Ўзбекистон | 15:06 / 07.01.2023
33498
10 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда гуллаб-яшнаётган дорихона бизнеси ва издан чиққан тиббиёт — хориждаги шифокорлар билан суҳбат

Ўзбекистонда “Док-1 Макс” препаратидан болалар заҳарланди. Бугунгача 20 нафар бола ҳаётдан кўз юмди, яна бир қанча болаларнинг аҳволи оғирлигича қолмоқда. Kun.uz хорижда фаолият юритаётган ўзбекистонлик шифокорларнинг бу ҳолат юзасидан фикрлари билан қизиқди.

Суҳбатдошларимиз – Қувайтдаги “Ал-жабр ал-Аҳмад” шифохонаси реаниматологи Жаҳонгир Жўраев, Англияда умумий амалиёт шифокори бўлиб фаолият юритаётган юртдошларимиз Ниҳола Мадалиева ва Умиджон Мадалиев.

“Муаммонинг кўтарилиши бундан кейинги ўлимларнинг олдини олади”

Умиджон Мадалиев, Буюк Британия Қироллик қошидаги Умумий амалиёт шифокорлар уюшмаси аъзоси, шифокор:

— Юртимиздаги бу ҳолатни эшитиб қайғуга тушдик. Фарзандларини йўқотган ота-оналарга чуқур таъзия билдирамиз. Фарзанд йўқотиш ниҳоятда оғир, лекин нажот кутиб турган боласига бу дорини ўз қўли билан берган ота-оналар аҳволини тасаввур қилишимиз қийин. Бу халқимиз учун трагедия.

Бу ҳолатга олиб борувчи факторлар бир нечта: аввало Ўзбекистондаги соғлиқни сақлаш тизими нотўғри ишлаётгани, дориларга жудаям берилиб кетиш, билиб-билмасдан ҳар қандай дорини истеъмол қилиш, Ўзбекистонга кираётган дорилар етарлича текширувдан ўтказилмаётганида деб биламан.

Жаҳонгир Жўраев, Қувайтдаги “Ал-жабр ал-Аҳмад” шифохонаси реаниматологи:

— Бу фожиада шифокорларни айблаш нотўғри деб ҳисоблайман. Бу фармацевтика соҳасидаги масъулларнинг ўз ишига масъулиятсизлигидан дейиш мумкин. Болаларнинг ўлими билан шу муаммо кўтарилди. Яхшиямки муаммо кўтарилди – кўтарилмаслиги ҳам мумкин эди. Муаммони кўтарган шифокорларимизга тасанно айтган бўлардим. Шу кунгача бунақа муаммолар Ўзбекистон тиббиётида кўтарилмасди. Ёпиғлиқ қозон ёпиғлигича қолиб кетиши мумкин эди. Муаммо кўтарилиши – бундан кейинги ўлимларнинг олди олинишининг белгиси.

Лекин бу муаммони кўтарган шифокорларни жазолаш ёки қарама-қарши фикр билдириш, уларни ишдан бўшатиш келгусида юз бериши мумкин бўлган муаммолар ёпилиб кетишига олиб келади.

“Ўзбекистон телеканалларида дорилар рекламасини кўриб ҳайратда қолдик”

Ниҳола Мадалиева, Буюк Британия Қироллик қошидаги Умумий амалиёт шифокорлар уюшмаси аъзоси, шифокор:

— Бундан 15 йил аввал Ўзбекистонда ишлаганимда дориларга бу қадар ўчлик йўқ эди. Дорихоналар бизнеси ҳам бунчалик гуллаб-яшнамаган эди. Буни рағбатлантираётган, кўпайишига сабаб бўлаётган нарса – дорилар назоратсиз, эркин ҳолатда Ўзбекистон бозорига кириб келиши деб ўйлайман. Шифокорлар дори ёзганда битта эмас, бир нечта дорини ёзади, кўп ҳолларда томчи дорилар ҳам бўлиши шарт. Бу ўз-ўзидан дорихоналар қўзиқориндай кўпайишига олиб келди.

Яна битта омил – бу дорилар рекламаси.

Яқинда ватанимизга борганда телевизорда бирор кўрсатувни тузукроқ кўрганимиз йўқ. Ҳар 5-10 дақиқада рекламалар, уларнинг катта қисми эса дорилар рекламасидан иборат. Буни кўриб ҳаттоки фарзандларим ҳам шунча кўп дори ичилишидан ҳайрон қолишди.

Шу нарсаларнинг ўзи бу маркетни рағбатлантиради. Айниқса таниқли одамлар рекламада чиқишлари бунга янада ишонч уйғотади. Шулар сабаб бизда дориларга ўчлик бор.

Жаҳонгир Жўраев:

— Яна бир сабаб – шифокорлар моддий томондан етарли рағбатлантирилмагани. Бу гап тагида жуда катта маъно бўлиб, оч шифокор ўз манфаати учун касбидан фойдаланишни бошлайди ва бундан сўнг фармацевтика билан келишувлар, кераксиз дорилар сотуви ўз-ўзидан кўпаяди. Бунга шифокор эмас, уни моддий рағбатлантирмаган ташкилот айбдор деб ҳисоблайман. Биз ҳам олдин шу ҳолатни бошимиздан ўтказганмиз ва ҳозирги кунда чет элда бундай рағбатлантириш ортиғи билан бўлгани учун бизда бу каби саволлар умуман учрамайди ва ҳаттоки бу ҳақда ўйламаймиз, асосий фикримиз фақат бемор ҳақида бўлади ва унинг ҳолатига қараб қарор қабул қиламиз.

Ўзбекистонда айнан ҳозирги вазиятда шунча йил умрини кетказиб ўқишади, шунча пул, вақтини сарфлаб етук шифокор бўлишгандан кейин уларда ҳам орзу-истакларини амалга ошириш учун хоҳиш пайдо бўлади ва бу – улар фармацевтлар билан келишиб ишлашига ёки коррупция йўлига кириб кетишига муҳим бир омил бўлади. Агар бу ҳолат тўғриланмаса, айнан ана шу соҳада ўсиш бўлмайди. Бу – энг биринчи сабаб.

Иккинчи сабаб бу – шифокорлар собиқ иттифоқ давридаги даволаш услубидан фойдаланиши. Бу масалани бир неча бор тушунтиришга ҳаракат қилдим, аммо буни ўзбекистонлик шифокорлар тушунишмади. Биз ҳам бир вақтлар ана шу қонун-қоидалар ва ўрганган билимларимиз билан чет элга келганимизда бу ердаги даволаш услуби худди хатодек кўринган, аммо кейинчалик бу энг тўғри йўл эканини тушуниб етганмиз. Эътибор билан қарасак, собиқ даврда жуда кўп кераксиз дорилар ёзилган. Ҳаттоки бу дорилар бемор учун фойда бўлмаса ҳам, омма юзини кўрган. Лекин Америка, Буюк Британия ва шу каби давлатларда ҳар бир бемор учун алоҳида протокол тузилади ва ҳар бир дори протоколдан ўтиб тасдиқлангандан сўнг унга тавсия этилади. Шу сабабли ҳам бизда шифокорлар фикри 90 фоиз бир-бирига яқин чиқади. Ўзбекистонда эса бунинг тескариси: ҳамма шифокор фикри ҳар хил, уларнинг барчаси умуман бир-бирига яқин бўлмаган дорилар ёзиб беришади. Буни ўзгартириш осон эмас. Таълим тизимидан бошлаб, шифокорлар дунёқарашини таг-тугидан ўзгартиришимиз керак. Бу ердаги дорихоналарда дорилар жуда оз ва жуда содда миқдорда сотилади. Қўшимча микроэлементлар, витаминлар топиш мумкин. Лекин дорилар сотувида жуда катта чиғириқлар мавжуд.

***

Буюк Британияда ишлаётган шифокорларнинг таъкидлашича, у ерда дориларнинг ножўя таъсиридан огоҳлантирувчи ташкилот бор. Бундан бемор ҳам, шифокор ҳам хабардор бўлади ва агар бу дори беморга ёмон таъсир қилса, у ташкилотга хабар бериш ҳуқуқига эга. Хабар бериши шарт, чунки бу ерда дорилар тез-тез назорат қилинади. Шунинг учун ҳам дорихоналарда эркин савдо йўқ. Шифокорларга эса фармацевтик босим ўтказилмайди.

 “Халқимизда “Билимсиз шифокор кам дори ёзади” деган тушунча шаклланган”

Жаҳонгир Жўраев:

— Доридан заҳарланиш ҳолатида дориларнинг эркин савдосига эътиборсизлик қилиб, ҳар қандай дорининг катта миқдорда сотилишига рухсат берган шахсларни айбдор деб биламан. Бу айсбергнинг бир учи. Чунки текширув вақтида заҳарланмаган, аммо кераксиз дориларга рухсат бериб юборилган бўлиши эҳтимоли йўқ эмас. Чунки ўзим жуда кўп маротаба бунинг гувоҳи бўлганман. Қандай қилиб: Ўзбекистондаги дориларнинг кўпчилигини беморга берасиз ва у таъсир қилмайди, бунинг сабаби нотўғри таркиб ёки нотўғри дозада истеъмол қилиш бўлиши мумкин. Шу сабабли биз кўп маротаба текширувлар олиб борганмиз, бунинг натижасида катта фарқлар келиб чиққан. Ўзбекистонда ўта кучли дорилар истеъмоли уларнинг сифатига нисбатан шубҳа уйғотади. Ўзимнинг соҳамдан келиб чиққан ҳолатда гапирадиган бўлсам, бизда беморга наркоз бериш вақтида 10-15 хил кенг сервис мавжуд бўлиб, сиз беморнинг ҳолатига кўра унга мос келадиган доридан фойдаланишингиз мумкин. Аммо Ўзбекистонда сизга мутахассислар томонидан келган доридан фойдаланишга мажбурсиз. Бу қайсидир маънода сизнинг шифокорлик фаолиятингизни чеклаб қўяди.

Дунё ривожланган мамлакатлари фойдаланаётган айрим дорилар ҳали Ўзбекистонга кириб бормаган. Нимага деб сўрасангиз, у ҳали юқоридаги мутахасислар томонидан тасдиқланмаган ва шу сабабли бу дорилардан фойдаланиш мумкин эмас. Бу логикага тўғри келмайдиган ҳолат.

 “Чақалоқлар ўлими сабоқ бўлиши керак”

Умиджон Мадалиев:

— Оила аъзоларимиз тез-тез бизга шифокор ёзиб берган рецептларни юборишади ва ростдан ҳам у ерда бир дорининг 3-4 хили ёзилган бўлади. Битта дорини бошқа номлардаги варианти, таркиби эса бир хил бўлади.

Бу вазиятда беморнинг ҳам фикри муҳим рол ўйнайди, чунки агар шифокор унга кам дори ёзиб берса у: “Бу шифокор ҳеч нарсани билмас экан, менга кам дори ёзиб берди”, деган фикрга боради. Ушбу вазиятда шифокор мажбурлигидан ҳам кўп дори ёзиб бериши мумкин. Бизда одамлар врачга борса-ю, 4 ёки 10та дорини ёзиб берса ва шуни боласига берса-ю, бола бирданига тузалиб қолса. Ҳаётда мўъжиза йўқ, ҳамма нарсага вақт керак. Маълум инфекция кетиши учун маълум муддат керак. Буни уларга тушунтира билиш зарур.

Ўзбекистондаги соғлиқни сақлаш тизими йўлини йўқотган локомотивга ўхшайди. Ўзи борадиган бекатни йўқотиб қўйган. Манзил бошқа ёқда, лекин локомотив бошқа томонга қараб кетяпти. Уни бошқараётган ҳайдовчи ҳам ўзи билмайди бекат қаердалигини. Ичидаги шифокорларни кондукторлар деб қарасак, улар ичидаги аҳолини дуч келган жойда тушириб юбориш билан овора.

Бу вазиятни тўғрилаш учун Ўзбекистонда жуда катта ишлар қилиниши зарур ва бунинг учун ҳозирдан ҳаракатни бошлаш керак. Акс ҳолда бундан-да оғир вазият бўлиши мумкин. Ва энг муҳими, бутун тизимни энг бошидан ўзгартириш керак.

Энг асосийси, ана шу гўдак чақалоқлар ўлими бекор кетмаслигида. Агар халқимиз бу вазиятдан керакли сабоқни олса ва ушбу хатоларни бошқа такрорламаса, мақсадга мувофиқ иш бўлар эди.

Гулмира Тошниёзова суҳбатлашди.
Тасвирчи – Нуриддин Нурсаидов.

Мавзуга оид