Жаҳон | 20:47 / 11.01.2023
14411
8 дақиқада ўқилади

«Кимнинг вориси ким?». Корея яримороли 2023 йилда янги кескинлик ҳудудига айланиши мумкинми?

2022 йил Шимолий Корея учун рекорд ўрнатилган йил бўлди, мамлакат ушбу йилда олдинги йилларга қараганда кўпроқ ракета учирди. 2022 йилда учирилган ракеталар Шимолий Кореянинг бутун тарихида учирилган ракеталарнинг тўртдан бир қисмига тенг бўлди. Давлат етакчиси Ким Чен Ин сентябр ойида КХДР ядровий давлатга айлангани ва бу мақомни сақлаб қолиш ниятида эканини маълум қилди.

Пхенянда янги йил байрами. Фото: GETTY IMAGES

Пхеняннинг фаоллиги Корея яриморолидаги кескинлик кучайишига олиб келди. Охирги бор бундай таранглик 2017 йилда юз берганди, ўшанда АҚШ президенти Доналд Трамп Шимолий Кореяга «олов ва ғазаб» билан таҳдид қилган эди.

2023 йилда бизни нима кутмоқда?

Ядро қуроли

2022 йилда КХДР ўзининг қурол-яроғ арсеналини кенгайтиришда сезиларли ютуқларга эришди. Йил бошида Пхенян Жанубий Кореяга ҳужум қилиш учун мўлжалланган қисқа масофали ракеталарни синовдан ўтказишни бошлади, кейинроқ эса Японияга ҳужум қилиш учун мўлжалланган ўрта масофали ракеталар синовига ўтилди.

Йил охирига келиб Пхенян режими ўзининг энг кучли қитъалараро баллистик ракетаси — «Хвасон-17»ни синовдан ўтказди. Япония бу ракета АҚШ ҳудудигача учиб бориши мумкинлигини тасдиқлади.

Ким Чен Иннинг ядровий таҳдидлари янада тажовузкор тус олди. Сентябрь ойида Шимолий Кореянинг янги ядровий мақоми ҳақида гапирар экан, у ядровий қурол энди шунчаки ҳимоя воситаси эмаслигини, Пхенян урушда ғалаба қозониш учун биринчи навбатда ундан фойдаланишга тайёрлигини айтди.

Йил охирига келиб, у ўзининг ҳукмрон Ишчилар партиясининг юқори мартабали аъзоларини 2023 йил учун мўлжалланган режалар билан таништириш учун йиғди.

Кимнинг биринчи навбатдаги мақсадлари рўйхати бошида ядро арсеналининг «экспоненциал ўсиши» туради. Бу ғоя, Ким айтганидек, Жанубий Корея билан урушда қўлланиши мумкин бўлган нисбатан кичик тактик ядро қуролларини ишлаб чиқаришни ўз ичига олади.

«Бу Ким Чен Ин мурожаатининг энг жиддий қисми эди», дейди Карнеги жамғармаси эксперти Анкит Панда.

2022 йил ноябрида Шимолий Корея ўз тарихидаги энг кучли қитъалараро ҳаракатланувчи баллистик ракета синовини ўтказганди.
Фото: KCNA

Тактик ядро қуролларини ишлаб чиқариш учун Пхенян биринчи навбатда кичик ракетага ўрнатилиши мумкин бўлган нисбатан кичик ядровий каллак ясаши керак.

Дунё ҳали Шимолий Корея буни уддалаганига бирон ишора кўргани йўқ. Ғарб разведка агентликлари йилнинг катта қисмини бундай ракетанинг синовдан ўтказилишини кутиш билан ўтказди, аммо бу юз бермади. Эҳтимол, биринчи синовлар 2023 йилда бўлиб ўтади.

Шунингдек, Ким янги йил мурожаатида у баҳорда учирмоқчи бўлган айғоқчи сунъий йўлдош ва АҚШга қисқа вақтда етиб борадиган, оғирроқ, қаттиқ ёқилғида ҳаракатланадиган қитъалараро ракета ҳақида ҳам айтиб ўтган.

Шундай қилиб, 2023 йил ҳам 2022 йилга ўхшаш бўлишини тахмин қилиш мумкин. Пхенян БМТ санкцияларига қарамай, ядро қуролларини доимий синовдан ўтказиш, ядровий арсеналини такомиллаштириш ва кенгайтиришни давом эттиради.

Ва бу аллақачон бошланди — Янги йил кириб келгандан уч соат ўтгач Шимолий Корея янги йилдаги биринчи ракетасини учирди.

«Келгуси йилдаги учиришларнинг аксарияти ракета синовлари бўлмаслиги, балки жанговар машғулотлар бўлиши ҳам мумкин – КХДР эҳтимолий можарода ўз ракеталаридан фойдаланишга тайёрланмоқда», дейди Анкит Панда.

Музокаралар бўлиши мумкинми?

Янги йилга бундай кенг кўламли режалар билан қадам қўйган Шимолий Корея етакчиси АҚШ билан музокаралар олиб боришга вақт топа олиши қийин. Шимолий Кореяни ядросизлантириш бўйича музокараларнинг сўнгги раунди 2019 йилда барбод бўлди ва ўшандан бери Ким уларга қайтиш истагини кўрсатмади.

Кимдир у музокаралар столида максимал устунликка эришмоқчи дея ҳисоблаяпти. Шимолий Корея АҚШ ва Жанубга жиддий зарар етказиши мумкинлиги ҳақидаги барча шубҳаларни йўққа чиқармагунча, Ким Чен Ин ўз шартлари бўйича музокара олиб бора олмайди.

Бунинг ўрнига Шимолий Корея ўтган йил давомида Россия ва Хитойга яқинлашди.

«Мамлакат ўз ташқи сиёсатининг устувор йўналишларини тубдан ўзгартираётган бўлиши мумкин», дейди 20 йил давомида АҚШ ҳукуматининг Шимолий Корея бўйича таҳлилчиси бўлган Рейчел Мин-Юн Ли.

Яриморолдаги кескинлик

Айни пайтда Корея яриморолида яна таранг вазият юзага келмоқда.

Шимолнинг ҳар бир провокациясига Сеул, баъзида АҚШ мунтазам жавоб қайтармоқда.

Ҳаммаси ўтган йилнинг май ойида, Жанубий Кореянинг янги президенти сайланиши билан бошланди. Янги президент Юн Сеок Ёль Пхенян билан муносабатларда куч ишлатишга кўпроқ эътибор қаратишга ваъда берди ва Кимни тўхтатишнинг энг яхши йўли ҳарбий куч эканини қайта-қайта таъкидлади.

У қайтадан АҚШ кучлари иштирокидаги кенг кўламли денгиз манёврларини ўтказишни бошлади, Шимол бунга янги ракеталарни учириш билан жавоб берди.

Шундай қилиб, ҳарбий манёврлар ва уларга жавоблар айланаси бошланди. Ҳар икки томон чегаралар бўйлаб ҳарбий самолётлар парвозлари ва акваториянинг турли қисмларини артиллериядан ўққа тутиш амалиётини амалга оширди.

Ким янги йилда ҳам ядро арсеналини ривожлантириш устида иш олиб бормоқчи. Фото: KCNA

Охирги кескинлик ўтган ҳафта, Шимолий Кореянинг бешта дрони кутилмаганда Жанубий Корея ҳаво ҳудудига учиб ўтганида юз берди. Ракетага қарши мудофаа тизимлари уларни уриб тушира олмади, бу Жанубий Корея мудофаасидаги заиф нуқтани фош қилди ҳамда Шимолий Кореянинг ҳарбий ҳаракатларига одатда ваҳима қилмасдан муносабат билдирадиган жанубликларни хавотирга солди.

Жанубий Корея президенти мамлакат Пхенян провокацияларига муносиб жавоб беришини айтди.

Risk Korea Group нодавлат ташкилоти раҳбари Чад Чед О'Кэрроллнинг айтишича, 2023 йилда кескинлашув икки давлат ўртасида тўғридан тўғри ҳарбий можарога айланиши ва оқибатда инсонлар ҳалок бўлиши мумкин.

«Шимол ёки Жанубнинг жавоб ҳаракатлари тасодифан ёхуд билвосита ўзаро ўққа тутишга айланиб кетиши мумкин», дейди у.

Ягона хато ва вазият кескинлашув спиралида назоратсиз равишда тезлашиб кетади.

Шимолий Кореянинг ичидаги вазият

Яна бир муҳим савол — 2023 йилда шимолий кореяликларни нима кутмоқда?

Улар уч йил пандемия туфайли маҳкам ёпилган чегара ортида яшади. Коронавирус сабаб мамлакат барча халқаро савдони вақтинча тўхтатди.

Гуманитар ташкилотларнинг фикрича, бу озиқ-овқат ва дори-дармонларнинг жиддий танқислигига олиб келган. Ўтган йил Ким мамлакатдаги озиқ-овқат инқирози ҳақида гапирган эди. КХДР расмийлари бундай воқеаларни камдан кам тан олади.

2022 йил май ойида Шимолий Корея мамлакатда коронавирус тарқалганини тан олди, бироқ май ойидаёқ вирусни енгишга муваффақ бўлганини эълон қилди.

2023 йил, КХДР ниҳоят Хитойга ўз чегараларини очадиган ва унинг маҳсулотларини ўз бозорига киритадиган йил бўладими?

Ноябр ойида Ким илк бор ўз қизини дунёга кўрсатди. Фото: KCNA

Очиқ маълумотларга қараганда, КХДР Хитой чегараси яқинида яшовчи аҳолини вакцинация қилмоқда.

«Бироқ Шимолий Корея соғлиқни сақлаш тизими ҳолатини ҳисобга олсак, хавф сақланиб қолади», дейди Мин-Юн Ли.

«Агар КХДР иқтисоди тўлиқ таназзулга юз тутмаса, пандемия бутун дунё бўйлаб, айниқса Хитойда тўлиқ тугамагунча, у ўз чегараларини тўлиқ очиши даргумон», дея қўшимча қилган Ли.

Шунингдек, Кимнинг вориси ким бўлиши мумкинлиги ҳақидаги ишораларга ҳам эътибор қаратиш лозим. Бу ҳақда ҳеч қандай очиқ баёнотлар берилмаган, бироқ Ким яқинда биринчи марта дунёга ўзининг қизи Ким Жу Э’ни кўрсатди.

У учта ҳарбий тадбирда отасининг ёнида кўриниш берди. Янги йилда унинг янги фотосуратлари нашр этилди. Кўпчилик айнан у вақт ўтиши билан Ким Чен Иннинг вориси бўлишини тахмин қилмоқда.

Мавзуга оид