Ўзбекистон | 22:44 / 13.01.2023
3951
2 дақиқада ўқилади

2022 йилда тадбиркорларга нисбатан 21 мингга яқин қонунбузилиши содир этилган

Бизнес-омбудсман томонидан амалга оширилган ишлар ҳақида ахборот берилди.

2022 йилда тадбиркорларга нисбатан 20 928 та қонунбузилиши ҳолати содир этилган. Бу ҳақда Бизнес-омбудсман ахборот хизмати раҳбари Жамшид Ҳасанов маълум қилди. 

Йил давомида тадбиркорлик субъектларидан Бизнес-омбудсманга жами 9850 та мурожаат келиб тушган бўлиб, 4319 та ҳолатда (48 фоиз) тадбиркорнинг ҳуқуқлари тикланган, қолган мурожаатлар бўйича ҳуқуқий тушунтириш берилган. 

Келиб тушган мурожаатларнинг 18 фоизи солиққа оид, 14 фоизи ер, кадастр ва архитектура билан боғлиқ, 14 фоизи банк, кредитга боғлиқ, 9 фоизи инфратузилмага оид, 6 фоизи суд ва бошқа масалаларидаги мурожаатларга тўғри келади. 

Тадбиркорларга нисбатан содир этилган қонунбузилиши ҳолатлари юзасидан 2591 та таъсир чораси қўлланилиб, шундан 2126 мансабдор ва масъул шахсларга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомалар расмийлаштирилган ва 5,1 млрд сўм жарима чораси қўлланган. 

Маъмурий ҳуқуқбузарликлар билан боғлиқ 797 та ҳолатда жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш, 675 та ҳолатда тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш, 414 та ҳолатда давлат хизматлари кўрсатиш соҳасидаги қонун ҳужжатларини бузиш, 240 та ҳолатда бошқа ҳуқуқбузарликларга тўғри келади. 

Маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишлар ҳудудлар кесимида энг кўпи Наманган вилоятида (243 та), Самарқанд вилоятида (205 та), Тошкент шаҳрида (189 та) ва Қашқадарё вилоятида (183 та) қайд этилган. 

Ушбу кўрсаткич соҳалар кесимида Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати тизимида 321 та, Солиқ идораларида 250 та, Қурилиш вазирлиги тизимида 194 та ва Агросаноат мажмуаси устидан назорат қилиш инспекцияси тизимида 179 тага тўғри келди.  

Шу билан бирга, тадбиркорлар манфаатларини кўзда тутувчи 51,3 миллиард сўмлик даъволар судга киритилган. 

Амалга оширилган ишлар натижасида ноқонуний қабул қилинган 198 та қарор ва ҳужжат бекор қилиниб, 123 нафар масъул шахс интизомий жавобгарликка тортилган, тадбиркорларнинг 436 гектар ер майдонига бўлган мулк ҳуқуқи тикланган. 

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид