Жаҳон | 14:01 / 12.01.2023
4490
2 дақиқада ўқилади

Украина Россиянинг Соледар эгаллангани ҳақидаги баёнотини рад этди

Россия кучларининг Соледар тўлиқ эгаллаб олингани ҳақидаги баёнотлари ҳақиқатга тўғри келмайди, деб хабар берди Украина Қуролли кучларининг Шарқий гуруҳи вакили Сергей Череватий «Суспильне» телеканалига берган интервьюсида. 

Фото: IMAGO

«Россияликлар Соледар уларнинг назорати остида эканини айтишяпти, бу ҳақиқат эмас. Тафсилотлар Бош штаб хулосасида, кутинг», - деб маълум қилди у.

Ўз навбатида, Украина Қуролли кучларининг Стратегик алоқа бошқармаси Евгений Пригожиннинг «Вагнер» ХҲКнинг россиялик ёлланма аскарлари Соледар бутун ҳудудини назорат қилаётгани ҳақидаги баёнотини ёлғон маълумот ва психологик операция деб атади. 

«Афтидан, Пригожиннинг жойлашуви ҳақидаги маълумот ҳақиқатга тўғри келмайди ва у Соледар конларида ҳам эмас. Пригожиннинг пиарчи ходимларидан ёлғон маълумот ва психологик операция элементи маҳбуслар орасидаги ақл бовар қилмас йўқотишларни қандайдир тарзда оқлаш учун ички аудиторияга қаратилган», - деб ҳисоблайди Украина Қуролли кучлари.

Бундан олдин «Вагнер» ХҲК асосчиси, россиялик тадбиркор Евгений Пригожин Соледарнинг бутун ҳудуди эгаллаб олинганини эълон қилганди. 

«Шаҳар марказида вазият ўта кескин шаклланган, у ерда жанглар кетмоқда. Асирга олинганлар сони эртага маълум қилинади», - деди у «ВКонтакте» ижтимоий тармоғидаги «Конкорд» компанияси саҳифасида. 

Пригожиннинг алоҳида таъкидлашича, Соледарга ҳужумда «Вагнер» ХҲКдан ташқари бошқа ҳеч қандай бўлинма қатнашмаган. 

РИА «Новости»нинг хабар беришича, россиялик ёлланма аскарлар Соледардаги туз конларини эгаллаб олган. Агентлик ихтиёрида тегишли фотосуратлар мавжуд, уларда Евгений Пригожиннинг ўзи ҳам бор.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид