар Германия ўзаро ҳужум қилмаслик ҳақидаги шартномани бошқа бир қатор давлатлар билан ҳам имзолаганини айтишади.
СССР ва Германия иттифоқчи бўлган дейдиганлар тарихий фактларга кўз ташлаш кераклигини ва уларда ҳаммаси ошкора ёзилганини айтишади.
Жумладан, 1939 йил 1 сентябр куни немислар Полшага бостириб кирганда бунга норозилик сифатида Франция ва Британия Германияга қарши уруш эълон қилади. СССР эса фашистлар билан ҳамкорликда Полшага ҳужум қилади.
1939 йил 9 сентябрда немис қўшинлари Варшавани эгаллаган куни Молотов Германия ҳукуматига табрик телеграммасини юборади.
Бундан ташқари, 1939 йил 21 сентябр куни Полша тўлиқ босиб олинганидан сўнг Вермахт қўшинлари билан қизил армия Брест шаҳрида ғалаба шарафига биргаликда ҳарбий парад ўтказади.
Кейинчалик 1940 йил апрелда немислар Норвегия ва Данияга бостириб кирганда ҳам Молотов Германия ҳукуматига «муваффақият тилаб» телеграмма юборади.
Шунингдек, Гитлер билан дўстона алоқаларда бўлиш тарафдори бўлган Молотов 1940 йил кузда Берлинга боради. У Германиянинг юқори лавозимлари шахслари қаторида Ҳитлер билан учрашади.
Молотовнинг мақсади Германия билан янада яқинроқ алоқалар ўрнатиш ва немислар СССРга бостириб киришининг олдини олиш эди. Аммо Ҳитлер Молотов билан СССРни қизиқтирган мавзуларда музокара ўтказишни рад этади.
Ўша пайтда СССР Германия билан иттифоқчи даражасида алоқалар ўрнатмаган бўлса-да, Ғарб давлатларига қараганда яқинроқ алоқаларга эга бўлган.
Қолаверса, Полша босиб олингандан сўнг 1939 йил 28 сентябрда «СССР билан Германия ўртасидаги дўстлик ва чегаралар ҳақида»ги совет-герман шартномаси имзоланган.
Юқоридагилардан шундай хулоса чиқариш мумкинки, ўша пайтда СССР фашистлар Германияси билан иттифоқдош бўлмаса ҳам яқин дўст мақомида бўлган. Бу «дўстлик» 1941 йил 22 июн куни немислар СССРга бостириб кирганча давом этган.
Россиянинг Молотов-Риббентроп пактидаги махфий келишувга муносабати
Сўнгги йилларда Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабага жуда катта эътибор қаратаётган Россия Молотов-Риббентроп пактидаги махфий келишувни қораламайди. Аксинча, уни тўғри қилинган иш деб билади.
2019 йилда Европа парламенти Молотов-Риббентроп пактини қораловчи резолюцияни қабул қилди. Резолюция Россия томонидан кескин танқид қилинди.
2020 йил июн ойида АҚШда чоп этиладиган «National Interest» консерватив нашрида Владимир Путиннинг мақоласи эълон қилинди. Унда Россия президенти Латвия, Литва ва Эстониянинг Молотов-Риббентроп пакти бўйича СССРга қўшиб олинишини ўша даврнинг халқаро ва давлат ҳуқуқ нормаларига мувофиқ бўлган деб ёзган.
Бундан ташқари, 2021 йил 17 сентябр куни Россия ташқи ишлар вазирлиги 1939 йилда совет армиясининг Полшага бостириб кириши «озод қилиш юриши» бўлгани ҳақида ёзиб чиқди (СССРнинг Полшага бостириб кирган кунига 82 йил бўлгани муносабати билан).
Россия ТИВга кўра, ўшанда совет қўшинлари Полшага бостириб кириб, «Минскка юриш қилмоқчи бўлган поляклар ҳужумларини қайтариб қолган». Шунингдек, Россия ТИВ «маҳаллий аҳоли совет қўшинларини жуда хурсандчилик билан кутиб олгани»ни таъкидлаган.
Аслида эса асрлар давомида хусусий мулкчиликка асосланган тузумда яшаб келган Ғарбий Беларус ҳамда Ғарбий Украина аҳолисини талончилик ва зўравонлик устига қурилган социалистик тузумга ўтказиш осон бўлмаганди.
Бугун Россия ташқи сиёсати 1939 йилда Полшадан тортиб олинган ҳудудларни поляклар 1920-21 йилларда Ғарбий Украина ва Ғарбий Беларусдан босиб олганини ва уларни қайтариш адолатли иш бўлганини таъкидлаб келади. Бу гапларни Путин ҳам бир неча марта айтган.
Аммо Полшанинг 1939 йилгача бўлган чегараси 1921 йилда Латвия пойтахти Ригада имзоланган совет-Полша шартномаси билан белгиланган эди.
1939 йилда немислар билан дўстона муносабатда бўлган советлар ана шу шартномада келишилган шартларни бузиб Полшага бостириб кирганди. Бугун Россия сиёсатчилари бундай тарихий фактларни тан олишмайди.
Ғайрат Йўлдош тайёрлади.
Мавзуга оид
15:13
ГФР Нетаняҳуни ҳибсга олишга берилган ордер оқибатларини ўрганмоқда
11:10 / 22.11.2024
Меркел мемуарида РФга нисбатан сиёсатини ҳимоя қилиб чиқди
19:39 / 21.11.2024
СССР тарихидаги энг йирик ўғрилик: қатл этилган амакиваччалар
13:43 / 21.11.2024