Ўзбекистон | 09:48 / 16.01.2023
4686
2 дақиқада ўқилади

Давлат хизматчилари фаолиятини баҳолаш услуби тасдиқланди

Фото: Shutterstock

Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги директорининг “Давлат фуқаролик хизматчилари фаолиятининг самарадорлигини энг муҳим кўрсаткичлар асосида баҳолаш услубиятини тасдиқлаш тўғрисида”ги буйруғи қабул қилинди.

Тасдиқланаётган услубиёт давлат хизматчиларини устамалар қўллаш ва лавозими бўйича кўтариш мақсадида уларнинг фаолиятининг самарадорлигини аниқлаш тартибини белгилайди.

Давлат органида ҳар бир лавозим учун аниқ, ўлчанадиган, эришиш мумкин бўлган, бажариш муддатига эга бўлган самарадорликнинг энг муҳим кўрсаткичлари тасдиқланади.

Давлат хизматчисининг самарадорлик кўрсаткичи баллар бериш орқали баҳоланади:

  • 60 баллгача –қониқарсиз;
  • 60-80-балл – қониқарли;
  • 80-100-балл – яхши;
  • 100 балл ва ундан юқори – аъло

Қуйидаги ҳолатларда баҳолаш ўтказилмайди:

  • давлат хизматчиси ишга қабул қилинганига 3 ой тўлмаганда;
  • давлат хизматчиси таътилда бўлган даврда;
  • давлат хизматчиси малака оширишда, хизмат сафарида бўлганида;
  • давлат хизматчиси идоралараро ишчи гуруҳларга жалб қилинганида.

Давлат хизматчиси фаолиятини баҳолаш натижасига кўра «яхши» ва «аъло» деб баҳоланган тақдирда давлат органи раҳбари томонидан қуйидаги қўшимча рағбатлантириш чоралари қўлланилиши мумкин:

  • биринчи навбатда лавозимда ўстириладиган номзодлар қаторига киритиш;
  • лавозимда ўстириладиган потенциал номзодлар қаторига киритиш;
  • малака даражасини навбатдан ташқари бериш;
  • номоддий тусдаги рағбатлантириш;
  • берилган интизомий жазо чорасини олиб ташлаш;
  • бошқа рағбатлантириш чоралари.

Мавзуга оид